Ибтидо 38
38
38–БОБ
Яҳудо ва Тамара
1Шу орада Яҳудо ака–укаларидан ажралиб, алоҳида бўлди ва Адуллам шаҳрига#38:1 Адуллам шаҳри — Канъондаги шаҳар, Хеврондан қарийб 16 километр шимоли–шарқда жойлашган. Ёқуб ва унинг оиласи бу пайтда Хевронда истиқомат қиларди (35:27, 37:1 га қаранг). кўчиб келди. У Хирах деган одамга яқин жойга ўрнашди. Хирах ўша ерлик эди. 2Яҳудо бу ерда Канъон халқидан бўлган бир қизни учратиб қолди. Бу қиз Шуво деган одамнинг қизи эди. Яҳудо ўша қизга уйланди. 3Ўша аёл ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. Яҳудо ўғлига Ғур деб исм қўйди. 4Яҳудонинг хотини яна ҳомиладор бўлиб, иккинчи ўғлини туғди. Бу ўғлига Ўнан деб исм қўйди. 5Яҳудонинг хотини учинчи ўғлини туғди ва унга Шело деб исм қўйди. Бу ўғли туғилганда, Яҳудо Хазиб шаҳрида эди. 6Тўнғич ўғли Ғур улғайгач, Яҳудо уни Тамара деган қизга уйлантирди. 7Лекин Ғур Эгамизнинг олдида қабиҳлик қиларди. Охири, Эгамиз унинг жонини олди. 8Шундан кейин Яҳудо Ўнанга айтди:
— Сен акангнинг хотинига уйланиб, қайнағалик бурчингни бажар, токи акангга зурриёт қолсин#38:8 Сен акангнинг хотинига уйланиб…токи акангга зурриёт қолсин — ўша даврдаги урф–одатга кўра, одам фарзанд кўрмасдан вафот этган бўлса, марҳумнинг ака–укаларидан ёки энг яқин уруғларидан бири унинг наслини давом эттириш мақсадида бева қолган хотинни олиши керак эди. Улардан туғилган болалар ўлган одамники ҳисобланган. Шу тариқа марҳумнинг номи давом этаверган. Бу одат кейинчалик қонун сифатида Тавротга киритилган (Қонунлар 25:5-10 га қаранг)..
9Лекин Ўнан билардики, туғиладиган бола ўзиники ҳисобланмасди. Шу сабабдан Ўнан ҳар сафар Тамаранинг ёнига кирганда, акамга зурриёт қолмасин#38:9 …акамга зурриёт қолмасин… — ўша даврдаги одатга кўра, агар Ўнаннинг марҳум акаси фарзандсиз қолса, Ғурнинг мероси Ўнан ва унинг укасига ўтар эди. Борди–ю, Тамара Ўнандан фарзанд кўрганда, ўша фарзанд Ғурнинг меросхўри бўларди. Бу одат кейинчалик қонун сифатида Тавротга киритилган (Саҳрода 27:8-11 га қаранг). деб, уруғини ерга тўкарди. 10Ўнан бу қилмиши билан Эгамизнинг олдида қабиҳлик қилаётган эди. Шунинг учун Эгамиз Ўнаннинг ҳам жонини олди. 11Шундан кейин Яҳудо келини Тамарага:
— Отангнинг уйига бориб турмушга чиқмай, ўтира тур–чи, ўғлим Шело улғайиб қолар, — деди. Чунки Яҳудо: “Шело ҳам акаларига ўхшаб ўлиб қолмасин”, деб қўрққан эди. Шундай қилиб, Тамара отасининг уйига қайтиб кетди.
12Орадан бирмунча вақт ўтгач, Яҳудонинг хотини вафот этди. Яҳудо аза муддатини тугатгандан кейин, Адулламлик дўсти Хирах билан бирга қўйларининг жунини қирқаётганлардан хабар олгани Тимнах шаҳрига кетди. 13Кимдир Тамарага: “Қайнатанг қўйларининг жунини қирқаётганлардан хабар олгани Тимнахга кетяпти”, деб айтиб қолди. 14Тамара эгнидаги азадорлик либосларини ўзгартирди. Юзини рўмол билан беркитиб олди–да, Энайим шаҳри дарвозаси ёнида#38:14 …шаҳри дарвозаси ёнида… — 19:1 нинг иккинчи изоҳига қаранг. ўтирди. Бу шаҳар Тимнахга борадиган йўлда эди. Яҳудонинг кичик ўғли Шело вояга етганини Тамара биларди. Лекин ҳалигача Тамарани Шелога олиб бермаган эдилар. 15Яҳудо Тамарани кўриб қолди. Тамара юзини беркитиб олгани учун, Яҳудо: “Бу аёл фоҳиша бўлса керак”, деб ўйлади. 16Яҳудо йўл бўйида ўтирган Тамаранинг олдига келди. Бу аёл ўзининг келини эканини Яҳудо билмагани учун унга: “Мен билан бирга бўлгин”, деб таклиф қилди.
— Сиз билан бўлсам, эвазига нима берасиз? — деб сўради Тамара.
17— Сурувимдан бир улоқча юбораман, — деди Яҳудо.
— Улоқчани юборгунингизча, менга гаровга бирон нарса қолдириб кетсангиз, — деди Тамара.
18— Бўпти, гаровга нима берай? — деб сўради Яҳудо.
— Бўйнингиздаги муҳрингизни боғичи билан, яна қўлингиздаги таёғингизни#38:18 …муҳрингизни…таёғингизни… — бу нарсалар туфайли Тамара у билан ётган киши Яҳудо эканини аниқ исботлай оларди., — деди Тамара.
Шундай қилиб, Яҳудо ўша нарсаларни Тамарага берди. Кейин у билан бўлди. Тамара Яҳудодан ҳомиладор бўлиб қолди. 19Тамара уйига борди. Юзидаги ёпинчиғини олиб, азадорлик либосларини яна кийиб олди.
20Яҳудо дўсти Хирахдан: “Мана бу улоқчани олиб бориб ўша аёлга бер, мен унга берган гаровни қайтариб ол”, деб илтимос қилди. Лекин Хирах у аёлни топа олмади. 21Хирах шу ерлик одамлардан:
— Мана шу шаҳарнинг дарвозаси ёнида — йўл четида бир фоҳиша ўтирар эди, ўша фоҳиша қаерда? — деб сўради.
— Бу ерда ҳеч қандай фоҳиша#38:21 фоҳиша — бу оятдаги ва мазкур бобнинг 22–оятидаги ибронийча сўзнинг маъноси саждагоҳдаги фоҳиша. Аслида Тамара саждагоҳ фоҳишаси эмасди. Канъонда саждагоҳ фоҳишалари оддий фоҳишаларга қараганда жамиятда юқорироқ ўрин тутар эдилар. Шу боис Яҳудонинг дўсти Хирах Тамарани камситиб юбормаслик учун унга нисбатан саждагоҳдаги фоҳиша иборасини ишлатган. Канъондаги одатга кўра, одамлар саждагоҳлардаги фоҳишалар билан жинсий алоқа қилганларида, шу йўл билан Канъондаги халқлар худоларига топиниб, фаровонлик ато қилишни сўрардилар. йўқ, — деб жавоб беришди ўша одамлар.
22Хирах Яҳудонинг олдига қайтиб келиб:
— У аёлни топа олмадим, — деди, — шаҳар одамлари ҳам, бу ерда ҳеч қандай фоҳиша йўқ, деб айтишди.
23— Майли, ўша нарсаларим у аёлга қолаверсин, — деди. — Мен унга улоқча жўнатгандим, сен топа олмадинг. Акс ҳолда, масхара бўлардик.
24Тахминан уч ойдан кейин Яҳудо: “Келининг Тамара фоҳиша экан, ҳомиладор бўлиб қолибди” деган гапни эшитди.
— Уни шаҳардан ташқарига олиб чиқиб ёқиб юборинглар! — деб буюрди Яҳудо.
25Тамарани олиб чиққанларида, у қайнатасига шу хабарни юборди: “Мен мана бу боғичи бор муҳр ва таёқнинг эгасидан ҳомиладор бўлганман, илтимос, бу нарсаларнинг эгасини аниқласангиз.” 26Яҳудо бу нарсаларни таниб, деди: “Мен зиммамдаги мажбуриятимни бажармадим — Тамарани ўғлим Шелога олиб бермадим, Тамара эса тўғри иш қилди.” Шундан кейин Яҳудо Тамара билан бошқа бўлмади.
27Тамаранинг кўзи ёрийдиган пайт яқинлашганда, унинг қорнида эгизаклар борлиги маълум бўлди. 28Тамара туғаётганда, эгизаклардан бири қўлини ташқарига чиқарди. Доя: “Буниси биринчи бўлиб туғилди”, деб чақалоқнинг қўлига қизил ип боғлаб қўйди. 29Лекин чақалоқ қўлини ичкарига тортиб олиши биланоқ иккинчиси туғилди. Доя: “Сен йўлингни ўзинг ёриб чиқдинг!” деди. Шу сабабдан унга Параз#38:29 Параз — ибронийчадаги маъноси ёриб чиқмоқ. деб исм қўйилди. 30Сўнгра қўлига қизил ип боғланган чақалоқ туғилди. Унга Зерах#38:30 Зерах — бу исм ибронийчадаги шафақдай қизил сўзига оҳангдош, чақалоқнинг қўлидаги қизил ип назарда тутилган бўлиши мумкин. деб исм қўйилди.
Currently Selected:
Ибтидо 38: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020