YouVersion Logo
Search Icon

Ибтидо 41

41
41–БОБ
Юсуф фиръавннинг тушини таъбир қилади
1Орадан икки йил ўтди. Бир куни Миср фиръавни туш кўрди. Тушида у Нил дарёси бўйида турган эмиш. 2Бир пайт дарёдан еттита боқилган, семиз сигир чиқиб, қирғоқдаги ўтларни ея бошлабди. 3Сўнгра дарёдан яна еттита сигир чиқибди. Бу сигирлар жуда ҳам хунук, ориқ экан. Булар семиз сигирларнинг ёнига келиб турибди. 4Бир вақт ориқ сигирлар семиз сигирларни еб қўйибди! Шундан кейин фиръавн уйғониб кетди. 5Сўнгра у яна ухлаб қолди ва бошқа туш кўрди. Тушида битта буғдой поясида еттита тўлиқ, пишган бошоқ ўсган эмиш. 6Кейин ўша пояда яна еттита бошоқ ўсиб чиқибди. Бу бошоқлар саҳро шамолида қовжираб, пучайиб кетган экан. 7Бирдан пучайган бошоқлар еттита пишган, тўлиқ бошоқни ютиб юборибди!
Фиръавн яна уйғониб кетди. Бу туши экан.
8Фиръавн саҳарда кўрган тушини ўйлаб, кўнгли жуда ғаш бўлди. “Тушим нимадан дарак берар экан”, деб жуда хавотирланди. Шу боисдан Мисрдаги жамики сеҳргарларни ва донишмандларни чақиртирди. Фиръавн уларга кўрган тушини айтиб берди. Лекин уларнинг биронтаси фиръавннинг тушини таъбир қилиб бера олмади.
9Шу орада фиръавннинг соқийси#41:9 соқий — 40:1 изоҳига қаранг. сўз олди:
— Бугун айбларимни эътироф этишимга тўғри келади. 10Жаноби олийлари! Сиз бирмунча вақт олдин новвой билан мендан ғазабланиб, бизни қўриқчилар бошлиғининг уйидаги зиндонга ташлаган эдингиз. 11Новвой билан мен бир куни кечаси туш кўрибмиз. Тушларимизнинг ўзига хос маъноси бор эди. 12Биз билан зиндонда бир иброний йигит ҳам ётган эди. У қўриқчилар бошлиғининг хизматкори эди. Биз ўша иброний йигитга тушимизни айтганимизда, ҳар биримизнинг тушимизни таъбир қилиб берди. 13Ҳаммаси ўша иброний йигит айтгандай бўлди. Мен олдинги мансабимга қайтдим, новвойни эса тик ўрнатилган ходага қоқишди.
14Фиръавн Юсуфга одам юборди. Юсуф зудлик билан зиндондан чиқарилди. У соқолини олиб, кийимларини ўзгартирди–да, фиръавннинг ҳузурига келди.
15— Ўтган кечаси мен туш кўрдим, — деб гап бошлади фиръавн Юсуфга. — Лекин ҳеч ким тушимни таъбир қилиб бера олмади. Эшитишимча, сен тушларни таъбирлай олар экансан. Шу сабабдан сени чақиртирган эдим.
16— Жаноби олийлари, мен ўзим тушингизни таъбирлай олмайман, — деб жавоб берди Юсуф. — Тўғри жавобни сизга Худо беради.
17Шундан кейин фиръавн Юсуфга тушини айтди:
— Тушимда Нил дарёси бўйида турган эмишман. 18Бир пайт дарёдан еттита боқилган, семиз сигир чиқиб, қирғоқдаги ўтларни ея бошлабди. 19Сўнгра дарёдан яна еттита сигир чиқибди. Бу сигирлар жуда ҳам хунук, ориқ экан. Бунақанги хунук сигирни бутун Миср юртида кўрмаган эдим. 20Бир вақт ориқ, хунук сигирлар дарёдан олдин чиққан семиз сигирларни еб қўйибди. 21Хунук сигирлар семиз сигирларни егандан кейин ҳам, улар ҳеч нарса емагандай хунуклигича қолавердилар. Шундан кейин уйғониб кетибман. 22Сўнгра яна ухлаб қолиб, бошқа туш кўрибман. Тушимда битта буғдой поясида еттита тўлиқ, пишган бошоқ ўсган эмиш. 23Кейин ўша пояда яна еттита бошоқ ўсиб чиқибди. Бу бошоқлар саҳро шамолида сўлиб, қовжираб, пучайиб кетган экан. 24Бирдан пучайган бошоқлар еттита пишган, тўлиқ бошоқни ютиб юборибди! Мен тушимни сеҳргарларимга айтган эдим, лекин биронтаси ҳам маъносини айтиб бера олмади.
25— Фиръавн жаноби олийларининг иккала тушининг маъноси ҳам бирдир, — деди Юсуф фиръавнга. — Худо нима қилмоқчи эканини фиръавнимизга аён этибди. 26Еттита семиз сигир ва еттита тўлиқ бошоқ етти йил деганидир, буларнинг маъноси бирдир. Шу йиллари фаровонлик бўлади. 27Еттита озғин, хунук сигир билан еттита пучайган бошоқ ҳам етти йил деганидир. Шу йиллари қаҳатчилик бўлади. 28Фиръавн жаноблари! Айтганимдай, Худо нима қилмоқчи эканини сизга кўрсатибди. 29Бутун Миср юртида етти йил давомида ҳосил ниҳоятда мўл бўлади. 30Лекин шундан кейин етти йил давомида шундай даҳшатли қаҳатчилик бўладики, Мисрда олдинги фаровонлик йиллари унутилиб кетади. Қаҳатчилик юртни хароб қилади. 31Қаҳатчилик ниҳоятда оғир бўлганидан, одамлар хотирасидан фаровонлик даври тамомила ўчиб кетади. 32Фиръавн жаноблари икки марта туш кўрганларининг маъноси шуки, бу иш муқаррар юз беришини Худо таъкидлаяпти, Худо буни яқин орада амалга оширади. 33Шунинг учун, фиръавн жаноблари, сиз ақл–идрокли, доно бир одамни танлаб олиб, Миср юрти устидан тайинланг. 34Яна юрт устидан назоратчилар тайин қилинг. Ўша назоратчилар ҳосилдор етти йил давомида Миср юртидаги бутун ҳосилнинг бешдан бир қисмини олсинлар. 35Уларга фармон беринг: фаровонлик йиллари давомида улар дон ғамлашсин, сизнинг назоратингиз остида шаҳарларда дон йиғиб, қўриқлашсин. 36Шу йўл билан етти йил қаҳатчилик даврида озиқ–овқат бўлиши учун дон ғамланиб туради. Акс ҳолда, қаҳатчилик, шубҳасиз, юртни хароб қилади, бутун халқ ҳалок бўлади.
Юсуф Миср ҳокими бўлади
37Юсуфнинг маслаҳати фиръавнга ҳам, унинг барча аъёнларига ҳам жуда маъқул келди. 38Фиръавн аъёнларига: “Биз Юсуфдан бошқа Худонинг Руҳи бошқарадиган бирорта одамни топа олармидик”, деб айтди. 39Шу боисдан Юсуфга:
— Худо буларнинг ҳаммасини сенга аён қилган экан, бу юртда энг ақл–идрокли, доно одам сенсан, — деди. 40— Мен сени ўзимга вазир қилиб тайинлайман, бутун халқим сенинг буйруғингга итоат этади. Мен сендан фақат тахтим билан устунман, холос.
41Фиръавн яна Юсуфга:
— Мана, сени бутун Миср юрти устидан ҳоким қилиб тайинладим, — деди. 42Сўнг фиръавн ўзининг муҳр узугини бармоғидан чиқариб, Юсуфнинг бармоғига тақиб қўйди. У Юсуфга шоҳона либослар кийдириб, бўйнига олтин занжир тақиб қўйди. 43Фиръавн Юсуфга ўнг қўл вазир сифатида извошини ҳам тақдим қилди. Юсуф қаерга бормасин, одамларга: “Тиз чўкинглар!” деган буйруқ бериларди. Шундай қилиб, фиръавн Юсуфни бутун Миср юрти устидан ҳоким қилди. 44Фиръавн Юсуфга яна шундай деди:
— Фиръавн мен бўлсам ҳам, бутун Миср юртида бирон кимса сенинг ижозатингсиз ҳатто миқ этолмайди.
45Фиръавн Юсуфга Зофнат–Паниёх деб исм қўйди ва Он шаҳри#41:45 Он шаҳри — Гелиополь номи билан ҳам маълум бўлиб, ҳозирги Қоҳирадан қарийб 11 километр шимоли–шарқда, Нил дарёси бўйида жойлашган. руҳонийси Пўтиферонинг қизи Осанатни олиб берди. Шундай қилиб, Юсуф бутун Миср юртида ҳоким бўлиб қолди.
46Юсуф Миср фиръавни хизматига кирган пайтда, ўттиз ёшда эди. Юсуф фиръавн саройидан чиқиб, бутун Миср юртини кезиб чиқарди. 47Етти йил фаровонлик даврида ер мўл–кўл ҳосил берди. 48Шу йиллар давомида Юсуф Мисрда етиштирилган ҳосилдан бир қисмини олиб, шаҳарларда дон ғамлади. Хусусан, ҳар бир шаҳар атрофидаги далалардан ўша шаҳарга дон йиғиларди. 49Юсуф шунчалик кўп дон ғамладики, денгиздаги қумдек кўп эди. Шунинг учун донни ўлчамай қўйди. Дон беҳисоб даражада кўп эди.
50Қаҳатчилик йиллари бошланишидан олдин, Юсуфга хотини Осанат икки ўғил туғиб берди. 51Юсуф: “Қайғуларимни ва отам хонадонини Худо эсимдан чиқарди”, деб тўнғич ўғлининг исмини Манаше#41:51 Манаше — бу исм ибронийчадаги эсимдан чиқармоқ сўзига оҳангдош. қўйди. 52Иккинчи ўғлининг исмини Эфрайим#41:52 Эфрайим — бу исм ибронийчадаги баракали сўзига оҳангдош. қўйди. “Чунки, — деди Юсуф, — мен азоб–уқубат тортган юртда Худо мени баракали қилди.”
53Ниҳоят, ҳосилдор етти йил ҳам тугади. 54Юсуф таъбир қилгандай, етти йиллик қаҳатчилик бошланди. Атрофдаги ҳамма юртларда дон танқис бўлиб, Миср юртидагина нон бор эди. 55Охири, Миср юртида ҳам очарчилик бошланди. Миср халқи нон сўраб фиръавнга ёлворди. Фиръавн эса халққа: “Юсуфга боринглар, у нима деса, шуни қилинглар”, деди. 56Қаҳатчилик кучайиб, бутун юртга ёйилгач, Юсуф ҳамма омборхоналарнинг эшикларини очиб, Мисрликларга дон сота бошлади. 57Бутун дунё бўйлаб қаҳатчилик кучайиб борар, шунинг учун атрофдаги юртларнинг халқлари Юсуфдан дон сотиб олгани Мисрга келишарди.

Currently Selected:

Ибтидо 41: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in