Ибтидо 30
30
30–БОБ
1Роҳила Ёқубга бола туғиб бера олмагач, энди опасига ҳасад қила бошлади.
— Менга фарзанд беринг, бўлмаса ўламан! — деди у Ёқубга.
2Ёқуб Роҳиладан қаттиқ ғазабланди.
— Нима, мен Худоманми?! Сени бепушт қилиб яратган Худо–ку!
3Шунда Роҳила Ёқубга деди:
— Ана, чўрим Билхахнинг ёнига киринг. У менга бола туғиб берсин, токи чўрим орқали мен ҳам болали бўлайин#30:3 …токи чўрим орқали мен ҳам болали бўлайин — 16:2 изоҳига қаранг..
4Шундай қилиб, Роҳила эрига Билхахни олиб берди. Ёқуб Билхахнинг ёнига кирди. 5Билхах ҳомиладор бўлиб, Ёқубга ўғил туғиб берди. 6Роҳила: “Худойим мени оқлади, У менинг илтижоимни эшитиб, менга ўғил ато этди”, деб ўғлининг исмини Дан#30:6 Дан — ибронийчадаги маъноси ҳукм қилди. Бу исм ибронийчадаги оқлади сўзига оҳангдош. қўйди. 7Билхах яна ҳомиладор бўлиб, Ёқубга иккинчи ўғлини туғиб берди. 8Роҳила: “Опам билан қаттиқ олишиб, мен ютиб чиқдим”, деб ўғлининг исмини Нафтали#30:8 Нафтали — бу исм ибронийчадаги олишув сўзига оҳангдош. қўйди.
9Леах бола туғишдан қолганини англаб етди. Шунда у ҳам ўзининг чўриси Зилпони Ёқубга олиб берди. 10Зилпо Ёқубга ўғил туғиб берди. 11Леах: “Менга омад кулиб боқди”, деб ўғлининг исмини Гад#30:11 Гад — ибронийчадаги маъноси омад. қўйди. 12Сўнгра Зилпо Ёқубга иккинчи ўғлини туғиб берди. 13Леах: “Нақадар бахтлиман–а! Энди аёллар мени жуда бахтли экан, деб айтишади”, дея ўғлининг исмини Ошер#30:13 Ошер — ибронийчадаги маъноси бахтли. қўйди.
14Буғдой ўрими пайти эди. Бир куни Рубен далага борганда, меҳригиё ўсимлигини#30:14 меҳригиё ўсимлиги — қадимда одамлар, бу ўсимликнинг мевалари жинсий хоҳишни кучайтириб, аёлнинг ҳомиладор бўлишига имконият яратади, деб ишонишарди. топиб олиб, онаси Леахга келтирди. Роҳила: “Ўғлингнинг меҳригиёларидан менга ҳам бер”, деб илтимос қилди. 15Лекин Леах ғазаб билан жавоб қилди:
— Эримни тортиб олганинг камлик қилдими?! Энди ўғлимнинг меҳригиёларини ҳам тортиб олмоқчимисан?!
— Ўғлингнинг меҳригиёлари эвазига бу кеча эрим сенинг ёнингга киради, унга ижозат бераман, — деди Роҳила.
16Кечқурун Ёқуб даладан келганда, Леах унга пешвоз чиқди.
— Бу кеча менинг ёнимга киришингиз керак, — деди у эрига. — Ўғлим даладан топиб келган меҳригиёга сизни алмаштирдим.
Шундай қилиб, Ёқуб Леахнинг ёнига кирди. 17Худо Леахнинг илтижоларига жавоб берди. У яна ҳомиладор бўлиб, Ёқубга бешинчи ўғлини туғиб берди. 18Леах: “Чўримни эримга олиб берганим учун Худойим мени мукофотлади”, деб ўғлининг исмини Иссахор#30:18 Иссахор — бу исм ибронийчадаги мукофот сўзига оҳангдош. қўйди. 19Сўнгра у яна ҳомиладор бўлиб, Ёқубга олтинчи ўғлини туғиб берди. 20Леах деди: “Худойим менга яхши ҳадя берди. Энди эрим мени ҳурмат қиладиган бўлади, чунки унга олтита ўғил туғиб бердим.” Шундай деб, ўғлининг исмини Забулун#30:20 Забулун — бу исм ибронийчадаги ҳурмат ва ҳадя сўзларига оҳангдош. қўйди. 21Кейин Леах қиз туғиб, исмини Дина қўйди.
22Ниҳоят, Худо Роҳилага ҳам марҳамат қилди ва унинг илтижоларига жавоб бериб, бола туғишга қодир қилди. 23Роҳила ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. “Худо менга ўғил ато этиб, шармандалигимни олиб ташлади”, деди. 24“Эгам менга яна ўғил берсин”, деб ўғлининг исмини Юсуф#30:24 Юсуф — ибронийчадаги маъноси яна берсин. Бу исм ибронийчадаги олиб ташлади сўзига оҳангдош. қўйди.
Ёқуб Лобон билан савдолашади
25Роҳила Юсуфни туққандан кейин кўп ўтмай, Ёқуб Лобонга деди:
— Ижозат берсангиз, мен юртимга қайтмоқчиман. 26Хотинларим билан болаларимни ҳам олиб кетсам, дегандим. Ўзингиз биласиз, сизга кўп хизматим сингган, пешана теримни тўкиб уларни топганман. Энди кетишга ижозат берсангиз.
27Лобон эса унга шундай жавоб берди:
— Энди илтимос қиламан, менинг гапимга қулоқ сол: фол очтириб кўрган эдим, Эгам менга сен туфайли барака берганини билдим#30:27 …фол очтириб кўрган эдим, Эгам менга сен туфайли барака берганини билдим — ёки …мен давлат орттирдим, Эгам менга сен туфайли барака берди.. 28Хизмат ҳақингни айт, тўлай.
29— Ўзингиз биласиз: узоқ йиллар давомида сизга кўп хизмат қилдим. Мол–қўйларингиз менинг меҳнатим туфайли қанчалик кўпайганини биласиз. 30Аслида мен келмасимдан олдин молингиз оз эди, энди эса бойлигингиз ҳаддан зиёд кўпайди. Мен туфайли Эгам сизга ҳамма нарсада барака берди#30:30 Мен туфайли…барака берди — ёки Мен сиз учун ишлаган ҳамма жойда Эгам сизга барака берди.. Энди оиламни ўйлайдиган пайт келди.
31— Хизмат ҳақингга нима истайсан? — деб яна сўради Лобон.
— Менга ҳеч қандай хизмат ҳақи керак эмас, — деб жавоб қилди Ёқуб. — Агар рози бўлсангиз, бир таклифим бор. Мен қўй–эчкиларингизни боқаверай. 32Бугун сурувингизни оралаб, олачипор ва хол–хол қўйларингизни, қора қўзиларингизни, эчкиларингиздан ҳам хол–холини ва олачипорини#30:32 …олачипор ва хол–хол қўйларингизни, қора қўзиларингизни, эчкиларингиздан ҳам хол–холини ва олачипорини… — дунёнинг бу ўлкаларида одатда қўйлар оқ, эчкилар эса қора рангда бўлар эди, қора доғли қўйлар ва оқ доғли эчкилар камдан–кам учрар эди. ажратиб олай. Хизмат ҳақимга шуларни берсангиз кифоя. 33Агар мен ҳалол бўлмасам, сиз кейин осонликча билиб оласиз. Менинг хизматимни текширгани келганингизда, қўй–эчкиларимнинг орасида бирортаси ола–була, хол–хол бўлмаса, ёки қўзиларимнинг орасида ҳам бирортаси қора бўлмаса, мени ўғри деб ҳисоблашингиз мумкин.
34— Яхши, сен айтгандай бўла қолсин, — деди Лобон.
35Лобон ўша куни оқи бор хол–хол ва олачипор така ҳамда урғочи эчкиларни сурувдан ажратиб олди, қора қўзиларни ҳам айириб олди. Ҳаммасини ўғилларининг ихтиёрига берди. 36Улар ўша қўй–эчкиларни Ёқуб турган жойдан уч кунда борадиган жойга олиб кетдилар. Ёқуб эса Лобоннинг қолган қўй–эчкиларини боқаверди.
37Ёқуб терак, бодом ва чинор дарахтининг новдаларидан олиб, новдаларни йўл–йўл қилиб пўстлоғини шилди. 38Сўнгра у пўстлоғи тозаланган новдаларни қўй–эчкиларга кўринадиган жойга — сув ичадиган охурлар ичига қўйди#30:38 Сўнгра…қўйди — қадимги пайтларда одамларнинг тушунчаси бўйича, қўй–эчкиларнинг жуфтлашган пайтда кўрган нарсаси улардан туғиладиган қўзичоқларнинг кўринишига таъсир қиларди. Бироқ Ёқуб Худо берган барака туфайли муваффақиятга эришганини аниқ билар эди (31:5-13 га қаранг).. Чунки Лобоннинг қўй–эчкиларини суғоргани олиб келганда, ҳайвонлар шу ерда жуфтлашар эди. 39Қўй–эчкилар оқ йўли бор новдаларни кўриб турганда жуфтлашиб, йўл–йўл, олачипор ва хол–хол насл берарди. 40Ёқуб Лобоннинг бошқа қўй–эчкиларидан совлиқларини#30:40 …Лобоннинг бошқа қўй–эчкиларидан совлиқларини… — Ёқуб боқиб юрган Лобоннинг оқ қўйлари ва қора эчкиларидан ташкил топган суруви назарда тутилган (шу бобнинг 35-36–оятларига қаранг). ажратиб олди. Совлиқ қўйлар жуфтлашаётганда, Ёқуб қўйларнинг юзини Лобоннинг сурувидаги йўл–йўл ва қоп–қора ҳайвонларга қаратиб қўярди. Шу тариқа Ёқуб Лобоннинг қўй–эчкиларидан ўзининг сурувини вужудга келтирди#30:40 …йўл–йўл ва қоп–қора ҳайвонларга қаратиб қўярди. Шу тариқа Ёқуб Лобоннинг қўй–эчкиларидан ўзининг сурувини вужудга келтирди… — Лобоннинг сурувидаги йўл–йўл ва қоп–қора эчкилар назарда тутилган (бу оятда йўл–йўл деганда туёқлари очроқ рангда бўлган қора эчкилар назарда тутилган бўлиши мумкин). Демак, Ёқуб Лобоннинг жуфтлашаётган оқ қўйларини қора эчкиларига қаратиб қўяр эди, бунинг натижасида қора қўзичоқлар туғиларди (шу бобнинг 38–ояти изоҳига қаранг). Бу қора қўзичоқлар Ёқуб сурувини ташкил қиларди (шу бобнинг 32-34–оятларига қаранг). Шу усулни ишлатган ҳолда, Ёқуб ўзининг катта сурувини вужудга келтирди (шу бобнинг 37-40–оятларига қаранг). ва Лобонникидан алоҳида қилиб қўйди. 41Сурувдаги соғлом урғочи қўй ёки эчкилар жуфтлашишга тайёр бўлганда, Ёқуб пўстлоғи арчилган новдаларни ҳайвонларнинг охурига ташлаб қўярди. Ҳайвонлар йўл–йўл новдаларни кўриб турганларида жуфтлашардилар. 42Лекин у нимжон ҳайвонларга шундай қилмасди. Оқибатда Лобон нимжон қўй–эчкиларга, Ёқуб эса соғлом қўй–эчкиларга эга бўлиб қолди. 43Шу йўл билан Ёқубнинг қўй–эчкилари тезлик билан кўпайиб борди, у жуда ҳам бойиб кетди, кўплаб қул ва чўриларга, туя ва эшакларга эга бўлди.
Valið núna:
Ибтидо 30: ЎзбМК
Áherslumerki
Deildu
Afrita
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020