Ибтидо 27
27
27–БОБ
Исҳоқ Ёқубни дуо қилади
1Исҳоқ қариди, кўзлари хиралашиб кўрмай қолди. Бир куни у ўғли Эсовни чақирди:
— Ўғлим!
— Лаббай, отажон! — деб жавоб берди Эсов.
2— Кўриб турибсан, мен қариб қолдим. Тўсатдан ўлиб қолишим мумкин. 3Энди ёйингни, ўқларингни олиб, далага чиқ, менга биронта ҳайвонни овлаб кел. 4Кейин мен яхши кўрадиган биронта мазали таом тайёрлаб келтир. Мен таомни еб, ўлимимдан олдин сени дуо қилайин.
5Исҳоқ ўғли Эсовга гапираётганда, Ривқо эшитиб турган эди. Эсов далага овга кетганда, 6Ривқо ўғли Ёқубга деди:
— Аканг Эсовга отангнинг айтган гапларини эшитиб қолдим. 7Отанг унга: “Менга биронта ҳайвон овлаб кел, мен яхши кўрадиган биронта мазали таом тайёрлагин, таомни еб, ўлимимдан олдин Эгам олдида сени дуо қилайин”, деди. 8Энди менинг гапларимни яхшилаб эшит, айтганимни қил, ўғлим. 9Сурувга бориб, менга иккита улоқчани танлаб олиб кел. Улоқчалардан отанг яхши кўрадиган мазали таом тайёрлаб берай. 10Сен таомни отангнинг олдига олиб кириб, унга егизгин, токи отанг ўлимидан олдин сени дуо қилсин.
11— Онажон, ўзингиз биласиз–ку, акам Эсов сержун, менинг терим эса силлиқ, — деди Ёқуб Ривқога. 12— Мабодо, отам мени пайпаслаб ушлаб кўрса, нима бўлади? Алдаётганимни отам билиб қолади. Отам мени дуо қилиш ўрнига лаънатлайди.
13— Ўша лаънат менга келсин, болагинам, — деди Ривқо. — Энди айтганимни қил, бор, улоқчаларни олиб кел.
14Ёқуб онасининг буйруғига итоат этиб, иккита улоқчани олиб келди. Ривқо улоқчалардан Исҳоқ яхши кўрган мазали таом тайёрлади. 15Сўнг у Эсовнинг уйдаги яхши кийимларини олди–да, Ёқубга кийгизди. 16Улоқчаларнинг терисини Ёқубнинг қўлларига ва бўйнининг туксиз жойларига ўради. 17Ўзи тайёрлаган мазали таом билан нонни ўғли Ёқубнинг қўлига берди.
18Шундай қилиб, Ёқуб таом тўла лаганни отасининг олдига олиб кирди.
— Ассалому алайкум, отажон!
— Ва алайкум ассалом! Қайси бирингсан, ўғлим, Эсовмисан, Ёқубмисан?
19— Тўнғичингиз Эсовман, — деди Ёқуб отасига. — Айтганингизни қилдим, мана, овимдан сиз яхши кўрган таом тайёрладим. Туринг, еб, мени дуо қилинг.
20Исҳоқ ўғлига:
— Дарров топиб келдингми, ўғлим? — деди.
— Эгангиз Худо йўлимни ўнглади, — деб жавоб берди Ёқуб.
21Шундан кейин Исҳоқ Ёқубга деди:
— Яқинроқ кел–чи, ўғлим, ушлаб кўрай–чи, ҳақиқатан ҳам ўғлим Эсовмисан ёки йўқми, билайин.
22Ёқуб отасига яқинроқ борди. Исҳоқ уни пайпаслаб:
— Овоз — Ёқубнинг овози, қўллар эса Эсовнинг қўллари, — деди.
23Ёқубнинг қўллари Эсовнинг қўлларига ўхшаб сержун туюлгани учун Исҳоқ уни танимади. Шунинг учун Исҳоқ Ёқубни дуо қилишга чоғланди–ю, лекин яна сўради:
24— Сен ҳақиқатан ўғлим Эсовмисан?
— Ҳа, Эсовман, — деб жавоб берди у. 25Шундан кейин Исҳоқ:
— Энди таомни келтир, — деди. — Таомингдан еб, сени дуо қилайин.
Ёқуб таомни отасига келтириб берди. Исҳоқ таомни еб бўлгач, Ёқуб унга шароб келтирди. Исҳоқ шаробни ҳам ичди. 26Сўнгра Исҳоқ унга:
— Яқинроқ келиб, мени ўп, ўғлим, — деди. 27Ёқуб яқинлашиб, отасини ўпди. Исҳоқ унинг кийимларини ҳидлаб, шундай дуо қилди:
“О, ўғлимнинг ёқимли ҳиди
Эгам марҳамат қилган
Даланинг ҳидига ўхшар.
28Худойим ёғдирсин сенга
Осмон шабнамини,
Берсин ернинг унумдор тупроғини,
Мўл–кўл дон ва шаробни.
29Хизмат қилсин сенга халқлар,
Таъзим қилсин сенга эл–улуслар.
Ҳукмрон бўлгин қариндошларинг устидан,
Таъзим қилсин онангнинг насли сенга.
Сени лаънатлаган лаънати бўлсин,
Сени дуо қилган барака топсин.”
Эсов Исҳоқдан дуо сўраб илтижо қилади
30Исҳоқ Ёқубни дуо қилиб бўлиши биланоқ, Ёқуб отаси ҳузуридан энди чиққан ҳам эдики, акаси Эсов овдан қайтиб келиб қолди. 31У ҳам мазали таом тайёрлаб, отаси олдига олиб кирди.
— Отажон, туринг, сизга олиб келган овимнинг гўштидан еб, мени дуо қилинг.
32— Сен кимсан? — сўради Исҳоқ ундан.
— Тўнғич ўғлингиз Эсовман, — деб жавоб берди у.
33Исҳоқ ҳаяжондан титраб кетиб деди:
— Овидан таом тайёрлаб, менга олиб келган ким эди? Сен келмасингдан олдин, мен гўштни эндигина еб бўлган эдим! Мен уни дуо қилдим, энди дуо олган удир!
34Эсов отасининг сўзларини эшитгач, ҳаддан ташқари қаттиқ, аччиқ нола қилди.
— Мени ҳам дуо қилинг, отажон! — деб ёлворди у отасига. 35Лекин Исҳоқ:
— Уканг олдимга кирибди, у мени алдабди, — деди. — Сенга аталган дуони уканг олди.
36— Унга Ёқуб деб исм қўйилгани бекорга эмас экан–да, — деди Эсов. — У мени икки марта алдади–я!#27:36 Унга Ёқуб деб исм қўйилгани бекорга эмас экан–да…У мени икки марта алдади–я! — 25:26 изоҳига қаранг. Биринчи марта тўнғичлик ҳуқуқимни олган эди#27:36 …тўнғичлик ҳуқуқимни олган эди… — 25:29-34 га қаранг., энди эса менга аталган дуони ўғирлабди. Менга биронта ҳам дуо сақлаб қўймадингизми? — деб яна сўради у.
37— Мен Ёқубни сенинг устингдан ҳукмрон қилдим, — деди Исҳоқ Эсовга. — Унинг ҳамма қариндош–уруғларини ҳам ўзига хизматкор қилиб бердим. Дон билан шаробни ҳам унга бериб бўлдим. Сенга берадиган ҳеч нарса қолмади–ку, ўғлим!
38— Наҳотки менга биронта ҳам дуо қолдирмаган бўлсангиз?! — деб ўтинди Эсов. — Мени ҳам дуо қилинг, отажон! — деб дод солиб йиғлай бошлади.
39Исҳоқ ўғлига шундай жавоб берди:
“Сенинг манзилинг ернинг унумдор тупроғидан нари бўлсин,
Осмоннинг шабнамидан маҳрум бўлсин.
40Сен қиличнинг дамида яшагайсан,
Укангга хизмат қилиб ўтгайсан.
Исён кўтарганингда эса
У солган бўйинтуруқни улоқтириб ташлагайсан.”
41Ёқуб Эсовнинг дуосини ўғирлагани учун, Эсов уни жуда ёмон кўриб қолди. Эсов ўзига ўзи: “Отамнинг куни битиб қолди, азаси ўтгандан кейин Ёқубни ўлдираман”, деди. 42Лекин кимдир Эсовнинг ниятини Ривқога етказди. Ривқо Ёқубни чақириб, унга:
— Эсов сени ўлдирмоқчи бўлиб, ўзига таскин бериб юрибди экан, — деди. 43— Энди гапимга қулоқ сол. Ҳозироқ Хоронга#27:43 Хорон — 11:31 изоҳига қаранг. — Лобон акамнинг олдига жўна. 44Аканг ғазабидан тушгунча, Лобон акамнинг ёнида юр. 45Эсов сенинг қилмишларингни унутиб, ғазабидан тушгандан кейин, орқангдан бирортасини жўнатаман, сени қайтариб олиб келади. Бўлмаса, бир кунда акангдан ҳам, сендан ҳам айрилиб қоламан#27:45 …бир кунда акангдан ҳам, сендан ҳам айрилиб қоламан — агар Эсов Ёқубни ўлдирганда эди, унга қотиллик учун ўлим жазоси берилган бўларди, бундай ҳолда Ривқо иккала ўғлидан ҳам айриларди..
Исҳоқ Ёқубни Лобоннинг ҳузурига жўнатади
46Шундан кейин Ривқо Исҳоққа деди:
— Эсовнинг анави Хет#27:46 Хет — яъни Хет халқидан (10:15 га қаранг). хотинлари дастидан жонимдан тўйдим. Агар Ёқуб ҳам ўшаларга ўхшаган бирорта Хет қизига уйланса, унда ҳаётим нима кечади?
Valið núna:
Ибтидо 27: ЎзбМК
Áherslumerki
Deildu
Afrita
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020