Римликлар 2
2
2–БОБ
Худонинг одил ҳукми
1Эй бошқаларни ҳукм қилаётган инсон! Сен ким бўлишингдан қатъи назар, бошқаларни ҳукм қилишга ҳеч ҳақинг йўқ. Сен бошқа одамни ҳукм қилиб, ўзингни ҳам маҳкум этасан. Ахир, ўзинг ҳам шу ишларни қиляпсан–ку! 2Бундай ишлар қилиб юрганларни Худо маҳкум қилишга ҳақли эканини биламиз. 3Айни шу ишларни ўзинг қила туриб, шундай ишларни қилувчиларни ҳукм этсанг, Худонинг ҳукмидан қочиб қутуламан, деб ўйлайсанми?! 4Худонинг чексиз меҳрибонлиги ва сабр–тоқатини писанд қилмаётганингни қара. Ахир, Унинг муруввати сени тавбага етаклашини билмайсанми?! 5Аммо сен ўжарлик қилиб, гуноҳларингдан тавба қилмаяпсан. Худонинг адолатли ҳукми аён бўладиган қаҳр–ғазаб кунида бошингга тушадиган жазони янада кўпайтиряпсан.
6Худо ҳар кимни қилган ишига яраша тақдирлайди. 7Яхши ишда қунт қилиб, шараф, ҳурмат–эҳтиром ва мангуликка интилганларга Худо абадий ҳаёт ато қилади. 8Аммо худбинлик қиладиган, ҳақиқатни рад этиб, адолатсизликка эргашадиганлар қаҳр–ғазабга дучор бўлади. 9Ёвузлик қиладиган ҳар бир инсон изтиробда қолади, унинг бошига фалокат тушади, бу инсон яҳудийми, ғайрияҳудийми — фарқи йўқ. 10Яхшилик қиладиганларга эса — яҳудийларга ҳам, ғайрияҳудийларга ҳам, шараф, ҳурмат–эҳтиром ва тинчлик насиб этади. 11Зеро, Худо тарафкашлик қилмайди.
12Худонинг қонунини#2:12 Худонинг қонуни — Эски Аҳдга, хусусан, Тавротга ишора. билмасдан туриб гуноҳ қилганлар, қонунга алоқасиз равишда ҳукм қилинадилар. Қонунни била туриб гуноҳ қилганлар эса қонун бўйича ҳукм қилинадилар. 13Ахир, қонунни эшитганлар эмас, балки қонунга риоя қиладиганлар Худонинг олдида оқланадилар. 14Ғайрияҳудийларда Худонинг қонуни йўқ. Аммо қонунни билмай туриб, улар табиий равишда қонуннинг буюрганларини бажарсалар, ўзларига ўзлари қонундирлар. 15Бу билан улар қонуннинг талаблари ўз юракларида ёзилганини кўрсатадилар. Уларнинг виждони ҳам бунга шаҳодат беради, чунки уларнинг хаёллари уларни гоҳ қоралайди, гоҳ оқлайди. 16Худо инсонларнинг яширин ўй–хаёлларини Исо Масиҳ орқали ҳукм қиладиган кунда буларнинг ҳаммаси аён бўлади. Мен келтирган Хушхабарда ана шулар баён этилган.
Яҳудийлар ва қонун
17Мана, орангиздагиларнинг баъзилари: “Мен яҳудийман”, дейдилар, қонунга#2:17 қонун — шу бобнинг 12–ояти изоҳига қаранг. суянган ҳолда, “Худога яқинман”, деб мақтанадилар. 18Эй яҳудий! Сен Худонинг хоҳиш–иродасини билиш ва яхшини ёмондан фарқ қилишни қонундан ўрганиб олибсан. 19-20Худонинг қонунида барча илм–маърифат ва ҳақиқат мужассам. Сенда мана шу қонун борлиги учун сен кўрларга йўл кўрсатувчи, зулматда қолганларга нур, ғофилларга мураббий, ғўр болаларга эса муаллим эканлигингга ишончинг комил. 21Шундай экан, сен қандай қилиб бошқаларга таълим бера туриб, ўзингга таълим бермайсан?! 22“Ўғрилик қилма”, деб насиҳат қилиб туриб, ўғрилик қиласанми?! “Зино қилма”, деб туриб, ўзинг зино қиласанми?! “Бутлардан жирканаман”, деб туриб, куфрлик қиласанми?!#2:22 …куфрлик қиласанми?! — юнонча матнда …бутхоналарни талайсанми?! Павлус мажозий маънода уларнинг иккиюзламачилигига ишора қилаётган бўлиши мумкин. Аммо баъзи олимларнинг фикри бўйича, Павлус бу ўринда бутхоналардан ўғирланган бутларни сотишдан ёки ўғирланган бутлардан олинган металларни сотишдан келадиган фойдага ишора қиляпти. 23Қонунни биламан, деб мақтанасан–у, лекин қонунни бузиб, Худонинг номига доғ туширасанми?! 24Ахир, Муқаддас битикларда шундай ёзилган–ку: “Сизларни деб, халқлар орасида Худонинг номи ҳақорат қилинмоқда.”#2:24 Муаллиф бу ўринда Ишаё 52:5 нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган.
25Суннат#2:25 Суннат — Худонинг Ўз халқи билан қилган аҳд белгиси (Ибтидо 17:9-14 га қаранг). Суннат яҳудийларнинг Худога содиқлигини ва Унинг танлаган халқига тегишли эканини кўрсатади. масаласига келайлик. Агар сен қонунга риоя қиладиган бўлсанг, суннатнинг фойдаси бор. Аммо қонунни бузсанг, сенинг суннатинг суннатсизликдан ҳеч фарқ қилмайди. 26Худди шунингдек, агар суннат қилинмаганлар қонунга амал қилсалар, уларнинг суннатсизлиги суннатдай қабул қилинмайдими?! 27Шундай экан, суннатсиз бўла туриб, қонунга амал қиладиган одам сени маҳкум қилмайдими?! Ахир, сенда Муқаддас битиклар бор, сен суннат қилингансан–у, лекин барибир Худонинг қонунини бузасан. 28Яҳудий урф–одатлари билан яшайдиганларнинг ҳаммаси ҳам асл яҳудий эмас. Жисмоний суннатнинг ўзи ҳам суннатнинг асл мақсадини бажармайди. 29Асл яҳудийлик юракдан келиб чиқади. Асл суннат, яъни юракнинг суннати қонунга амал қилишдан келиб чиқмайди, балки Руҳ томонидан қилинади. Асл яҳудий инсонларнинг эмас, балки Худонинг мақтовига сазовор бўлади.
Currently Selected:
Римликлар 2: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020