Ибтидо 28
28
28–БОБ
1Шундай қилиб, Исҳоқ Ёқубни чақиртириб, уни дуо қилди ва шундай маслаҳат берди:
— Канъонлик қизларга уйланма. 2Ҳозироқ Паддон–Орамга#28:2 Паддон–Орам — 25:20 изоҳига қаранг. — бобонг Батувалнинг хонадонига жўна. У ерда тоғанг Лобоннинг қизларидан бирортасига уйлан. 3Қодир Худо барака бериб, сени кўпайтирсин. Сенинг наслингдан кўп халқлар келиб чиқсин. 4Худо Иброҳимга ваъда қилган баракасини сенга ва сенинг наслингга ато қилсин. Биз ҳозир мусофир бўлиб яшаётган, Худо Иброҳимга берган шу юрт сенинг мулкинг бўлсин.
5Шундай қилиб, Исҳоқ Ёқубни жўнатди. Ёқуб Паддон–Орамга — Орамлик#28:5 Орамлик — Паддон–Орамда истиқомат қилган одам (25:20 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг). Батувалнинг ўғли, тоғаси Лобонникига кетди.
Эсов бошқа хотинга уйланади
6-7Эсов эшитдики, отаси Ёқубни дуо қилиб, уни Паддон–Орамга жўнатибди. Ёқуб ота–онасининг гапларига итоат этиб, Паддон–Орамга кетибди. Отаси Ёқубга: “Ўша ердан уйлангин”, дебди, “Канъонлик қизларга уйланма”, деб огоҳлантирибди. 8Канъонлик хотинлари отасига ёқмаслигини Эсов тушуниб етди. 9Эсов амакиси Исмоилнинг хонадонига борди ва хотинлари устига, Иброҳим ўғли Исмоилнинг қизларидан бирига уйланди. Янги хотинининг исми Махалат эди. Махалатнинг Наваёт#28:9 Наваёт — Исмоилнинг тўнғич ўғли (25:13 га қаранг). деган акаси ҳам бор эди.
Ёқуб Байтилда туш кўради
10Ёқуб Бершеба шаҳридан чиқиб, Хорон#28:10 Хорон — 11:31 изоҳига қаранг. томонга қараб кетди. 11У бир жойга етиб келганда, кун ботган эди. Шунинг учун ўша ерда тунашга тўхтади. У бир тош топди–да, тошни бошининг остига қўйиб ухлагани ётди. 12Бир пайт у тушида бир зинапояни#28:12 зинапоя — ёки нарвон (шу бобнинг 13–оятида ҳам бор). кўрди. Зинапоянинг пасти ерга, тепаси эса осмонга тегиб турганмиш. Худонинг фаришталари зинапоядан чиқиб, тушаётган эмишлар. 13Зинапоянинг ёнида#28:13 Зинапоянинг ёнида… — ёки Ёқубнинг ёнида… ёхуд Зинапоянинг тепасида…. Эгамиз турган эмиш. Эгамиз Ёқубга шундай дебди:
— Мен бобонг Иброҳимнинг, отанг Исҳоқнинг Худоси — Эгангман. Ҳозир сен ётган ер ўзингники бўлади. Бу ерни сенга ва сенинг наслингга бераман. 14Сенинг наслинг ернинг қуми сингари сон–саноқсиз бўлади. Улар ғарбу шарққа, шимолу жанубга қараб ер юзига ёйилиб кетадилар. Ер юзидаги ҳамма халқлар сен ва сенинг наслинг орқали барака топади. 15Шуни билгинки, Мен сен билан биргаман, қаерга бормагин, Мен сени сақлайман. Шу юртга сени яна қайтариб олиб келаман. Мен сени ҳеч қачон тарк этмайман, берган ваъдаларимни охиригача бажараман.
16Ёқуб уйғониб кетди ва: “Ҳақиқатан ҳам Эгамиз шу ерда экан, мен эса буни билмабман”, деди. 17У қўрқиб кетди: “Бу жой Худонинг уйи экан, самога очиладиган дарвозанинг ўзи! Нақадар қўрқинчли–я бу жой!” деди.
18Ёқуб саҳарда турди. Бошининг остига қўйган тошни олиб, ёдгорлик қилиб ўрнатди. Кейин ёдгорлик тошининг устидан Худога атаб зайтун мойи қуйди. 19Илгари бу жойнинг номи Луз эди. Ёқуб эса бу жойга Байтил#28:19 Байтил — ибронийчадаги маъноси Худонинг уйи. Байтил Қуддусдан қарийб 19 километр шимолда жойлашган. деб ном берди. 20Сўнг Ёқуб қуйидагича қасам ичди: “Агар Худо мен билан бирга бўлса, борадиган шу йўлимда мени асраса, менга ризқ–рўзимни ва кийим берса, 21отамнинг хонадонига эсон–омон қайтариб олиб келса, Эгам менинг Худойим бўлади. 22Мен ёдгорлик қилиб ўрнатган шу тош Худога сажда қиладиган жой бўлади. Худо менга берган ҳамма нарсанинг ўндан бирини ушр қилиб албатта бераман.”
Valið núna:
Ибтидо 28: ЎзбМК
Áherslumerki
Deildu
Afrita
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020