Лого на YouVersion
Икона за пребарување

Луқо 5

5
5–БОБ
Исонинг дастлабки шогирдлари
1Бир куни Исо Жалила кўли#5:1 Жалила кўли — юнонча матнда Генисарет кўли, Жалила кўлининг яна бир номи. Генисарет Кафарнаҳум шаҳридан жануби–ғарбдаги серҳосил текисликдир (Матто 14:34, Марк 6:53 га қаранг). бўйида турганда, оломон Худонинг сўзини эшитиш учун Исонинг ёнида тирбанд бўлди. 2Исо кўл қирғоғида турган икки қайиқни кўрди. Балиқчилар қайиқдан чиқиб, тўрларини юваётган эдилар. 3Қайиқлардан бири Шимўнники#5:3 Шимўн — Бутрус исми билан ҳам танилган, Бутрус исмини унга Исо қўйган эди (6:14 га қаранг). эди. Исо Шимўннинг қайиғига тушиб, қирғоқдан бир оз нарироқ сузиб боришни илтимос қилди. Сўнг ўтириб, ўша ердан одамларга таълим берди. 4Исо гапини тугатиб, Шимўнга деди:
— Чуқурроқ ерга сузиб бориб, ўлжа учун тўрларингизни ташланглар.
5Шимўн Исога шундай деди:
— Устоз, биз тун бўйи астойдил ҳаракат қилдик, лекин ҳеч нарса тутолмадик. Аммо Сиз айтганингиз учун тўр ташлаймиз.
6Улар тўр ташлаганларида, шу қадар кўп балиқ овладиларки, ҳатто тўрлари йиртила бошлади. 7Улар бошқа қайиқдаги ўртоқларига, ёрдам беринглар, деб ишора қилдилар. Ўртоқлари етиб келгач, иккала қайиқни ҳам балиққа тўлдирдилар, қайиқлар сувга бота бошлади.
8Шимўн#5:8 Шимўн — юнонча матнда Шимўн Бутрус. Шу бобнинг 3–ояти изоҳига қаранг. буни кўрди–да, Исонинг олдида тиз чўкиб деди:
— Ҳазрат! Менинг ёнимдан кетинг, чунки мен гуноҳкор инсонман.
9Шимўн ва ёнидагилар бундай мўл балиқ овидан ҳайратга тушган эдилар. 10Шимўннинг шериклари Забадиё ўғиллари Ёқуб билан Юҳанно ҳам ҳайратда эдилар.
Исо Шимўнга деди:
— Қўрқма, бундан буён сен инсонларни овлайсан.
11Улар қайиқларини қирғоққа тортдилар ва ҳамма нарсаларини қолдириб, Исога эргашдилар.
Тери касаллигига чалинган одамни Исо соғайтиради
12Исо бир шаҳарда бўлганда, тери касаллигига#5:12 тери касаллиги — бу ибора юнончада ҳар хил тери касалликларига нисбатан ишлатилган сўзнинг таржимасидир. Одатда бу ибора мохов касаллигига ишора деб тушунилади. Тери касалликларидан бирортасига йўлиққан киши ҳаром ҳисобланар эди. Хаста одам касаллигини бошқаларга юқтирмаслиги ва уларни ҳаром қилмаслиги учун бошқалардан ажратиб қўйилар эди (Левилар 13:45-46 га қаранг). чалинган бир одам келиб қолди. У Исони кўриб, юз тубан ерга мук тушиб, ёлворди:
— Ҳазрат, биламан, истасангиз, мени бу касалликдан поклай оласиз.
13Исо қўлини узатди ва унга теккизиб:
— Истайман, пок бўл! — деди. Касаллик эса ўша заҳоти кетди. 14Исо унга қатъиян деди:
— Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз оча кўрма. Бориб, ўзингни руҳонийга кўрсат. Покланганингни ҳаммага исбот қилиш учун#5:14 Покланганингни ҳаммага исбот қилиш учун… — ёки Мен Худонинг қонунига жиддий қарашимни руҳонийлар кўришлари учун…. Мусо амр қилган қурбонликларни келтир#5:14 Бориб…Мусо амр қилган қурбонликларни келтир — Левилар 14:1-32 га қаранг..
15Исо тўғрисидаги гап–сўзлар эса тобора ёйилиб бораверди. Тумонат халойиқ Уни тинглаш ва дардларидан фориғ бўлиш учун Унинг олдига йиғилиб келар эди. 16У эса кўпинча кимсасиз жойларга кетиб, ибодат қилар эди.
Исо шолни соғайтиради
17Бир куни Исо таълим бераётганда, Унинг тингловчилари орасида фарзийлар#5:17 фарзийлар — яҳудийларнинг муҳим бир диний мазҳаби. Фарзийлар Таврот қонунларига қатъий риоя қилардилар, оғзаки равишда тарқалган урф–одатларга ҳамда покланиш удумларига изчил амал қилардилар. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ФАРЗИЙ сўзига қаранг. билан Таврот тафсирчилари#5:17 Таврот тафсирчилари — Мусонинг қонунини жуда яхши билган зиёли одамлар. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ТАВРОТ ТАФСИРЧИСИ иборасига қаранг. ҳам ўтирган эдилар. Улар Жалила ва Яҳудиянинг ҳамма қишлоқларидан, Қуддусдан келган эдилар. Исода Эгамизнинг хасталарга шифо бериш қудрати бор эди#5:17 Исода Эгамизнинг…қудрати бор эди — 4:14 га қаранг.. 18Бир нечта киши тўшакда ётган бир шол одамни кўтариб келдилар. Уни уйга — Исонинг олдига олиб киришга уриндилар. 19Лекин оломон кўплигидан бунинг иложини тополмай, уйнинг томига чиқиб#5:19 …уйнинг томига чиқиб… — қадимги Фаластинда уйларнинг томи текис бўлар эди. Томга уйнинг девори бўйлаб қурилган зина орқали чиқиларди., томдан тешик очдилар. Сўнг шолни ўша тешикдан тўшаги билан оломон ўртасига — Исонинг олдига туширдилар#5:19 …томдан тешик очдилар. Сўнг шолни ўша тешикдан…туширдилар — юнонча матнда …уйнинг томига чиқиб, шолни томнинг хом ғиштлари орасидан…туширдилар. Қадимги Фаластинда уйларнинг томи ёпилганда, кўндаланг ётқизилган тўсинлар устига шох–шаббалар терилиб, устига лой ва сомон қоришмасидан тайёрланган лўмбоз босилар эди. Баъзида томни ёпишда япалоқ, юпқа хом ғиштлардан фойдаланиларди..
20Исо уларнинг ишончини кўриб, шолга деди:
— Биродарим, гуноҳларинг кечирилди.
21Тафсирчилар билан фарзийлар эса ўзларича шундай мулоҳаза қила бошладилар: “Куфрлик қилаётган бу Одам ким ўзи? Худодан бошқа ҳеч ким гуноҳларни кечира олмайди–ку!”
22Исо уларнинг мулоҳазаларини билиб, шундай савол берди:
— Нега бундай нарсаларни ўйлайсизлар? 23Қайси бири осонроқ? Шолга: “Гуноҳларинг кечирилди!” деб айтишми, ёки: “Ўрнингдан туриб юр!” деб айтишми? 24Инсон Ўғлига#5:24 Инсон Ўғли — Исо Масиҳ кўпинча Ўзига нисбатан ишлатган унвон. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ИНСОН ЎҒЛИ иборасига қаранг. ер юзида гуноҳларни кечириш ҳокимияти берилган. Ҳозир шуни билиб оласизлар.
Исо шундай деди–ю, шолга:
— Сенга айтаман: ўрнингдан тур! Тўшагингни олиб, уйингга бор! — деб буюрди.
25Шол ўша заҳоти ҳамманинг кўзи олдида ўрнидан турди. Ётган тўшагини олиб, Худони улуғлаб, уйига кетди. 26Ҳамма ҳайратга тушиб, Худони улуғлади. Улар қўрқув ичра: “Бугун ақл бовар қилмайдиган ҳодисани кўрдик”, деб айтардилар.
Исо Левини чақиради
27Шундан сўнг Исо у ердан чиқиб, солиқчи#5:27 солиқчи — 3:12 изоҳига қаранг. Левини#5:27 Леви — Матто исми билан ҳам танилган (Матто 9:9 га қаранг). кўриб қолди. Леви солиқ йиғадиган жойда ўтириб, одамлардан солиқ йиғаётган эди. Исо унга:
— Ортимдан юр! — деди. 28Леви ўрнидан турди, ҳамма нарсасини қолдириб, Исога эргашди.
29Сўнгра Леви ўз уйида Исонинг шарафига катта зиёфат берди. Меҳмонлар орасида бир гуруҳ солиқчилар ва бошқа одамлар бор эди. 30Фарзийлар ва фарзийларнинг мазҳабидан бўлган тафсирчилар норози бўлиб, Исонинг шогирдларига дедилар:
— Нега сизлар солиқчилару гуноҳкорлар билан бирга еб–ичиб ўтирибсизлар?
31Исо уларга шундай жавоб берди:
— Соғлар эмас, хасталар табибга муҳтождир. 32Мен солиҳларни эмас, гуноҳкорларни тавбага чақиргани келганман.
Рўза тутиш ҳақида савол
33Баъзи одамлар Исога дедилар:
— Мана, Яҳёнинг шогирдлари фарзийларнинг шогирдлари каби, тез–тез рўза тутиб, ибодат қилишади. Сизнинг шогирдларингиз эса еб–ичиб юрибдилар!
34Исо уларга деди:
— Куёв даврада бўлганда тўйга келган меҳмонларни рўза тутишга мажбур қилиб бўлармиди?! 35Бироқ улар куёвдан жудо бўладиган кунлар келади, ана ўшанда рўза тутадилар.
36Исо уларга бир масални ҳам айтиб берди:
— Ҳеч ким янги кийимдан йиртиб олиб, эски кийимга ямоқ солмайди. Акс ҳолда, янги кийим ҳам йиртилади, янги кийимдан олинган ямоқ ҳам эски кийимга тўғри келмайди. 37Шунингдек, ҳеч ким янги шаробни эски мешга қуймайди. Чунки янги шароб мешни ёриб юборади#5:37 …янги шароб мешни ёриб юборади… — қадимги пайтларда суюқлик одатда ҳайвон терисидан қилинган мешларда сақланарди. Узум шарбати бижғиб, шаробга айланганда, мешлар шишарди. Меш эскиргани сари ўз чўзилувчанлигини йўқотгани боис, янги шароб эски мешга солинганда, мешни ёриб юборарди., шароб тўкилади, меш ҳам нобуд бўлади. 38Аксинча, янги шаробни янги мешга қуймоқ даркор#5:38 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар оятга қўшимча қилинган: Шунда у ҳам, бу ҳам сақлаб қолинади.. 39Эски шаробдан ичган одам янги шаробни истамайди. “Эскиси яхши”, деб айтади.

Селектирано:

Луқо 5: ЎзбМК

Нагласи

Сподели

Копирај

None

Дали сакаш да ги зачуваш Нагласувањата на сите твои уреди? Пријави се или најави се