YouVersion Logo
Search Icon

Ибтидо 37

37
37–БОБ
Юсуф ва унинг акалари
1Исҳоқ вафот этгандан кейин, Ёқуб яна Канъон юртида — отаси яшаган юртда ўрнашди. 2Ёқубнинг хонадони тарихи қуйидагичадир:
Юсуф ўн етти ёшга кирганда, кўпинча ўгай акалари — Билхах ва Зилпонинг ўғиллари#37:2 Билхах ва Зилпонинг ўғиллари — 30:1-13 га қаранг. билан бирга отасининг қўй–эчкиларини боққани борар эди. Юсуф акалари қилаётган баъзи ёмон ишлардан отасини хабардор қилиб турар эди. 3Ёқуб#37:3 Ёқуб — ибронийча матнда Исроил, Ёқубнинг яна бир исми (шу бобнинг 13–оятида ҳам бор). 32:27-28 га қаранг. Юсуфни қариган чоғида кўргани учун бошқа ўғилларига қараганда кўпроқ яхши кўрар эди. Ёқуб Юсуфга беқасам чопон#37:3 беқасам чопон — ёки чиройли чопон (шу бобнинг 23, 32–оятларида ҳам бор). олиб берди. 4Акалари кўрдиларки, оталари Юсуфни улардан ортиқ яхши кўрар экан. Шунинг учун акалари Юсуфни ёмон кўриб қолдилар, унга яхши гапирмасдилар.
5Кунларнинг бирида Юсуф туш кўрди. У акаларига тушини айтиб берганда, акалари Юсуфни баттар ёмон кўриб қолдилар. 6Юсуф акаларига шундай деди:
— Қулоқ солинглар, кўрган тушимни сизларга айтиб берай. 7Биз далада буғдой боғлаётган эканмиз. Бирдан менинг боғламим кўтарилиб, тик турди. Сизларнинг боғламларингиз менинг боғламимни ўраб олиб, таъзим қилаётган эмиш.
8— Эҳ–ҳа, сен ҳали бизнинг устимиздан шоҳ бўлмоқчимисан, сен–а?! — деб акалари киноя билан ундан сўрашди. Кўрган тушини айтиб бергани учун акалари уни яна ҳам ёмон кўриб қолишган эди.
9Кейинроқ Юсуф яна туш кўрди ва тушини акаларига айтиб берди:
— Қаранглар, яна туш кўрибман. Тушимда қуёш, ой ва ўн битта юлдуз менга таъзим қилиб турган эмиш.
10Лекин Юсуф тушини отаси билан акаларига айтиб берганда, отаси унга танбеҳ берди:
— Қанақа туш кўрдинг ўзи?! Мен, онанг, акаларинг сенинг олдингга келиб, тиз чўкишимиз керак экан–да?!
11Акалари Юсуфга ҳасад қилишарди. Лекин отаси бу воқеани доимо эсида тутди.
Юсуфни акалари сотиб юборишади
12Бир куни Юсуфнинг акалари оталарининг қўй–эчкиларини боқиш учун Шакамга#37:12 Шакам — 12:6 нинг биринчи изоҳига қаранг. кетишди. 13Ёқуб Юсуфга:
— Акаларинг Шакамда қўй–эчкиларни боқишяпти, — деди. — Сени акаларинг олдига юборсам, дегандим.
— Хўп бўлади, отажон, — деди Юсуф.
14— Бориб бил–чи, акаларинг тинч–омон юришибдимикан, қўй–эчкиларнинг аҳволи яхшимикан, — деди Ёқуб, — кейин менга хабарини олиб кел.
Шундай қилиб, Ёқуб Юсуфни Хеврон водийсидан йўлга жўнатди.
Юсуф Шакамга етиб келди. 15Ўша атрофда айланиб юрган эди, бир одам уни кўриб қолди.
— Нимани излаб юрибсан? — деб сўради ҳалиги одам.
16— Акаларимни излаб юрибман, — деди Юсуф. — Мабодо билмайсизми, қўй–эчкиларни қаерда боқиб юришибди экан?
17— Улар бу ердан кетишган, — деди ўша одам. — Акаларинг, Дўтанга#37:17 Дўтан — Шакамдан қарийб 25 километр шимолда жойлашган. борамиз, деб айтганларини эшитган эдим.
Юсуф акаларини излаб Дўтанга кетди. Уларни ўша ердан топди. 18Улар узоқдан Юсуфни кўришди. Юсуф келмасдан олдин, акалари уни ўлдириш учун фитна тайёрлаб қўйдилар. 19Улар бир–бирларига:
— Ана, туш кўрувчи келяпти, — дейишди. 20— Келинглар, уни ўлдириб, чуқур сардобага ташлаймиз. Уни ёввойи ҳайвон еб кетди, деб гап тарқатамиз. Ўшанда кўрамиз унинг тушлари ҳақиқатга айланишини!
21Лекин Рубен Юсуфни уларнинг қўлидан қутқармоқчи бўлди:
— Унинг жонига қасд қилмайлик, 22— деди Рубен, — қон тўкмайлик. Уни анави сардобага тириклайин ташлаб юбора қолайлик. Зинҳор унга қўл теккизмайлик.
Рубен Юсуфни уларнинг қўлидан қутқариб, отаси ёнига қайтармоқчи эди.
23Шундай қилиб, Юсуф етиб келгач, акалари унинг беқасам чопонини ечиб олдилар–да, 24ўзини сардобага ташлаб юбордилар. Сардоба сув сақлаш учун фойдаланиларди–ю, ўша пайтда қуруқ эди.
25Шундан кейин улар овқатланиб ўтиришган эди, узоқдан шу томонга келаётган туялар карвонини кўриб қолишди. Карвон Исмоилий савдогарлари бўлиб, туяларга Гиладдан хушбўй зираворлар, мумиё, мирра#37:25 мирра — маълум бир дарахтларнинг қотган елимидан тайёрланган хушбўй модда. юклаб, Мисрга олиб кетишаётган эди. 26Шунда Яҳудо ака–укаларига деди:
— Укамизни ўлдириб, қонини яширганимиз билан бирор фойда топармидик?! 27Яхшиси, анави савдогарларга сотайлик. Шунда унинг ўлимида жавобгар бўлиб қолмаймиз. Нима бўлганда ҳам, у укамиз, жигаримиз–ку!
Ҳамма ака–укалари рози бўлишди. 28Исмоилий#37:28 Исмоилий — ибронийча матнда Мидиён наслидан келиб чиққан (шу бобнинг 36–оятида ҳам бор). Исмоил ва Мидиён халқлари Иброҳимнинг иккита ўғлидан келиб чиққанлар (25:1-2, 12 га қаранг). Бу халқлар яқин қариндош бўлганлари учун, уларнинг иккаловини ҳам баъзан Мидиён халқи, баъзан эса Исмоил халқи деб аташарди. савдогарлари ўтиб кетишаётганда, Юсуфни акалари сардобадан тортиб чиқардилар ва уни йигирма бўлак кумушга#37:28 йигирма бўлак кумуш — тахминан 230 граммга тўғри келади. Қадимги пайтларда маълум вазндаги кумуш бўлаклари одатда пул бирлиги сифатида ишлатилган. сотдилар. Савдогарлар Юсуфни Мисрга олиб кетдилар.
29Бир пайт Рубен сардоба олдига қайтиб келиб қараса, сардобада Юсуф йўқ. Рубен қайғудан кийимларини йиртди. 30У укалари олдига қайтиб келди ва:
— Бола у ерда йўқ! Энди нима қиламан–а! — деб йиғлади. 31Сўнг улар бир эчкини сўйиб, Юсуфнинг чопонини эчкининг қонига ботирдилар. 32Улар беқасам чопонни оталарига олиб келдилар.
— Мана бу чопонни даладан топиб олдик. Қаранг–чи, бу Юсуфнинг чопонимикан ёки йўқми?
33Ёқуб Юсуфнинг чопонини таниди.
— Эвоҳ! Бу ўғлимнинг чопони–ку! Юсуф ўғлимни бирорта ёввойи ҳайвон еган! Ўғилгинам тилка–пора бўлган!
34Ёқуб қайғудан кийимларини йиртиб, қанорга ўранди#37:34 …қайғудан кийимларини йиртиб, қанорга ўранди — қанор дағал қорамтир мато бўлиб, эчки ёки туя жунидан тўқилган. Кийимларни йиртиш ва қанорга ўраниб олиш умидсизликни ва қайғули ҳолатни ифодалайди.. Ўғли учун узоқ вақт аза тутди. 35Ўғиллари, қизлари унга тасалли беришга ҳаракат қилишарди. Лекин у тасалли топишни истамасди. “Ўликлар диёрига#37:35 Ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл. Қадимги пайтларда одамлар Шеўлни ер остидаги тубсиз чуқурлик, марҳумлар борадиган қоронғи жой деб тушунарди., ўғлимнинг олдига боргунимча аза тутаман”, деб айтарди. Шундай қилиб, Ёқуб ўғлига аза тутаверди.
36Шу орада Исмоилий савдогарлари Юсуфни Мисрда Пўтифар деган одамга сотишди. Пўтифар Миср шоҳи — фиръавннинг аъёнларидан бири — сарой қўриқчиларининг бошлиғи эди.

Currently Selected:

Ибтидо 37: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in