YouVersion Logo
Search Icon

Ибтидо 39

39
39–БОБ
Юсуф билан Пўтифарнинг хотини
1Исмоилий савдогарлари Юсуфни Мисрга олиб келишгач, уни Мисрлик Пўтифар деган бир одамга сотишди. Пўтифар фиръавннинг аъёнларидан бири бўлиб, қўриқчилар бошлиғи эди. 2Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унга кўп муваффақият келтирарди. Юсуф Мисрлик хўжайинининг хонадонида хизмат қилиб юраверди. 3Пўтифар кўрдики, Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, ҳар бир қилган ишида унга муваффақият келтиряпти. 4Шундай қилиб, Юсуф хўжайинининг илтифотига сазовор бўлди, хўжайинининг мулозими бўлиб қолди. Пўтифар Юсуфни ўз хонадони устидан назоратчи қилиб, бутун мол–мулкини унга ишониб топширди. 5Пўтифар Юсуфни назоратчи қилиб тайинлаган кундан бошлаб, Эгамиз Юсуф туфайли Пўтифарнинг хонадони аҳлига, унинг уйидаги ва даласидаги бутун мол–мулкига барака берадиган бўлди. 6Буни кўрган Пўтифар бутун мол–мулкини Юсуфнинг ихтиёрига топширди. Пўтифарнинг ейдиган овқатидан бошқа ҳеч нарса билан иши бўлмасди.
Юсуф жуда чиройли, келишган йигит эди. 7Орадан маълум вақт ўтгач, хўжайинининг хотини Юсуфга кўзларини сузиб: “Мен билан бирга бўл”, деб таклиф қилди. 8Лекин Юсуф рад қилди ва хўжайинининг хотинига деди:
— Ўзингиз ўйлаб кўринг, мен бу ерда бўлганим учун, хўжайиним хонадонидаги ҳеч бир нарса тўғрисида қайғурмайди, ҳамма нарсасини менинг қўлимга топшириб қўйди. 9Бу хонадонда ҳеч ким мендан катта эмас. Сиздан бошқа бирор нарсани мендан аямади. Чунки сиз унинг хотинисиз. Қандай қилиб мен шу қадар қабиҳлик қилиб, Худога қарши гуноҳ қиламан?!
10Пўтифарнинг хотини ҳар куни Юсуфга таклиф қилса ҳам, лекин Юсуф рад қилиб, у билан бўлмади.
11Бир куни Юсуф ўз ишларини бажариш учун уйга кирди. Уйда хизматкорлардан биронтаси ҳам йўқ эди. 12Аёл Юсуфнинг кийимидан ушлаб: “Мен билан бўл!” деди. Лекин Юсуф ташқарига қочиб чиқиб кетди. Юсуфнинг кийими эса аёлнинг қўлида қолди. 13Аёл кўрдики, Юсуф кийимини унинг қўлида қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди. 14Шунда аёл уйдаги хизматкорларни чақирди. Аёл ҳўнграб деди:
— Қаранглар! Эрим манави ибронийни бизни таҳқирлаш учун олиб келган экан! У мен билан ётгани кирган экан, овозим борича бақирдим. 15Додлаганимдан кейин, кийимини ёнимда қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди.
16Хўжайин уйга келгунча, аёл Юсуфнинг кийимини ўзида сақлаб турди. 17Аёл эрига ҳам ўша воқеани айтиб берди: “Сиз уйимизга олиб келган анави иброний қулвачча хонамга кириб, мени таҳқирламоқчи бўлди. 18Мен дод солган эдим, у кийимини ёнимда қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди.”
19Пўтифар буни эшитгач, ғазабланди. 20У Юсуфни ушлаб, шоҳнинг маҳбуслари сақланадиган зиндонга ташлади. Шундай қилиб, Юсуф зиндонда қолаверди. 21Лекин Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унга марҳамат кўрсатарди. Натижада зиндонбоши Юсуфга илтифот қиларди. 22Зиндонбоши зиндондаги ҳамма маҳбусларга қараб туришни Юсуфга юклаб қўйди, зиндонда бўладиган ҳамма ишларга Юсуф масъул эди. 23Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унинг ҳамма ишларида муваффақият келтирарди. Шунинг учун Юсуф масъул бўлган ишларга зиндонбоши аралашмасди.

Currently Selected:

Ибтидо 39: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in