Ибтидо 33
33
33–БОБ
Ёқуб билан Эсов учрашади
1Ёқуб қараса, Эсов келаётган экан, ёнида тўрт юзта одами ҳам бор. Ёқуб болаларини Леахга, Роҳилага ва иккала чўрисига#33:1 иккала чўри — Билхах (29:29, 30:4 га қаранг) ва Зилпо (29:23-24, 30:9 га қаранг) назарда тутилган. тақсимлади. 2Чўрилари билан уларнинг болаларини энг олдинга, Леах билан унинг болаларини улардан кейин, Роҳила билан Юсуфни эса охирига қўйди. 3Ёқубнинг ўзи уларнинг олдида борди. Акасининг олдига етиб боргунча етти марта эгилиб таъзим қилди.
4Эсов ҳам укасини кутиб олгани югуриб бориб, уни қучоқлаб олди. Ёқубнинг бўйнига осилиб, ўпди. Иккови ҳам йиғлар эди. 5Эсов аёлларга ва болаларга қараб:
— Ёнингдаги бу одамлар сенга ким бўлади? — деб сўради.
— Мен, қулингизга Худо иноят қилиб берган болаларим, — деди Ёқуб.
6Шундан кейин чўрилар билан уларнинг болалари Эсовнинг олдига келишиб, унга эгилиб таъзим қилдилар. 7Улардан кейин Леах билан унинг болалари яқин келиб, эгилиб таъзим қилишди. Охирида Юсуф билан Роҳила яқин келиб, эгилиб таъзим қилдилар.
8— Менга сурувлару подалар жўнатибсан, бундан мақсадинг нима эди? — деб сўради Эсов.
— Ҳазратимнинг илтифотига сазовор бўлишим учун ҳадя қилиб юборган эдим, — деб жавоб берди Ёқуб.
9— Раҳмат, ука, ўзимники жуда кўп, ўзингники ўзингга буюрсин, — деди Эсов.
10— Йўқ, илтимос, агар мени илтифотингизга сазовор билсангиз, ҳадяларимни оласиз, — деб туриб олди Ёқуб. — Сиз мени шундай яхши кутиб олдингизки, мен учун сизнинг юзингизни кўриш — Худонинг юзини кўришга ўхшайди. 11Илтимос қиламан, ҳадяларимни олинг. Худо менга иноят қилиб, керакли ҳамма нарсани берди.
Ёқуб қаттиқ илтимос қилавергандан кейин, охири, Эсов ҳадяларни олишга рози бўлди.
12— Қани, энди кетайлик, мен сенга йўл кўрсатиб бораман.
13Ёқуб эса шундай деди:
— Ўзингиз кўриб турибсиз, ҳазратим, болаларим чиниқмаган, қўй–сигирларим ҳам болалаган. Қўй–сигирларимни бир кунгина қистаб ҳайдасалар, бутун чорва нобуд бўлади. 14Шунинг учун мендан олдинда кетаверсангиз. Мен чорванинг юришига ва болаларнинг қадамига қараб секин боравераман. Сиз билан Сеир юртида#33:14 Сеир юрти — 32:3 изоҳига қаранг. учрашамиз.
15— Бўпти, бўлмаса, одамларимдан баъзиларини сен билан қолдирай, ҳам сизларга йўл кўрсатиб боради, ҳам қўриқлаб кетади, — деди Эсов.
— Нима қиласиз овора бўлиб?! Менга кўп меҳрибонлик кўрсатяпсиз, шунга ҳам раҳмат.
16Эсов ўша куни Сеирга қайтиб кетди. 17Ёқуб эса оиласи билан Сухотга қараб кетди. У ерда ўзига бир уй, чорваси учун қўралар қурди. Шунинг учун бу жойга Сухот#33:17 Сухот — ибронийчадаги маъноси қўралар. деб ном берилди.
18Шундай қилиб, Ёқуб Паддон–Орамдан#33:18 Паддон–Орам — 25:20 изоҳига қаранг. Канъон юртидаги Шакам шаҳрига#33:18 Шакам шаҳри — 12:6 нинг биринчи изоҳига қаранг. эсон–омон қайтиб келди. Шаҳар ташқарисида чодирларини тикди. 19У чодир тиккан жойлар Хамўр деган одамнинг ўғилларига қарашли мулк эди. Хамўр Шакамнинг отаси эди. Ёқуб бу жойларни Хамўрнинг ўғилларидан юз бўлак кумушга#33:19 юз бўлак кумуш — ибронийча матнда юз кисито. Бу пул бирлигининг қиймати ва оғирлиги ҳақидаги маълумот сақланиб қолмаган. Қадимги пайтларда маълум вазндаги кумуш бўлаклари одатда пул бирлиги сифатида ишлатилган. сотиб олди. 20Бу ерда у қурбонгоҳ қуриб, бу жойни “Худо Исроилнинг Худосидир”#33:20 “Худо Исроилнинг Худосидир” — ибронийча матнда “Эл–Элоҳей–Исроил”, маъноси Худо Исроилнинг Худосидир. Ёқуб (яъни Исроил) ўзининг Худога тегишли эканлигини эълон қилмоқда (28:20-21 га қаранг). деб атади.
Currently Selected:
Ибтидо 33: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020