YouVersion Logo
Search Icon

Ибтидо 40

40
40–БОБ
Юсуф маҳбусларнинг тушини таъбир қилади
1Бир куни сарой соқийси#40:1 соқий — шоҳга ўз қўли билан шароб қуядиган, саройда юқори мартабага эга бўлган, ишончга лойиқ аъён. Шунингдек, у шоҳ учун шароб танлаши ва уни татиб кўриб, заҳарли эмаслигига ишонч ҳосил қилиши керак эди. билан новвойи Миср фиръавнини қаттиқ хафа қилдилар. 2Фиръавн бу иккала аъёнидан — соқийси билан новвойидан ғазабланиб, 3уларни ҳам Юсуф ётган зиндонга қаматиб қўйди. Зиндон қўриқчилар бошлиғининг уйида эди. 4Қўриқчилар бошлиғи Юсуфни соқий билан новвойнинг хизматига қўйди. Юсуф уларга хизмат қила бошлади. Улар анча вақт зиндонда қолдилар.
5Фиръавннинг соқийси билан новвойи зиндонда ётар эканлар, бир куни кечаси иккови ҳам туш кўрдилар. Ҳар бир тушнинг ўзига хос маъноси бор эди. 6Эрталаб Юсуф уларнинг ёнига келди. Уларнинг юзи ғамгин эди. Юсуф буни пайқади.
7— Нимага бугун жуда ғамгин кўринасизлар? — деб сўради Юсуф улардан.
8— Биз туш кўрган эдик, бу ерда тушимизни таъбирлаб берадиган бирон кимса йўқ, — деб жавоб беришди улар.
— Тушларни таъбирлаш Худодандир, — деди Юсуф. — Марҳамат, тушингизни менга айтинг–чи.
9Аввал соқий тушини Юсуфга айтиб берди:
— Тушимда ток кўрибман. Ток олдимда турган эмиш. 10Токнинг учта новдаси бор экан. Новдалар дарров куртак отиб, мева тугиб узумлар пишибди. 11Фиръавннинг қадаҳи қўлимда эмиш. Мен узумларни олиб, фиръавннинг қадаҳига узумнинг шарбатини сиқибман. Кейин қадаҳни фиръавннинг қўлига берибман.
12Юсуф унга деди:
— Тушингизнинг таъбири шундай бўлар: учта новда — уч кун дегани. 13Уч кун ичида фиръавн сизни зиндондан озод қилиб, олдинги мансабингизга қайтаради: сиз яна соқий бўлиб, илгаригидай шоҳга қадаҳ тутасиз. 14Лекин сиздан бир илтимос: ишларингиз яхши бўлиб кетганда, мени ҳам эслаб қўйинг. Сиз менга илтифот кўрсатиб, фиръавнга мен тўғримда ҳам эслатиб қўйинг: мени зиндондан чиқариб олсин. 15Мен аслида ибронийлар юртидан ўғирлаб келтирилганман. Бунинг устига, яна бу ерда зиндондаман, лекин ҳеч қандай айбим йўқ.
16Новвой қараса, тушнинг таъбири яхшиликка экан. У Юсуфга деди:
— Мен ҳам туш кўрибман. Бошимда учта нон саватни олиб кетаётган эмишман. 17Энг тепадаги саватда фиръавнга аталган пишириқларнинг ҳар туридан бор экан. Лекин қушлар учиб келиб, бошимдаги саватдан пишириқларни чўқиётган экан.
18— Тушингизнинг таъбири шундай бўлар, — деди Юсуф. — Учта сават — уч кун дегани. 19Уч кун ичида фиръавн бошингизни танангиздан жудо қилиб, танангизни тик ўрнатилган ходанинг учига қоқтиради. Қушлар танангизни чўқиб ейди.
20Орадан уч кун ўтгач, фиръавн туғилган кунида барча аъёнларига зиёфат берди. Соқийси билан новвойини ҳам зиндондан аъёнлари олдига чақиртирди. 21Фиръавн соқийсини озод қилиб, олдинги мансабига қайтарди. Шундай қилиб, соқий яна фиръавнга қадаҳ тутадиган бўлди. 22Лекин Юсуф айтгандай, фиръавн новвойнинг бошини олдириб, жасадини тик ўрнатилган ходанинг учига қоқтирди. 23Соқий эса Юсуфни эсламади, уни унутиб юборди.

Currently Selected:

Ибтидо 40: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in