Ибтидо 29
29
29–БОБ
Ёқуб Лобоннинг уйига келади
1Ёқуб йўлида давом этиб, ниҳоят, шарқдаги юртга етиб келди. 2У даштда бир қудуқни узоқдан туриб кўрди. Қудуқ ёнида уч тўп пода ётарди. Чорва шу қудуқдан суғорилар, қудуқнинг оғзи каттакон тош билан ёпиб қўйиларди. 3Чўпонлар ҳамма қўй–эчкиларни у ерга ҳайдаб келганларидан кейин, қудуқнинг оғзидаги тошни суришиб, қўйларни суғоришарди–да, қудуқнинг оғзини яна ўша тош билан беркитиб қўйишарди.
4Ёқуб чўпонларнинг олдига бориб, улардан:
— Биродарлар, қаерликсизлар? — деб сўради.
— Хоронданмиз#29:4 Хорон — 11:31 изоҳига қаранг., — деб жавоб беришди улар.
5— Лобон деган одамни танийсизларми? — деб сўради Ёқуб, — у Нахўрнинг набираси бўлади.
— Ҳа, таниймиз, — деб жавоб беришди чўпонлар.
6— Лобон тинч–омонми? — деб сўради Ёқуб.
— Яхши, — деб жавоб беришди чўпонлар. — Ана, унинг қизи Роҳила ҳам қўйларини ҳайдаб шу ёққа келяпти.
7— Сурувни бир жойга тўплабсизлар, лекин ҳозир пайти эмас–ку, оқшомгача ҳали эрта! — деди Ёқуб. — Қўйларни суғориб, ўтлатгани қайтариб олиб бормайсизларми?
8Чўпонлар шундай жавоб беришди:
— Ҳамма сурувни бу ерга тўплаб, тошни қудуқнинг оғзидан сурганимиздан кейингина қўйларни суғорамиз.
9Ёқуб чўпонлар билан гаплашиб турганда, Роҳила отасининг қўйларини ҳайдаб келиб қолди. Роҳила чўпонлик қиларди. 10Ёқуб тоғаси Лобоннинг қизи Роҳилани ва унинг қўйларини кўрди. Қудуқ ёнига бориб, қудуқ оғзидаги тошни сурди–да, тоғасининг қўйларини суғорди. 11Кейин Роҳилани ўпди, хурсандлигидан кўзларига ёш келди.
12— Мен отангнинг жияниман, амманг Ривқонинг ўғлиман, — деб Ёқуб ўзини таништирди.
Роҳила югуриб бориб, отасига хабар берди.
13Лобон, синглимнинг ўғли келибди, деб эшитди–ю, ўша заҳоти, Ёқубни кутиб олишга шошилди. Ёқуб билан қучоқлашиб кўришди. Лобон Ёқубни уйига олиб келди. Ёқуб бошидан кечирганларини тоғасига айтиб берди.
14— Сен менинг жигаримсан, оиламнинг бир аъзосисан, — деди Лобон.
Ёқуб Лобонга Роҳила ва Леах учун хизмат қилади
Ёқуб Лобонникида бир ой тургандан кейин, 15Лобон унга деди:
— Сен менинг қариндошим бўлсанг ҳам, текинга ишламаслигинг керак. Айт–чи, хизмат ҳақингга нима истайсан?
16Лобоннинг икки қизи бўлиб, каттасининг исми — Леах, кичигиники — Роҳила эди. 17Леахнинг кўзлари чиройли#29:17 чиройли — ёки чақнамаган, яъни сўник., Роҳила эса ҳар жиҳатдан гўзал — юзи чиройли, қадди–қомати келишган эди. 18Ёқуб Роҳилани севарди, шунинг учун: “Мен сизга кичик қизингиз Роҳила учун етти йил хизмат қилиб бераман”, деди.
19Шунда Лобон унга деди:
— Майли, розиман, қизимни бегонага берганимдан кўра, сенга берганим яхши–ку. Меникида қолавер.
20Шундай қилиб, Ёқуб Роҳилага қалин учун етти йил хизмат қилди. Лекин Ёқубнинг Роҳилага бўлган севгиси шунчалик кучли эдики, етти йил бир неча кундай туюлди.
21Ниҳоят, Ёқуб Роҳилага уйланадиган пайт ҳам келди.
— Мен шартни бажардим, — деди Ёқуб Лобонга. — Энди қизингизга уйланишимга ижозат беринг.
22Лобон бутун юрт аҳолисини тўплаб, зиёфат берди. 23-24Лекин ўша куни кечаси Лобон Роҳиланинг ўрнига, тўнғич қизи Леахни Ёқубга берди. Леахга хизмат қилсин деб, Лобон ўзининг Зилпо деган чўрисини Леахга берди. Ёқуб Леахнинг ёнига кирди. 25Ёқуб эрталаб туриб қараса, ёнида Леах ётибди!
— Бу нима қилганингиз?! — деди Ёқуб ғазабланиб Лобонга. — Мен сизга етти йил Роҳила учун хизмат қилдим–ку! Нимага мени алдадингиз?
26— Бизнинг юртдаги одат бўйича, катта қиздан олдин кичиги турмушга берилмайди, — деб жавоб берди Лобон. 27— Бир ҳафтада бу қизимнинг тўйи тантанаси тугайди, кутиб тур. Агар менга яна етти йил хизмат қилиб берадиган бўлсанг, хизматинг эвазига кичкинасини ҳам сенга бераман.
28Ёқуб рози бўлди. Бир ҳафтадан кейин Ёқуб билан Леахнинг тўйи тантанаси тугади. Лобон Роҳилани ҳам Ёқубга берди. 29Лобон ўзининг Билхах деган чўрисини қизи Роҳилага берган эди. 30Шундай қилиб, Ёқуб Роҳиланинг ёнига кирди. У Леахдан кўра, Роҳилани кўпроқ яхши кўрарди. Ёқуб Лобонга яна етти йил хизмат қилиб берди.
Ёқубнинг фарзандлари
31Ёқуб Леахга кўнгилсиз эканини Эгамиз кўриб турарди. Шунинг учун У Леахни туғишга қодир қилди, Роҳила эса бефарзанд ўтаверди. 32Леах ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. У: “Эгам менинг бахтсизлигимни кўрди, энди эрим менга албатта кўнгил қўяди”, деб ўғлининг исмини Рубен#29:32 Рубен — ибронийчадаги маъноси Кўриб қўй, ўғил! Бу исмнинг баъзи оҳанглари ибронийчадаги у менинг бахтсизлигимни кўрди ва менга кўнгил қўяди ибораларида ишлатилган. Шу сабабдан Леах ўз ўғлига Рубен деб исм қўйган эди. қўйди. 33Леах ҳомиладор бўлиб, яна ўғил туғди. “Эрим менга кўнгилсизлигини Эгам эшитиб, яна бир ўғил берди”, деб ўғлининг исмини Шимўн#29:33 Шимўн — ибронийчадаги эшитди сўзига оҳангдош, бу исмнинг баъзи оҳанглари ибронийчадаги эрим менга кўнгилсиз иборасида ишлатилган. қўйди. 34Леах яна ҳомиладор бўлди ва яна ўғил туғди. У: “Эримга учта ўғил туғиб бердим, энди у албатта менга боғланиб қолади”, деб ўғлининг исмини Леви#29:34 Леви — бу исм ибронийчадаги боғланиб қолади сўзига оҳангдош. қўйди. 35Леах яна ҳомиладор бўлиб, яна ўғил туғди. У: “Энди Эгамга ҳамду сано айтаман”, деб ўғлининг исмини Яҳудо#29:35 Яҳудо — бу исм ибронийчадаги ҳамду сано айтаман сўзига оҳангдош. қўйди. Шундан кейин у туғишдан қолди.
Valið núna:
Ибтидо 29: ЎзбМК
Áherslumerki
Deildu
Afrita
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020