Ибтидо 31

31
31–БОБ
Ёқуб Лобонникидан қочиб кетади
1Лобоннинг ўғиллари минғир–минғир қила бошладилар: “Ёқуб отамизни хонавайрон қилди. У бутун бойлигини отамизнинг бойлигидан олган.” Ёқуб бу гапларни эшитиб қолди. 2Ёқуб сездики, Лобон унга анчагина совуқ муносабатда бўляпти. 3Эгамиз ҳам Ёқубга:
— Ота–боболарингнинг юртига, қариндош–уруғларингнинг олдига қайт, Мен сен билан бирга бўламан, — деди.
4Ёқуб яйловда қўй–эчкиларини боқаётганда, Роҳила билан Леахни шу ерга чақиртирди. 5Улар келгач, деди:
— Кўриб турибман, оталарингизнинг менга муносабати олдингидай эмас. Лекин отамнинг Худоси мен билан бирга. 6Ўзларингиз биласизлар, мен сизларнинг отангизга кучим борича хизмат қилдим. 7У мени алдаб, хизмат ҳақимни ўн марта ўзгартирди. Лекин у менга зарар етказишига Худо йўл қўймади. 8Агар отангиз: “Сурувдаги олачипор қўй–эчкилар сенинг хизмат ҳақинг бўлади”, деб айтган бўлса, бутун сурув олачипор бола бераверди. “Йўл–йўли сенинг хизмат ҳақинг бўлади”, деб айтган бўлса, бутун сурув йўл–йўл бола бераверди. 9Худо шу йўл билан отангизнинг қўй–эчкиларини тортиб олиб, менга берди. 10Жуфтлашиш мавсуми пайтида бир куни туш кўрдим. Қарасам, сурувдаги жуфтлашган такалар йўл–йўл, хол–хол ва олачипор экан. 11Тушимда Худонинг фариштаси: “Ёқуб!” деб чақирди. “Лаббай!” деб жавоб бердим мен. 12Фаришта менга айтди: “Қара, жуфтлашган такаларнинг ҳаммаси йўл–йўл, хол–хол ва олачипор. Буларнинг ҳаммасини Мен қиляпман. Чунки Лобоннинг сенга муносабатини кўрганман. 13Мен Байтилда сенга зоҳир бўлган Худоман#31:13 Мен Байтилда сенга зоҳир бўлган Худоман — 28:10-19 оятларга ва 28:19 изоҳига қаранг.. У ерда сен тош устунга зайтун мойи суртиб, Менга хизмат қилиш учун қасам ичган эдинг. Энди ҳозироқ бу юртдан кет, ўзингнинг она юртингга қайт.”
14Шунда Роҳила билан Леах Ёқубга:
— Энди отамиздан бизга ҳеч қандай мерос тегмас экан–да, — дейишди. 15— Биз отамизга худди бегоналардай бўлиб қолдик. У бизни сотди, бизнинг эвазимизга нима олган бўлса, ҳаммасини сарф қилиб бўлди#31:15 У бизни сотди…ҳаммасини сарф қилиб бўлди — келиннинг отасига бериладиган қалин пули назарда тутилган бўлиши мумкин. Одатда қалин пулининг бир қисми қизнинг ўзига берилар эди. Ёқуб Роҳила ва Леах учун бериши керак бўлган қалин пули ўрнига ўн тўрт йил давомида Лобонга хизмат қилди. Ўша йиллар давомида Лобон Ёқуб туфайли кўп давлат орттирди, лекин орттирган давлатидан қизларига ҳеч нарса бермай, ҳаммасини сарф қилиб юборган эди.. 16Худо отамиздан сизга олиб берган ҳамма бойликлар бизники ва болаларимизники. Энди эса Худо сизга нима айтган бўлса, шуни қилинг.
17-18Шундай қилиб, Ёқуб Канъон юртига — отасининг олдига қайтиб кетишга тайёрланди. Хотинларини ва болаларини туяларга миндирди. Қўй–эчкиларини олдига солиб ҳайдади, Паддон–Орамда#31:17-18 Паддон–Орам — 25:20 изоҳига қаранг. топган ҳамма мол–мулкини олди.
19Лобон қўйларининг жунини қирққани кетди. У йўқ пайтида Роҳила отасининг хонаки худоларини#31:19 хонаки худолар — ибронийча матнда терафим (шу бобнинг 34, 35–оятларида ҳам бор). Одамлар хонаки худоларни фол очиш учун ишлатган бўлса керак. Одамлар, хонаки худолар хонадонни кулфатдан асрайди, деб ишонган бўлса керак. Эҳтимол, Роҳила, худолар бизни сафарда асрайди, деб ишонгани учун ёки ўша бутлар шунчаки қимматбаҳо буюм бўлгани учун уларни ўғирлаб олгандир. Шу бобнинг 30, 32–оятларида хонаки худоларга нисбатан ибронийча сўз элоҳим (маъноси худолар) ишлатилган. ўғирлаб олди. 20Бунинг устига, Ёқуб ҳам, биз кетяпмиз, деб Лобонга#31:20 Лобон — ибронийча матнда Орамлик Лобон (шу бобнинг 24–оятида ҳам бор). Орамлик — Паддон–Орамда истиқомат қилган одам (25:20 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг). айтмасдан, уни алдаб жўнаб қолди. 21Ёқуб ҳамма мол–мулкини олиб, Фурот дарёсини кечиб ўтди ва Гилад қирларига#31:21 Гилад қирлари — Иордан дарёсининг шарқ томонида жойлашган. йўл олди.
Лобон Ёқубни қувади
22Орадан уч кун ўтгач, Лобонга: “Ёқуб қочиб кетибди” деган хабар етиб борди. 23Лобон қариндош–уруғидан эркакларни ёнига олиб, Ёқубни қувиб кетди. Ёқубни етти кун қувлагандан кейин, охири Гилад қирларида унга етиб олди. 24Лекин ўша куни кечаси Лобон туш кўрди. Тушида Худо зоҳир бўлиб: “Эҳтиёт бўл, Ёқубга яхши–ёмон гап қилиб юрма”, деди.
25Лобон Ёқубга етиб олганда, Ёқуб Гилад қирларида чодир тиккан эди. Лобон ҳам қариндош–уруғлари билан Ёқубга яқинроқ жойга чодирини тикди. 26Лобон Ёқубга:
— Бу нима қилганинг? Мени алдаб кетибсан–ку! — деди. — Қизларимни ҳам, худди урушдаги асиралардай, ўғирлаб кетибсан. 27Нимага мени алдаб, ҳеч нарса демасдан, яширинча қочиб қолдинг? Агар бир оғиз айтганингда, чилдирма, лира чалиб, ўйин–кулги қилиб, хурсандчилик билан кузатиб қўйган бўлардим. 28Сен ҳатто невараларим билан қизларимни ўпиб, яхши боринглар, деб айтишимга ҳам имкон бермадинг. Қилган ишинг — ғирт аҳмоқлик. 29Сенга ёмонлик қилишга кучим етади. Лекин кеча тунда отангнинг Худоси менга зоҳир бўлиб: “Эҳтиёт бўл, Ёқубга яхши–ёмон гап қилиб юрма”, деб айтди. 30Аҳволингни тушунаман, отангнинг уйини соғингансан, шунинг учун кетгансан. Лекин нимага худоларимни ўғирладинг?
31— Қизларингизни мендан тортиб оласиз, деб ўйлаб, қўрққан эдим, — деди Ёқуб. 32— Лекин сизнинг худоларингизга келсак, уларни ким олган бўлса, ўлдирилсин. Қариндошларимизнинг гувоҳлигида нарсаларингизни излаб кўринг. Агар сизнинг нарсаларингиз бўлса, олаверинг.
Лобоннинг худоларини Роҳила ўғирлаганини Ёқуб билмас эди.
33Лобон худоларини қидириб, аввало Ёқубнинг чодиридан излади. Кейин Леахнинг чодирига, ундан кейин иккала чўрининг#31:33 иккала чўри — Билхах (29:29, 30:4 га қаранг) ва Зилпо (29:23-24, 30:9 га қаранг) назарда тутилган. чодирига кирди, лекин худоларини топа олмади. Охирида Роҳиланинг чодирига кирди. 34Роҳила худоларни туя эгарининг ичига яшириб, ўзи эгарга ўтириб олган эди. Лобон чодирнинг ҳамма ёғини ахтарса ҳам, худоларини топа олмади. 35Роҳила отасига:
— Сизнинг олдингизда ўрнимдан турмаганим учун мендан жаҳлингиз чиқмасин, отажон, — деди. — Ҳозир аёллар касалига йўлиққан пайтим.
Лобон худоларини қанча қидирмасин, топа олмади.
36Ёқуб қаттиқ ғазабланиб, Лобонни уришиб берди:
— Айбим нима экан?! Қайси гуноҳим учун мени таъқиб қиляпсиз?! 37Ҳамма нарсаларимни титкилаб чиқдингиз. Энди менга кўрсатинг–чи, бирор нарсангизни топдингизми? Топган бўлсангиз, қани, қариндош–уруғларимиз олдига ўша нарсаларни қўйинг, иккаламиздан қайси биримиз ҳақ эканимизни улар ҳукм қилсин! 38Йигирма йил мен сизнинг эшигингизда бўлдим. Ана шу даврда биронта совлиқ қўйингиз, эчкингиз чала туғиб қўймади, сурувингиздан биронта қўчқорни еб қўймадим. 39Ёввойи ҳайвонлар бўғизлаб ташлаганларини сизга кўрсатмасдан, зарарни ўз бўйнимга олардим. Қўйингиз кундузи йўқолганми, ёки кечаси йўқолганми, барибир, сиз мендан талаб қилардингиз. 40Кундузи жазирама иссиқда, кечалари совуқда, тунларни уйқусиз ўтказиб, сизга хизмат қилдим. 41Йигирма йил сизнинг хонадонингизда бўлдим: ўн тўрт йил — иккала қизингиз учун, олти йил — қўй–эчкиларга эга бўлишим учун хизмат қилдим. Хизмат ҳақимни ўн марта ўзгартирдингиз. 42Агар бобом Иброҳимнинг Худоси, отам Исҳоқ сажда қиладиган Худо#31:42 Исҳоқ сажда қиладиган Худо — ёки Исҳоқнинг ҳайбатли Худоси ёхуд Исҳоқни асраган Худо (шу бобнинг 53–оятида ҳам бор). мен билан бўлмаганда эди, шубҳасиз, сиз мени қуппа–қуруқ қайтарган бўлардингиз. Лекин Худо менинг қийналганимни, оғир меҳнатимни кўрди. Шу сабабдан У ўтган кеча сизга зоҳир бўлиб, ноҳақлигингизни айтган.
Ёқуб билан Лобон ўртасидаги аҳд
43Шундан кейин Лобон Ёқубга деди:
— Мана бу аёллар — менинг қизларим, мана бу болалар — менинг набираларим, қўй–эчкилар ҳам меники. Сен кўриб турган ҳамма нарса — меники. Лекин ҳозир ўз қизларимга, набираларимга бирор нарса қила олармидим?! 44Кел, энди икковимиз аҳд қилайлик, токи бу аҳд икковимиз ярашганимизни исботласин.
45Ёқуб бир тошни олиб, ёдгорлик қилиб қўйди. 46Кейин у қариндош–уруғларига: “Тош тўплаб келинглар!” деди. Улар ҳам тош тўплаб, бир уюм ҳосил қилишди ва ўша тош уюмининг ёнида тамадди қилишди. 47Бу жой Лобоннинг тилида Ёгар–Садуто, Ёқубнинг тилида Галед#31:47 …Ёгар–Садуто…Галед… — биринчи ном орамийча, иккинчи ном ибронийча бўлиб, иккови ҳам гувоҳлик уюми демакдир. деб аталадиган бўлди. 48Лобон: “Бу тош уюми бугун сен билан менинг орамизда гувоҳдир”, деб бу жойни Галед деб атайдиган бўлди. 49Шунингдек, у: “Биз бир–биримиздан айрилганимиздан кейин, Эгам сен билан мени кузатиб турсин”, деб бу жойни Миспах#31:49 Миспах — ибронийчадаги маъноси қоровул минораси. деб атади. Сўнг шундай деди:
50— Агар қизларимнинг дилини оғритсанг ёки уларнинг устига хотин олсанг, эсингда тут, ҳатто мен билмаган тақдирда ҳам, Худо кўриб туради. Унинг Ўзи сен билан менинг ўртамизда гувоҳдир.
51Сўнг Лобон Ёқубга яна деди:
— Икковимизнинг ўртамизда мен ўрнатган мана бу тош уюми билан устунга қара. 52Булар бизнинг онтимизга гувоҳ бўлиб, икковимизнинг ўртамизда турибди. Мен сенга зарар етказиш ниятида бу тош уюмидан нарига ўтмайман, сен ҳам менга зарар етказиш ниятида бу тош уюми ва устундан берига ўтмаслигинг лозим. 53Ота–боболаримизнинг Худоси — сенинг бобонг Иброҳимнинг Худоси ва менинг бобом Нахўрнинг Худоси — ўртамизда ҳакам бўлсин.
Шундай қилиб, Ёқуб отаси Исҳоқ сажда қиладиган Худо номи билан қасам ичди. 54Ёқуб қурбонлик қилиб, ҳаммани зиёфатга таклиф қилди. Улар тунни қирда ўтказишди.
55Эртасига Лобон саҳарда турди. Қизларини, набираларини ўпиб, ҳаммаларини дуо қилди. Сўнгра уйига қайтиб кетди.

Áherslumerki

Deildu

Afrita

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in