Юҳанно 8

8
8–БОБ
Исо фоҳиша аёлни кечиради
1Исо Зайтун тоғи#8:1 Зайтун тоғи — Қуддус шаҳрининг шарқий девори бўйлаб ўтган Қидрон сойлигининг нариги томонидаги тепалик. томон кетди. 2Саҳарда яна Маъбадга қайтди. Бутун халқ Унинг олдига йиғилиб келди, У эса ўтириб, одамларга таълим бера бошлади. 3Шу орада Таврот тафсирчилари#8:3 Таврот тафсирчилари — Мусонинг қонунини жуда яхши билган зиёли одамлар. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ТАВРОТ ТАФСИРЧИСИ иборасига қаранг. билан фарзийлар бир аёлни олиб келишди. Улар бу аёлни зино қилаётганда ушлаб олишган эди. Аёлни ҳамманинг олдига турғизиб, 4шундай дейишди:
— Устоз, бу аёл зино қилаётганда ушланди. 5Мусо қонунда бундай аёлларни тошбўрон қилишни буюрган#8:5 Мусо қонунда…буюрган — Қонунлар 22:22-24 га қаранг.. Сиз нима дейсиз?
6Бу савол билан улар Исони тузоққа илинтириб, айблашга асос топмоқчи эдилар. Исо эса энгашиб бармоғи билан ерга ёза бошлади. 7Улар бу саволни қайта–қайта сўрайверганлари учун, Исо ўрнидан туриб деди:
— Сизнинг орангизда ким бегуноҳ бўлса, ўша биринчи бўлиб аёлга тош отсин.
8Сўнг яна энгашиб, ерга ёзишни давом эттирди. 9Улар бу гапни эшитиб#8:9 …бу гапни эшитиб… — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида бу гапни эшитиб, виждонан фош бўлишди., катталардан бошлаб ҳаммаси бирин–кетин кета бошлашди. Охирида ёлғиз Исо билан Унинг олдида турган аёл қолди. 10Исо ўрнидан туриб аёлга деди:
— Эй аёл, бошқалар қани? Ҳеч ким сени маҳкум қилмадими?
11— Ҳеч ким, Ҳазрат! — деб жавоб берди аёл.
Исо деди:
— Мен ҳам сени маҳкум қилмайман. Бор, бундан кейин бошқа гуноҳ қилма.
Исо Масиҳ — оламнинг нури
12Исо яна халққа гапириб деди:
— Мен оламнинг нуриман. Кимки Менга эргашса, ҳеч қачон зулматда юрмайди, балки ҳаёт нурига эга бўлади.
13Фарзийлар Исонинг бу гапига эътироз билдирдилар:
— Сиз Ўзингизга Ўзингиз гувоҳлик беряпсиз. Бу гувоҳлигингиз ҳаққоний эмас.
14Исо шундай жавоб берди:
— Мен Ўзимга Ўзим гувоҳлик берсам ҳам, гувоҳлигим ҳаққонийдир. Чунки Мен қаердан келиб, қаерга кетаётганимни биламан. Сизлар эса Менинг қаердан келиб, қаерга кетаётганимни билмайсизлар. 15Сизлар инсоний ўлчов билан ҳукм қиласизлар. Мен эса ҳеч кимни ҳукм қилмайман. 16Борди–ю, Мен ҳукм қилсам ҳам, ҳукмим ҳаққонийдир. Чунки Мен Ўзим эмас, балки Мени юборган осмондаги Отам билан бирга ҳукм қиламан. 17Ўзларингизнинг Тавротингизда: “Икки гувоҳнинг шаҳодати ҳаққонийдир”#8:17 Қонунлар 19:15 га қаранг., деб ёзилган–ку. 18Шундай экан, битта гувоҳ Менман, иккинчиси Мени юборган Отадир.
19Шунда улар Исодан:
— Отангиз қаерда? — деб сўрадилар. У бунга жавобан деди:
— Сизлар Мени ҳам, Отамни ҳам танимайсизлар. Агар Мени таниганингизда эди, Отамни ҳам таниган бўлар эдингизлар.
20Бу сўзларни Исо Маъбадда таълим бераётиб, хайр–эҳсон қутисининг олдида айтди. Ҳеч ким Уни қўлга олмади, чунки Унинг вақт–соати ҳали келмаган эди.
Исони рад қилганларнинг қисмати
21Исо уларга яна деди:
— Мен кетяпман. Сизлар Мени қидирасизлар ва гуноҳкор бўлиб ўласизлар. Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар.
22— Наҳотки У Ўзини Ўзи ўлдирса? “Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар”, деб айтяпти–ку, — дейишди ўзаро яҳудийлар. 23Исо уларга шундай деди:
— Сизлар бу дунёдансизлар, Мен эса юқориданман. Сизлар бу оламга мансубсизлар, Мен эса бу оламдан эмасман. 24Шунинг учун сизларга: “Гуноҳкор бўлиб ўласизлар”, деб айтдим. Ҳа, агар Ўша Мен эканлигимга ишонмасангизлар, гуноҳкор бўлиб ўласизлар.
25— Сиз кимсиз? — деб сўрашди Исодан. Исо шундай деди:
— Кимлигимни сизларга бошидан айтиб келяпман–ку! 26Сизларни айблаб айтадиган гапим жуда кўп. Лекин Мени Юборган ҳақдир, Мен Ундан нима эшитган бўлсам, ўшани дунёга маълум қиламан.
27Улар эса Исо самовий Отаси ҳақида гапираётганини тушунмадилар. 28Исо сўзида давом этди:
— Инсон Ўғлини юқорига кўтарганингизда#8:28 Инсон Ўғлини юқорига кўтарганингизда… — Исонинг хочдаги ўлимига ишора (3:14, 12:31-33 га қаранг)., Ўша Мен эканлигимни билиб оласизлар. Ўшанда Мен Ўзимча ҳеч нарса қилмаганимни, фақат Отам ўргатган нарсаларни айтганимни тушуниб оласизлар. 29Мени Юборган доимо Мен билан биргадир. У Мени ёлғиз ташлаб кетмаган. Зеро, Мен ҳар доим Унга маъқул бўлган ишларни қиламан.
30Исонинг айтган гапларини эшитган кўп одамлар Унга имон келтирдилар.
Озод қиладиган ҳақиқат
31Шу вақт Исо Унга ишонган яҳудийларга деди:
— Агар Менинг сўзларимга риоя қилсангизлар, ҳақиқий шогирдларим бўласизлар. 32Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади.
33Улар шундай деб жавоб беришди:
— Биз Иброҳим наслимиз. Ҳеч қачон ҳеч кимга қул бўлмаганмиз. Қандай қилиб Сиз, “Озод бўласизлар”, деб айтяпсиз?
34Исо деди:
— Сизларга чинини айтайин: гуноҳ қилувчи ҳар бир киши гуноҳнинг қулидир. 35Қул ҳеч қачон хонадон аъзоси бўла олмайди, ўғил эса абадулабад ўз хонадонининг аъзосидир. 36Шундай экан, агар Ўғил сизларни озод қилса, ҳақиқатан озод бўласизлар. 37Иброҳим насли эканлигингизни биламан. Бироқ Менинг жонимга қасд қилмоқчисизлар. Чунки Менинг сўзим қалбингиздан жой топмаган. 38Мен Отанинг ҳузурида нима кўрган бўлсам, ўшани сизларга айтяпман. Сизлар эса ўз отангиздан ўрганганингизни қиляпсизлар.
Иброҳим болалари ва иблис болалари
39Улар Исога шундай жавоб бердилар:
— Бизнинг отамиз Иброҳимдир.
Исо шундай деди:
— Агар Иброҳимнинг фарзандлари бўлганингизда эди, Иброҳимнинг қилган ишларини қилган бўлар эдингизлар. 40Мен сизларга Худодан эшитган ҳақиқатни сўзлаб бердим, холос. Шундай бўлса–да, сизлар Мени ўлдирмоқчисизлар. Иброҳим бундай иш қилмаган. 41Сизлар Иброҳимнинг эмас, ўз отангизнинг ишларини қиляпсизлар.
— Ие, биз зинодан туғилмаганмиз. Бизнинг биттаю битта Отамиз — Худонинг Ўзи–ку! — деб жавоб беришди Исога. 42Исо уларга шундай деди:
— Агар Отангиз Худо бўлганда эди, Мени яхши кўрган бўлар эдингиз, чунки Мен Худодан келиб, энди шу ерда турибман. Мен Ўзимча келганим йўқ, Мени У юборди. 43Нега айтганларимни англамаяпсизлар?! Бунга сабаб — сўзларимни ҳазм қила олмаганингиз. 44Сизларнинг отангиз Худо эмас, иблисдир. Сизлар ўз отангизнинг нафсу эҳтиросларини бажо қилишни хоҳлайсизлар. Азалданоқ иблис қотил эди. У ҳеч қачон ҳақиқат тарафдори бўлмаган, чунки унда ҳақиқат йўқ. У ёлғон сўзлаганда, ўзига хос сўзлайди. Чунки у ёлғончи, ёлғоннинг отасидир. 45Аммо Мен ҳақиқатни гапирганим учун Менга ишонмаяпсизлар. 46Қайси бирингиз Мени бирон гуноҳда айблай оласиз? Агарда ҳақиқатни гапираётган бўлсам, нега Менга ишонмаяпсизлар? 47Ким Худога тегишли бўлса, Худонинг сўзларига қулоқ солади. Сизлар эса Худога бегона бўлганингиз учун қулоқ солмаяпсизлар.
Исо азалдан мавжуд
48Бунга жавобан яҳудийлар шундай дедилар:
— Сиз Самарияликсиз–ку#8:48 Самариялик — яҳудийлар Самарияликлардан ҳазар қилишар эди. Бу ўринда камситиш ниятида ишлатилган. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги САМАРИЯЛИК сўзига қаранг., Сизни жин урибди, деб тўғри айтган эканмиз!
49Исо деди:
— Мени жин ургани йўқ. Мен осмондаги Отамни ҳурмат қиламан. Сизлар эса Мени беобрў қиляпсизлар. 50Мен Ўзимга обрў орттирмоқчи эмасман. Лекин обрўйимни кўтарадиган бор, Унинг Ўзи ҳукм қилади. 51Сизларга чинини айтайин: ким Менинг сўзимга риоя қилса, ҳеч қачон ўлим кўрмайди.
52Шунда яҳудийлар дедилар:
— Сизни жин урганини энди аниқ билиб олдик! Иброҳим ўлди, пайғамбарлар ҳам ўлиб кетишган. Сиз эса: “Ким Менинг сўзимга риоя қилса, ҳеч қачон ўлмайди”, деяпсиз–а?! 53Наҳотки Сиз вафот этган отамиз Иброҳимдан ҳам устун бўлсангиз?! Пайғамбарлар ҳам ўлиб кетишган–ку! Сиз Ўзингизни ким деб ҳисоблайсиз ўзи?!
54Исо шундай жавоб берди:
— Агар Мен Ўзимни Ўзим мақтасам, мақтовларим беҳудадир. Отамнинг Ўзи Мени мақтайди. Сизлар Уни Худойимиз деб атайсизлар, 55аслида эса Уни танимайсизлар. Мен эса Уни биламан. Агар, Уни билмайман, десам, сизларга ўхшаган ёлғончи бўламан. Мен Уни биламан ва Унинг сўзига риоя қиламан. 56Отангиз Иброҳим келган кунимни кутиб, хурсанд бўлган эди. Ўша кунни кўриб, қаттиқ қувонди.
57— Сиз ҳали эллик ёшга тўлмаган бўлсангиз, қандай қилиб Иброҳимни кўргансиз?! — дейишди яҳудийлар Унга. 58Исо уларга шундай жавоб берди:
— Сизларга чинини айтайин: Иброҳим туғилмасдан олдин Мен бор бўлганман#8:58 …Иброҳим туғилмасдан олдин Мен бор бўлганман — Исонинг бу гапини яҳудийлар куфрлик деб ҳисоблаб, Уни тошбўрон қилмоқчи бўлдилар, чунки фақатгина Худо Ўзи ҳақида шундай деб айта оларди (Чиқиш 3:14, Ишаё 41:4 га қаранг)..
59Шунда Исони тошбўрон қилмоқчи бўлдилар. Исо эса яширинча Маъбаддан чиқиб кетди#8:59 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар оятга қўшимча қилинган: У уларнинг орасидан ўтиб кетди, ҳеч ким буни сезмади..

Zur Zeit ausgewählt:

Юҳанно 8: ЎзбМК

Markierung

Teilen

Kopieren

None

Möchtest du deine gespeicherten Markierungen auf allen deinen Geräten sehen? Erstelle ein kostenloses Konto oder melde dich an.