Юҳанно 20
20
20–БОБ
Исо тирилади
1Якшанба куни эрта саҳарда, кун ёришмасдан, Магдалалик#20:1 Магдала — Жалила кўлининг ғарбий қирғоғидаги қишлоқ. Марям қабрнинг олдига келиб, қабр оғзидаги тошнинг ағдарилганини кўрди. 2Сўнг у югуриб, Бутрус#20:2 Бутрус — юнонча матнда Шимўн Бутрус (шу бобнинг 6–оятида ҳам бор). 1:40 изоҳига қаранг. ва Исонинг севикли шогирди#20:2 Исонинг севикли шогирди — яъни Юҳанно. олдига бориб деди:
— Ҳазратимизнинг жасадини қабрдан олиб кетишибди. Уни қаерга қўйишганини билмаймиз.
3Бутрус ва бошқа шогирд қабр томон жўнашди. 4Иккови бирга югуриб кетишди. Аммо у шогирд Бутрусдан тезроқ югуриб, қабрга биринчи бўлиб етиб келди. 5У энгашиб ичкарига қаради–да, у ерда ётган кафанни кўрди. Лекин қабрга кирмади. 6Унинг орқасидан Бутрус етиб келиб, қабрга кирди. У ерда ётган кафанни 7ва Исонинг бошига ўралган рўмолни кўрди. Аммо рўмол кафан билан бирга эмас, алоҳида жойга йиғиштириб қўйилган эди. 8Шунда аввал келган шогирд ҳам қабрга кирди. Кўргандан кейингина ишонч ҳосил қилди. 9Чунки улар Муқаддас битиклардаги, Исо ўликдан тирилиши керак деган сўзларни шу пайтгача тушунмаган эдилар.
Исо Марямга зоҳир бўлади
10Шундан сўнг шогирдлар яна ўз уйларига қайтиб кетдилар. 11Марям эса қабрнинг ташқарисида турганича, йиғлар эди. Йиғлаётиб, бир эгилиб қабр ичига қаради. 12Шунда оқ кийим кийган икки фариштани кўриб қолди. Бири Исонинг жасади ётган жойнинг бош томонида, иккинчиси эса оёқ томонида ўтирган эди. 13Улар Марямга:
— Эй аёл, нега йиғлаяпсан? — дейишди.
— Ҳазратимнинг жасадини олиб кетишибди, Уни қаерга қўйишганини билмайман, — деди у. 14Шундай деди–ю, орқасига бурилиб, у ерда турган Исони кўрди. Лекин Унинг Исо эканлигини билмади.
15— Эй аёл, нега йиғлаяпсан? Кимни қидиряпсан? — деб сўради ундан Исо. Марям Уни боғбон деб ўйлади. Унга шундай деди:
— Тақсир, агар Уни сиз олиб кетган бўлсангиз, қаерга қўйганингизни менга айтинг, мен бориб Уни олай.
16Исо унга:
— Марям! — деди.
Марям Исога қайрилиб қаради–да, орамийчалаб#20:16 орамийча — 5:2 нинг биринчи изоҳига қаранг.:
— Раввуний! — деди. (Раввуний “устозим” демакдир.)
17— Мени ушлаб турма! — деди Исо Марямга. — Мен самовий Отанинг олдига чиқиб кетяпман. Сен бориб биродарларимга гапларимни етказ: “Мен Отамнинг олдига чиқиб кетяпман. У сизларнинг ҳам Отангиздир. У Менинг Худойим ва сизларнинг Худойингиздир.”
18Шунда Магдалалик Марям шогирдларнинг олдига бориб:
— Мен Раббимиз Исони кўрдим! — деди. Сўнг Исонинг унга айтган гапларини уларга етказди.
Исо шогирдларига зоҳир бўлади
19Ўша якшанба куни оқшомда шогирдлар тўпланган эдилар. Улар яҳудийлардан қўрқиб, уйнинг эшикларини қулфлаб олган эдилар. Шу пайт Исо келди, ўрталарида туриб шогирдларига:
— Сизларга тинчлик бўлсин! — деди. 20Сўнг уларга қўлларини#20:20 қўллари — юнонча матндан. Қадимий славянча таржимада қўл–оёқлари. ва биқинини кўрсатди. Шогирдлар Раббимиз Исони кўриб, хурсанд бўлиб кетдилар.
21Исо яна уларга деди:
— Сизларга тинчлик бўлсин! Осмондаги Отам Мени дунёга юборгани сингари, Мен ҳам сизларни дунёга юборяпман.
22Шундай деб, уларнинг устига пуфлади–да:
— Муқаддас Руҳни қабул қилинглар, — деди. 23— Сизлар кимнинг гуноҳларини кечирсангизлар, у кечирилади. Кимнинг гуноҳларини кечирмасангизлар, у кечиримсиз қолаверади.
Исо билан Тўма
24Исо келганда ўн икки шогирддан бири Тўма, яъни Дидимус#20:24 Тўма, яъни Дидимус — 11:16 изоҳига қаранг. шогирдлар орасида йўқ эди. 25Бошқа шогирдлар унга:
— Биз Раббимиз Исони кўрдик, — дейишди. Тўма уларга шундай деди:
— Унинг қўлларидаги мих чандиқларини ўзим кўрмагунимча, мих чандиқларига бармоғимни теккизмагунимча, биқинига қўлим билан тегиб кўрмагунимча ишонмайман.
26Кейинги якшанба куни Исонинг шогирдлари яна уйда тўпланган эдилар. Бу сафар Тўма ҳам улар билан бирга эди. Уйнинг эшиклари қулф эди. Шунга қарамай Исо кирди, ўрталарида туриб:
— Сизларга тинчлик бўлсин! — деди. 27Кейин Тўмага қараб:
— Бармоғингни бу ёққа теккиз! Қўлларимни кўр. Қўлингни узатиб, биқинимга тегиб кўр. Иккиланишни бас қил, ишон! — деди. 28Тўма Исога:
— Ё Раббим, Худойим! — деди. 29Исо унга шундай деди:
— Сен Мени кўрганинг учун ишондинг. Мени кўрмай ишонганлар нақадар бахтлидир!
Китобнинг моҳияти
30Исонинг бу китоб таркибига киритилмаган яна кўп мўъжизали аломатларига шогирдлар гувоҳ бўлганлар. 31Китобга киритилган мўъжизалар эса сизлар учун ёзилган. Токи сизлар Исонинг Масиҳ, Худонинг Ўғли#20:31 Худонинг Ўғли — Исо Масиҳнинг унвони. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ХУДОНИНГ ЎҒЛИ иборасига қаранг. эканлигига ишониб, бу имонингиз туфайли ҳаётга эга бўлинглар.
Selectat acum:
Юҳанно 20: ЎзбМК
Evidențiere
Partajează
Copiază
Dorești să ai evidențierile salvate pe toate dispozitivele? Înscrie-te sau conectează-te
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020