Ибтидо 26
26
26–БОБ
Исҳоқ ва Филистлар шоҳи Абумалек
1Шу орада юртда қаттиқ очарчилик бўлди, бундай очарчилик илгари Иброҳим даврида ҳам юз берган эди#26:1 …бундай очарчилик илгари Иброҳим даврида ҳам юз берган эди — 12:10 га қаранг.. Исҳоқ Гарор шаҳрига кўчиб кетди. У ерда Филистлар шоҳи Абумалек#26:1 Абумалек — 20:2, 21:22 га қаранг. яшарди. 2Эгамиз Исҳоққа зоҳир бўлиб, деди:
— Мисрга борма. Мен сенга кўрсатадиган юртда ўрнашиб, 3ўша ерда яшаб тур. Агар шундай қилсанг, Мен сен билан бирга бўламан, сенга барака бераман. Мана шу ерларнинг ҳаммасини сенга ва сенинг наслингга бераман. Отанг Иброҳимга берган ваъдамда тураман. 4Мен сенинг наслингни осмондаги юлдузлар каби сон–саноқсиз қиламан. Мана шу ерларнинг ҳаммасини сенинг наслингга бераман. Сенинг наслинг орқали ер юзидаги ҳамма халқлар барака топадилар. 5Иброҳим Менинг талабларимга, амрларимга, фармонларимга, қонунларимга итоат этгани учун сенга барака бераман.
6Шундай қилиб, Исҳоқ Гарор шаҳрида ўрнашиб қолди. 7Бу ердаги одамлар Исҳоқдан Ривқо тўғрисида сўраганларида, “У менинг синглим”, деб жавоб берарди. “У менинг хотиним”, деб айтишдан қўрқар эди. Ривқо жуда чиройли бўлгани сабабли: “Одамлар уни тортиб олиш учун мени ўлдирадилар”, деб ўйларди.
8Орадан анча вақт ўтди. Бир куни Исҳоқ Ривқони эркалатаётганда, Филистлар шоҳи Абумалек деразадан кўриб қолди. 9Абумалек Исҳоқни чақиртирди.
— У сенинг хотининг экан–ку! Нимага уни, синглим, деб айтдинг? — деб сўради.
— Агар хотиним деб айтсам, бирортаси уни тортиб олиш учун мени ўлдиради, деб қўрқдим, — деди Исҳоқ.
10— Бу нима қилганинг–а?! Ахир, одамларимдан бири хотининг билан осонликча бирга бўлиши мумкин эди–ку! Ундай ҳолда бизни гуноҳкор қилиб қўйган бўлардинг!
Филистлар Исҳоқ билан қудуқ учун тортишади
11Шундай қилиб, Абумалек: “Кимки бу одамга ёки унинг хотинига озор етказса, ўша одамнинг жазоси ўлимдир”, деб фармон бериб, ҳаммани огоҳлантирди.
12Исҳоқ у ерда даласига уруғ сепди. Эгамиз унга марҳамат кўрсатгани учун эккан уруғига нисбатан юз баробар кўп ҳосил олди. 13Исҳоқ бойиб кетди, бойлиги тобора кўпайиб бораверди. 14Унинг қўй–эчки сурувлари, мол подалари, хизматкорлари кўп эди. Шу сабабдан Филистлар Исҳоққа ҳасад қилишарди. 15Улар Исҳоқнинг ҳамма қудуқларини тупроққа тўлдириб ташлашди. Иброҳим ҳаётлигида бу қудуқларни ўзининг хизматкорларига қаздирган эди. 16Абумалек Исҳоққа: “Бизнинг еримиздан кет, сен биздан кўра, жуда кучайиб кетдинг”, деди.
17Исҳоқ бу ердан кетиб, Гарор сойлигида#26:17 сойлик — икки адир оралиғидаги пастлик. Баъзи сойликлар водий каби кенг бўларди. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги СОЙЛИК сўзига қаранг. чодир тикиб, ўша ерда ўрнашиб олди. 18Иброҳим бу ерда қудуқлар қаздирган, лекин унинг вафотидан кейин Филистлар бу қудуқларни кўмиб юборган эдилар. Исҳоқ ўша қудуқларни қайтадан қаздирди. Исҳоқ қудуқларга отаси қўйган номларни берди. 19Унинг хизматкорлари сув топиш учун Гарор сойлигида ерни қазиётганларида, булоқ отилиб чиқди. 20Лекин Гарорлик чўпонлар келишиб: “Бу булоқ бизники”, деб булоқни талаб қилдилар. Шундай қилиб, улар Исҳоқнинг чўпонлари билан қудуқ устида жанжаллашиб қолдилар. Шунинг учун Исҳоқ қудуққа Жанжал#26:20 Жанжал — ибронийча матнда Эсек, маъноси жанжал. деб ном берди. 21Сўнгра Исҳоқнинг одамлари бошқа қудуқ қазидилар. Лекин бу қудуқ устида ҳам келишмовчилик юз берди. Шунинг учун Исҳоқ бу қудуққа Зиддият#26:21 Зиддият — ибронийча матнда Ситно, маъноси зиддият. деб ном берди. 22Исҳоқ бу ердан ҳам кўчиб, бошқа қудуқ қаздирди. Ерли аҳоли охири уларни ўз ҳолига қўйди. Исҳоқ: “Ниҳоят, Эгам бу юртда яшашимиз учун бизга кенг жой берди, энди биз бу ерда яйраб–яшнаб кетамиз”, дея қудуққа Кенглик#26:22 Кенглик — ибронийча матнда Рехобўт, маъноси кенглик. деб ном берди.
23Исҳоқ бу ердан ҳам Бершебага кўчиб кетди. 24Ўша куни кечаси Эгамиз Исҳоққа зоҳир бўлиб, деди:
— Мен отанг Иброҳимнинг Худосиман. Қўрқма, Мен сен билан биргаман. Ўз қулим Иброҳимнинг ҳақи–ҳурмати учун сенга барака бераман, сенга сон–саноқсиз насл ато қиламан.
25Исҳоқ у ерда қурбонгоҳ қуриб, Эгамизга сажда қилди, ўша ерда чодирини тикди. Исҳоқнинг хизматкорлари у ерда қудуқ қазидилар.
Исҳоқ билан Абумалек ўртасидаги аҳдлашув
26Абумалек маслаҳатчиси Охизат ва лашкарбошиси Пихол билан бирга Гарордан Исҳоқнинг олдига борди. 27Исҳоқ уларга деди:
— Нимага менинг олдимга келдингиз? Менга адоват билан қараб, ерингиздан чиқариб юборган эдингиз–ку!
28— Бизга энди аён бўлди: Эганг сен билан бирга экан. Шунинг учун сен билан биз онт ичиб, аҳд қилайлик, дедик. 29Биз сенга ҳеч қандай ёмонлик қилмаган эдик, аксинча, олижаноблик қилиб, эсон–омон жўнатиб юборган эдик. Сен ҳам: “Сизларга ёмонлик қилмайман”, деб қасам ич. Сен Худонинг ёрлақагани экансан.
30Исҳоқ уларга зиёфат тайёрлади. Улар еб–ичдилар. 31Эртаси куни улар эрта тонгда туриб, бир–бирларига қасамёд қилдилар. Сўнгра Исҳоқ уларни уйларига эсон–омон жўнатиб юборди. 32Ўша куни Исҳоқнинг хизматкорлари келиб: “Биз сув топдик”, деб унга ўзлари қазиган қудуқ тўғрисида айтдилар. 33Исҳоқ бу қудуққа Қасамёд#26:33 Қасамёд — ибронийча матнда Шива, маъноси қасамёд ёки етти. Исҳоқ билан Абумалек бир–бирларига қасамёд қилганлари учун бу ўринга қасамёд маъноси тўғри келади (шу бобнинг 31–оятига қаранг). Борди–ю, Исҳоқ отаси Иброҳимнинг Абумалек билан худди ўша жойда қилган қасамёдга ишора қилаётган бўлса, етти маъноси тўғри келади, чунки Иброҳим қасамёд қилганда, Абумалекка еттита урғочи қўзини берган эди (21:29-31 оятларга ва 21:30 изоҳига қаранг). деб ном қўйди. Шунинг учун шаҳарнинг номи бугунгача Бершебадир#26:33 Бершеба — ибронийчадаги маъноси қасамёд қудуғи ёки еттилар қудуғи..
Эсовнинг ажнабий хотинлари
34Эсов қирқ ёшида Хет халқидан иккита қизга — Бэри деган кишининг Яҳудит исмли қизига ва Элўн деган кишининг Босимат исмли қизига уйланди. 35Эсовнинг бу хотинлари Исҳоқ билан Ривқонинг бошига кўп қора кунларни солдилар.
Valið núna:
Ибтидо 26: ЎзбМК
Áherslumerki
Deildu
Afrita
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020