Лого на YouVersion
Икона за пребарување

Луқо 20

20
20–БОБ
Исонинг ҳокимияти тўғрисида савол
1Бир куни Исо Маъбадда халққа таълим бериб, Хушхабар айтаётган эди. Шу пайт бош руҳонийлар, Таврот тафсирчилари ва йўлбошчилар келиб қолдилар. 2Улар Исодан сўрадилар:
— Бизларга айтинг–чи, Сиз бу ишларни қандай ҳокимият билан қиляпсиз? Бу ҳокимиятни Сизга ким берган?
3Исо уларга шундай жавоб берди:
— Мен ҳам сизларга бир савол берайин, Менга айтинглар: 4Яҳё халқни сувга чўмдириш ҳуқуқини Худодан олганмиди ёки инсонданми?
5Улар эса ўзаро мулоҳаза юритдилар:
— Агар: “Худодан”, — десак, У: “Нега Яҳёга ишонмадингизлар?” — дейди. 6Агар: “Инсондан”, — десак, бутун халқ бизни тошбўрон қилади, чунки халқ Яҳёнинг пайғамбарлигига қатъий ишонади.
7Шундай қилиб, улар:
— Қаерданлигини билмаймиз, — деб жавоб бердилар. 8Исо уларга деди:
— Ундай бўлса, Мен ҳам бу ишларни қайси ҳокимият билан қилаётганимни сизларга айтмайман.
Ёвуз боғбонлар ҳақида масал
9Исо халққа қуйидаги масални айтди: “Бир одам узумзор барпо қилибди. Узумзорни боғбонларга ижарага бериб, ўзи узоқ вақтга сафарга кетибди. 10Йиғим–терим мавсумида, узумзор ҳосилидан тегишли улушини олиш учун ўша одам хизматкорини боғбонлар олдига юборибди. Аммо боғбонлар хизматкорни калтаклаб, қуп–қуруқ қайтариб юборишибди. 11Кейин узумзор эгаси яна бошқа бир хизматкорини юборибди. Боғбонлар бу хизматкорни ҳам уриб, шарманда қилиб, қуп–қуруқ қайтариб юборишибди. 12Яна учинчисини юборибди, уни ҳам ярадор қилиб, қувиб чиқаришибди.
13Кейин узумзор эгаси ўйлабди: «Энди нима қилсам экан? Энди суюкли ўғлимни юбораман. Балки боғбонлар уни ҳурмат қилишар.»
14Аммо боғбонлар унинг ўғлини кўришлари билан ўзаро муҳокамага тушиб:
— Бу меросхўр–ку! Уни ўлдирайлик, шунда мероси бизга қолади, — дейишибди–да, 15ўғлини узумзордан ташқарига чиқариб, ўлдиришибди.
Хўш, сизнингча, энди узумзор эгаси уларни нима қилар экан? 16У келиб боғбонларни ўлдиради, узумзорини эса бошқаларга ижарага беради.”
Буни эшитганлар:
— Худо кўрсатмасин! — деб юборишди. 17Исо эса уларга тикилиб, шундай деди:
— Ундай бўлса, Муқаддас битиклардаги:
“Бинокорлар рад этган тош
Бинонинг тамал тоши#20:17 тамал тоши — қадимги пайтларда қурилишда пойдевор учун қўйилган биринчи ва энг муҳим тош ҳисобланарди. Бу тош пойдеворнинг бир бурчагини ҳосил қилиб, бинонинг қолган қисми ўша тошнинг жойлашуви бўйича қуриларди. бўлди”#20:17 Забур 117:22 га қаранг.,
деган сўзларнинг маъноси нима? 18Кимки бу тамал тошига#20:18 бу тамал тоши — Исо бу сўзни рамзий маънода ишлатган бўлиб, Ўзини назарда тутган. йиқилса, парча–парча бўлади. Тош кимнинг устига тушса, уни эзиб юборади.
19Исо айтган бу масал тафсирчилар билан бош руҳонийларга қарши айтилган эди. Улар буни англаб етдилар ва шу заҳоти Исони қўлга олмоқчи бўлдилар. Аммо халқдан қўрқдилар.
Солиқ тўлаш ҳақида
20Тафсирчилар билан бош руҳонийлар Исони кузатиб юрдилар. Унинг ортидан ўзларини самимий кўрсатадиган одамларни қўйдилар. Улар эса Исони тилидан илинтириб, ҳокимнинг қўлига ва ҳукмига бермоқчи эдилар. 21Шунинг учун улар Исога дедилар:
— Устоз, Сиз айтаётган сўзларингиз ва ўргатаётган таълимотингиз тўғри эканини биламиз. Сиз ҳеч кимга юз–хотир қилмай Худонинг йўлини тўғри ўргатасиз. 22Айтинг–чи, Қайсарга#20:22 Қайсар — барча Рим императорларига берилган унвон. Бу ўринда Қайсар Тиберийга ишора қилинган (3:1 га ва ўша оятнинг иккинчи изоҳига қаранг). солиқ тўлашимиз#20:22 …Қайсарга солиқ тўлашимиз… — яҳудийлар Рим босқинчиларидан ғоят нафратланганлари учун, уларга солиқ тўлашни асло истамас эдилар. Бироқ солиқ тўламаслик катта муаммоларни келтириб чиқарар эди. тўғрими ёки йўқми?
23Исо уларнинг маккорлигини англаб, деди#20:23 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар оятга қўшимча қилинган: Нега Мени синаб кўрмоқчисизлар?!:
24— Қани, Менга бир динор#20:24 динор — Рим кумуш тангаси. Бир динор мардикорнинг бир кунлик иш ҳақи эди. кўрсатинглар! Бу тангадаги сурат ва ёзув кимники?
— Қайсарники, — деб жавоб берди улар. 25Исо:
— Ундай бўлса, Қайсарнинг ҳақини Қайсарга, Худонинг ҳақини Худога беринглар, — деди.
26Улар халқнинг кўз ўнгида Исони тилидан илинтира олмадилар. Исонинг жавобидан лол қолиб, жим бўлдилар.
Тирилиш ҳақида савол
27Саддуқийлар#20:27 Саддуқийлар — яҳудийларнинг муҳим бир диний мазҳаби. Фарзийлардан фарқли равишда, улар оғзаки тарқалган урф–одатларни қабул қилмасдилар, балки фақатгина Тавротда ёзилган қонун–қоидаларга риоя қилардилар. Улар ўликларнинг тирилишига ҳам ишонмас эдилар. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги САДДУҚИЙ сўзига қаранг. ўликларнинг тирилишини инкор этардилар. Уларнинг баъзилари Исонинг олдига келиб, халқ олдида Унга шундай савол бердилар:
28— Устоз! Мусо бизга шундай ёзиб қолдирган#20:28 Мусо бизга шундай ёзиб қолдирган — Қонунлар 25:5-6 га қаранг.: агар бировнинг акаси фарзанд кўрмай ўтиб кетса, укаси акасининг хотинига уйланиб, акаси учун фарзандни дунёга келтирсин. Туғилган бола марҳум акасиники ҳисобланади. 29Хўш, етти ака–ука бўлган экан. Биринчиси уйланибди, аммо фарзанд кўрмай оламдан ўтибди. 30Сўнг иккинчиси ўша хотинни олиб, бола кўрмай ўлибди. 31Учинчиси ҳам худди шу кўйга тушибди. Хуллас, еттала ака–уканинг ҳаммаси ўша хотинга уйланиб, фарзандсиз ўтиб кетибди. 32Охирида хотин ҳам қазо қилибди. 33Айтинг–чи, Худо одамларни тирилтирганда ўша аёл қайси бирининг хотини ҳисобланади? Еттови ҳам унга уйланган эдилар–ку!
34Исо уларга шундай жавоб берди:
— Бу дунёда одамлар уйланадилар ва эрга тегадилар. 35Аммо ўликдан тирилишга ва келажакдаги дунёда яшашга сазовор бўлганлар у дунёда уйланмайдилар, эрга ҳам тегмайдилар. 36Улар бамисоли фаришталардай бўлганлари учун ҳеч қачон ўлмайдилар. Улар Худонинг фарзандларидир, чунки тирилгандирлар. 37Ҳатто Мусонинг ўзи ҳам ўликларнинг тирилишини таъкидлаб, ёнаётган бута тўғрисидаги воқеада#20:37 …ёнаётган бута тўғрисидаги воқеада… — Чиқиш 3:1-6 га қаранг. Эгамизни “Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси” деб атаган. 38Зотан, Худо ўликларнинг эмас, тирикларнинг Худосидир. Худо учун ҳамма тирикдир.
39-40Тафсирчиларнинг баъзилари Исога яна савол беришга журъат этмаганлари учун:
— Устоз, яхши гапирдингиз, — дедилар.
Масиҳ кимнинг ўғли?
Исо тафсирчиларга деди:
41— Нега Масиҳни Довуднинг Ўғли#20:41 Довуднинг Ўғли — 18:38 изоҳига қаранг. дейдилар? 42-43Мана, Довуднинг ўзи Забур китобида шундай деган:
“Эгамиз айтмоқда Раббимга:
Душманларингни оёқларинг остига пойандоз қилмагунимча,
Сен Менинг ўнг томонимда#20:42-43 Менинг ўнг томоним — ўнг томон мурувват ва барака ўрни деб ҳисобланган. ўтиргин.”#20:42-43 Забур 109:1 га ва ўша оятнинг биринчи изоҳига қаранг.
44Демак, Довуд Масиҳни Раббим деб атаган бўлса, қандай қилиб Масиҳ Довуднинг Ўғли бўлади?!
Исо сохта диндорлик тўғрисида огоҳлантиради
45Бутун халқ Исони тинглаб турар экан, У шогирдларига деди:
46— Таврот тафсирчиларидан эҳтиёт бўлинглар! Улар узун кийимлар кийишни, бозорларда юрганларида уларга салом беришларини яхши кўрадилар. Синагогаларда яхши жойларда ўтиришни, зиёфатларда тўрда ўтиришни ёқтирадилар. 47Аммо бева аёлларнинг уй–жойларини тортиб оладилар, хўжа кўрсинга узоқ дуо ўқийдилар. Бундай одамлар ниҳоятда қаттиқ жазога мубтало бўладилар.

Селектирано:

Луқо 20: ЎзбМК

Нагласи

Сподели

Копирај

None

Дали сакаш да ги зачуваш Нагласувањата на сите твои уреди? Пријави се или најави се