Юҳанно 9

9
9–БОБ
Исо туғма кўрга шифо беради
1Исо йўлда кетаётиб, бир туғма кўр одамни кўриб қолди. 2Шогирдлари Исодан сўрадилар:
— Устоз, кимнинг гуноҳи унинг кўр бўлиб туғилишига сабабчи бўлди? Ўзиникими ёки ота–онасиникими?
3Исо шундай жавоб берди:
— Бу одамнинг гуноҳи ҳам, ота–онасининг гуноҳи ҳам бунга сабаб бўлмаган. Худонинг ишлари унда намоён бўлиши учун у кўр туғилган. 4Кун ёруғ экан, Мени Юборганнинг ишларини қилишимиз лозим. Ана тун келяпти, ўшанда ҳеч ким иш қила олмайди. 5Мен оламда бор эканман, оламнинг нуридирман.
6Исо буларни айтди–ю, ерга тупурди, тупукдан лой қилиб, кўрнинг кўзларига суртди. 7Сўнг унга:
— Бориб, Силоам ҳовузида ювингин, — деди. (Силоам “юборилган” демакдир.)
Кўр одам бориб ювинди ва кўра оладиган бўлиб қайтди. 8Шунда унинг қўшнилари ва илгари унинг садақа сўраганини кўрган одамлар:
— Бу ҳалиги тиланчилик қилиб ўтирган одам эмасми? — деб сўрашарди. 9Баъзилар:
— Бу худди ўша, — десалар, бошқалар:
— Йўқ, ўшанга ўхшайди, холос, — дейишарди. Одамнинг ўзи эса:
— Ўша менман, — деб таъкидларди.
10— Ундай бўлса, кўзларинг қандай очилди? — деб сўрадилар.
11— Исо деган киши лой қилиб, кўзларимга суртди–ю, “Бориб, Силоам ҳовузида ювингин”, деди. Мен бориб ювиндим ва кўрадиган бўлиб қолдим, — деди шифо топган кўр.
12— Ўша Одам қани? — деб сўрадилар.
— Билмайман, — деб жавоб берди у.
Фарзийлар соғайган кўрни сўроқ қилишади
13Илгари кўр бўлган ўша одамни фарзийларнинг олдига келтиришди. 14-15Фарзийлар ҳам бу одамдан кўзлари қандай очилганини сўрадилар.
— У кўзларимга лой суртди. Мен ювиндим–у, кўзларим кўрадиган бўлди, — деди ҳалиги одам.
Исо лой қилиб, кўрнинг кўзларини очган кун Шаббат куни эди. Шунинг учун 16фарзийлардан баъзилари:
— Кўзларингни очган Одам Худодан эмас, чунки У Шаббат кунига риоя қилмаяпти#9:16 …У Шаббат кунига риоя қилмаяпти… — фарзийлар Тавротдаги қонунни (Чиқиш 34:21 га қаранг) ўзларича жиддий шарҳлаб, ҳатто инсон ҳаётига оид икир–чикирларни ҳам қонун даражасига кўтарганлар. Шунинг учун улар Исо қилган ишни Шаббат кунига хилоф иш деб ҳисоблаганлар., — дедилар. Бошқалари эса:
— Гуноҳкор одам бундай мўъжизали аломатларни қандай қила олади? — дейишди. Шундай қилиб, ораларида келишмовчилик пайдо бўлди.
17Шунда фарзийлар кўр одамдан яна сўрадилар:
— У Киши ҳақида сен нима дейсан? У сенинг кўзларингни очди–ку!
— У пайғамбар, — деб жавоб берди кўр.
18Бироқ яҳудийлар кўзлари очилган одамнинг ота–онасини чақиртирмагунча, унинг илгари кўр бўлганига ва кўзлари очилганига ишонмадилар. 19Улар кўрнинг ота–онасига шундай савол бердилар:
— Кўр туғилган, деб айтган ўғлингиз шуми? Хўш, энди қандай қилиб унинг кўзлари кўряпти?
20Ота–онаси жавоб беришди:
— Бу бизнинг ўғлимиз эканлигини биламиз. Унинг кўр туғилганини ҳам биламиз. 21Лекин қандай қилиб кўзлари кўраётганини ва кўзларини ким очганини биз билмаймиз. У балоғатга етган, ўзидан сўранглар. Ўзи учун ўзи жавоб берсин.
22Кўрнинг ота–онаси яҳудийлардан қўрққанлари учун шундай дедилар. Дин арбоблари бундан аввал, ким Исонинг Масиҳлигини тан олса, синагогадан четлаштирилсин, деб қарор қилган эдилар. 23Ана шу сабабдан кўрнинг ота–онаси: “У балоғатга етган, ўзидан сўранглар”, деб айтишганди.
24Шундай қилиб, илгари кўр бўлган одамни иккинчи марта чақириб, дейишди:
— Ростини айтаман, деб Худонинг номи билан қасам ич! Биз у Одамнинг гуноҳкорлигини биламиз.
25Кўр шундай жавоб берди:
— У гуноҳкорми, йўқми, мен билмайман. Шуни биламанки, мен кўр эдим, энди эса кўзларим кўряпти.
26— У сенга нима қилди? Кўзларингни қандай очди? — деб ундан сўрадилар.
27— Сизларга айтиб бердим–ку, аммо сизлар қулоқ солмадингизлар! Нега буни яна эшитмоқчисизлар?! Наҳотки сизлар ҳам Унинг шогирдлари бўлмоқчисизлар?! — деди у одам. 28Яҳудийлар эса уни ҳақоратлаб, дейишди:
— Сен ўзинг Унинг шогирдисан! Биз эса Мусонинг шогирдларимиз! 29Мусога Худо гапирганини биламиз. Бу Киши–чи, Унинг қаерданлигини ҳам билмаймиз.
30Кўзи очилган одам шундай жавоб берди:
— Ана шуниси жуда ажабланарли–да! Сизлар Унинг қаерданлигини билмайсизлар, У эса кўзларимни очди! 31Гуноҳкорларга Худо қулоқ солмаслигини биламиз. Унинг иродасига амал қилган тақводорларга эса Худо қулоқ солади. 32Туғма кўрнинг кўзларини бирор киши очгани ҳаётда эшитилмаган гап. 33Агар у Киши Худодан бўлмаганда эди, ҳеч нарса қилолмасди.
34Яҳудийлар бунга жавобан:
— Сен бутунлай гуноҳ ичида туғилгансан, энди бизга ақл ўргатяпсанми?! — дейишди–да, уни синагогадан ҳайдаб чиқаришди.
Қалби кўрлар
35Ўша одамнинг ҳайдаб чиқарилганлигини Исо эшитди–ю, уни қидириб топди.
— Сен Инсон Ўғлига#9:35 Инсон Ўғли — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Худонинг Ўғли. ишонасанми? — деб сўради ундан.
36У одам эса Исога деди:
— Ҳазрат, У кимдирки, мен Унга ишонсам?
37— Уни кўриб турибсан, У билан гаплашиб турибсан, — деди Исо. 38Шунда у одам:
— Ишонаман, ё Раббий, — деди–да, Исога сажда қилди.
39Исо:
— Кўрлар кўрсин, кўзи очиқлар эса кўр бўлсин деб, Мен бу дунёни ҳукм қилгани келганман, — деди.
40Унинг атрофида баъзи фарзийлар турган эди. Улар бу гапни эшитгач:
— Наҳотки бизлар ҳам кўр бўлсак? — деб сўрашди. 41Исо уларга деди:
— Агар кўр бўлганингизда, гуноҳда айбланмас эдингиз. Лекин сизлар “Кўзларимиз кўряпти” деганингиз учун гуноҳингиз ўз бўйнингизда қолади.

Zur Zeit ausgewählt:

Юҳанно 9: ЎзбМК

Markierung

Teilen

Kopieren

None

Möchtest du deine gespeicherten Markierungen auf allen deinen Geräten sehen? Erstelle ein kostenloses Konto oder melde dich an.