Ибтидо 34
34
34–БОБ
Динанинг номуси булғанади
1Бир куни Ёқуб ва Леахнинг қизи Дина шу ерлик қизларни кўришга борди. 2Бу ернинг беги Хамўр бўлиб, у Хив уруғидан эди. Хамўрнинг ўғли Шакам қизни кўриб қолиб, ушлади ва унинг номусига тегди. 3Шакам Динани қаттиқ севиб қолди, қизнинг севгисини қозонишга ҳаракат қилди. 4Отасига: “Шу қизни менга олиб беринг”, деб айтди.
5Ёқуб қизининг номуси топталганини эшитди. Ёқубнинг ўғиллари эса далада мол–қўйларини боқиб юрган эдилар. Улар қайтиб келгунларича Ёқуб ўзини босиб турди. 6Шакамнинг отаси Хамўр бу иш юзасидан гаплашгани Ёқубнинг олдига келди. 7Шу пайтда Ёқубнинг ўғиллари даладан келиб қолишди. Сингиллари шарманда бўлганини эшитишди–ю, қаттиқ ғазабланиб, тутақиб кетдилар. Шакам Ёқубнинг қизини булғаб, Исроилда шармандали иш қилган эди. Бундай иш ҳеч бўлмаслиги керак эди.
8Хамўр уларга:
— Ўғлим Шакамнинг қизингизга ишқи тушиб қолибди, илтимос, қизингизни ўғлимга берсангизлар, — деди. 9— Бир–биримиз билан қуда–андачилик қилайлик, қизларингизни ўғилларимизга олиб берайлик, ўғилларингизга қизларимизни олиб беринглар. 10Шунда юртимизда биз билан бирга, хоҳлаган ерингизда яшайверасизлар, бемалол савдо–сотиқ қилаверасизлар#34:10 …бемалол савдо–сотиқ қилаверасизлар… — ёки …хоҳлаган жойингизга бораверасизлар… (шу бобнинг 21–оятида ҳам бор)., ерларимиздан ўзларингизга мулк орттирасизлар.
11Шакам ҳам Динанинг отаси билан акаларига илтимос қилиб, деди:
— Менга мурувват қилинглар, Динани менга беринглар, эвазига истаган нарсаларингизни бераман. 12Қанча қалин ёки совға талаб қиласизлар — мен учун аҳамияти йўқ, бераман. Фақат қизингизга уйлансам бўлди.
13Шакам Динани шарманда қилгани учун, Шакам билан Хамўрни Динанинг акалари алдадилар. 14Улар Шакам билан Хамўрга дедилар:
— Синглимизни қандайдир суннатсиз одамга беролмаймиз. Агар берсак, биз иснодга қоламиз#34:14 Синглимизни…биз иснодга қоламиз — 17:9-14 га қаранг.. 15Биз фақат бир шарт билан рози бўламиз: ҳамма эркакларингиз бизга ўхшаб суннат қилинишлари керак. 16Шунда биз қизларимизни сизларга берамиз, сизларнинг қизларингизни оламиз. Сизларнинг орангизда яшаб, сизлар билан бир халқ бўламиз. 17Лекин бизнинг шартимизга кўнмасдан, суннат қилинмасангизлар, синглимизни#34:17 синглимиз — ибронийча матнда қизимиз, Динага ишора. олиб кетамиз.
18Уларнинг гапига Хамўр билан Шакам бажонидил рози бўлишди. 19Шакам Динага хуштор бўлиб қолганидан, бу талабни бажаришни тезлаштирди. У оиласида ҳурматга сазовор, энг обрўли одам эди. 20Хамўр билан Шакам шаҳар дарвозасига#34:20 …шаҳар дарвозасига… — 19:1 нинг иккинчи изоҳига қаранг. келиб, шаҳарнинг оқсоқолларига шундай дейишди:
21— У одамлар — бизнинг дўстларимиз. Улар бизнинг юртимизда яшаб, савдо–сотиқ қилаверсинлар. Юртимиз кенг, уларга ҳам етади. Шунда бир–биримиз билан қиз олиб, қиз беришамиз. 22Улар фақат бир шарт билан бизнинг орамизда яшаб, биз билан бир халқ бўлишга рози: орамиздаги ҳамма эркаклар, улар сингари, суннат бўлишлари керак экан. 23Агар биз шундай қилсак, уларнинг ҳамма қўй–эчкилари, мол–мулки бизники бўлади. Келинглар, уларнинг айтганларига рози бўлайлик, токи улар бизнинг орамизда яшаб қолишсин.
24Шаҳар дарвозасига борганлар Хамўр билан унинг ўғли Шакамнинг гапларини эшитгач, рози бўлдилар. Бутун шаҳар эркаклари суннат қилиндилар.
25Орадан уч кун ўтди. Шаҳарнинг ҳамма эркаклари суннат қилинганлари учун ҳали ҳам оғриб ётган эдилар. Ёқубнинг икки ўғли — Динанинг акалари Шимўн билан Леви#34:25 …Динанинг акалари Шимўн билан Леви… — Шимўн билан Леви Леахдан туғилган бўлиб, Динанинг туғишган акалари эди (29:33-34, 30:21 га қаранг). қиличларини олдилар ва бамайлихотир шаҳарга кирдилар. Шаҳардаги ҳамма эркакни ўлдирдилар. 26Хамўр билан унинг ўғли Шакамни ҳам ўлдириб, Шакамнинг уйидан Динани олиб кетдилар. 27Ёқубнинг қолган ўғиллари, синглимизни шарманда қилганлари учун қасос оламиз деб, жасадларни талаб, шаҳарни талон–тарож қилдилар. 28Улар шаҳардаги ва далалардаги жамики қўй–эчкиларни, мол подаларини, эшакларни олиб кетдилар. 29Шаҳар халқининг ҳамма бойликларини, уйларидаги ҳамма нарсасини ўлжа қилиб, болаларини ва аёлларини асир қилиб олиб кетдилар. 30Шунда Ёқуб Шимўн билан Левига деди:
— Сизлар бошимга бало келтирдингиз. Энди бу юртдаги Канъон ва Париз халқлари, қолаверса, ҳамма мени ёмон кўради. Биз озчилик бўлсак, ахир. Улар биргалашиб ҳужум қилиб қолгудек бўлса, ҳаммамиз қирилиб кетамиз–ку!
31Шунда ўғиллари:
— Синглимизга фоҳишадай муомала қилишларига йўл қўймаймиз! — деб эътироз билдирдилар.
Currently Selected:
Ибтидо 34: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020