Ҳаворийлар Кириш
Кириш
Мазкур китоб муаллифи Луқодир, бу унинг иккинчи китобидир. Унинг биринчи китоби “Луқо баён этган муқаддас Хушхабар” деб аталган. Муаллиф Луқо бу Хушхабарда Исонинг фаолияти ва таълимотини батафсил баён этади. Мазкур китобда эса у ўз ҳикоясини давом эттириб, ҳаворийларнинг фаолиятини изчил ёритади.
Китобнинг туб мағзи Исонинг шогирдларига айтган қуйидаги сўзларида акс этган: “Муқаддас Руҳ сизларни қамраб олганда, куч–қудратга тўласизлар. Қуддусда, Яҳудия ва Самарияда, ер юзининг ҳамма бурчакларида сизлар Менинг шоҳидларим бўласизлар” (1:8). Китобда Исо Масиҳни ўликдан тирилтирган Худонинг қудратига ва Муқаддас Руҳнинг фаолиятига катта урғу берилади. Китобни “Муқаддас Руҳнинг ҳаворийлар орқали кўрсатган фаолияти” деб номласа ҳам бўлади.
Бу китобда кўплаб давлатлар тилга олингани боис, дастлабки ўқишда китобнинг ягона мақсади Масиҳ ҳақидаги Хушхабарнинг ёйилишини тасвирлаб беришдир, деб ўйлашимиз мумкин. Аммо муаллиф бу китобни ёзишда бундан–да буюкроқ мақсадни кўзлаган. Исо Масиҳ самога кўтарилиб кетгандан кейин, Унинг шогирдлари бир қатор муаммоларга дуч келганлар. Энг катта муаммолардан бири “Худонинг халқига қўшилишга кимнинг ҳақи бор?” деган савол эди. Исо Масиҳ ва унинг биринчи шогирдлари яҳудий бўлганлари сабабли, Хушхабар фақатгина яҳудийларга қаратилган, деб ўйлашлари табиий эди. Аммо ҳаворий Филип Хушхабарни Самарияликларга олиб боргандан кейин ва ҳаворий Бутрус Рим юзбошиси Корнилийнинг уйига ташриф буюргандан сўнг, масиҳийларнинг бу мавзудаги тушунчаси ўзгара бошлайди. Улар, Исо Масиҳ яҳудийларни ҳам, ғайрияҳудийларни ҳам гуноҳларидан халос қилишга келган, деган хулосага келишади. Худо ҳар бир миллат ва халқни Исо Масиҳга ишонишга чорлайди.
Ҳаворий Павлуснинг шарофати билан Масиҳ ҳақидаги Хушхабар дунёнинг кўп жойларига етиб боради. Павлус Масиҳга имон келтиришдан олдин, фарзий мазҳабига мансуб бўлиб, ўша даврнинг машҳур Таврот тафсирчиси, Олий кенгаш аъзоси Гамалиёлнинг шогирди эди. Таврот қонунини мукаммал билган Павлус яҳудий динини жон–жаҳди билан ҳимоя қилади, у Масиҳ жамоатини#жамоат — Исо Масиҳга ишонган одамлар назарда тутилган. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ЖАМОАТ сўзига қаранг. аёвсиз таъқиб этади. Бироқ Исо Масиҳ ваҳийда Ўзини Павлусга аён қилгандан кейин, Павлус Исонинг содиқ шогирдларидан бирига айланади. Шундан сўнг Павлус Рим империясининг деярли ҳамма ҳудудларида Хушхабарни ваъз қилади. У ҳатто дунёнинг ўша замондаги энг буюк шаҳри Римга етиб бориб, шоҳлару ҳукмдорларга Масиҳ тўғрисидаги Хушхабарни айтади.
Мазкур китобга бир нечта ваъз киритилган. Бу ваъзлар ёрдамида биз ўша даврдаги масиҳийларнинг дунёқарашини теранроқ англаб оламиз, уларнинг жамиятдаги ижтимоий зиддиятларга бўлган муносабатини кўрамиз. Бу зиддиятларга яҳудий ва бутпараст халқларнинг удумлари, Рим ҳукумати ва Юнон маданияти мисол бўлиб хизмат қилади. Бироқ китобдаги воқеалардан кўриниб турибдики, Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарнинг ёйилишини ҳеч ким ва ҳеч нарса тўхтата олмайди, ҳеч қандай зиддият унга тўсқинлик қила олмайди.
Selectat acum:
Ҳаворийлар Кириш: ЎзбМК
Evidențiere
Partajează
Copiază
Dorești să ai evidențierile salvate pe toate dispozitivele? Înscrie-te sau conectează-te
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020