Римликлар 1
1
1–БОБ
Салом
1Мен — Исо Масиҳнинг қули бўлган Павлусдан Римдаги биродарларимга салом! Мен ҳаворийликка даъват этилганман, Худонинг Хушхабарини ёйиш учун танланганман. 2Муқаддас битикларда#1:2 Муқаддас битиклар — одатда Эски Аҳд китоблари тўплами шу ном билан аталади. ёзилгандай, Худо бу Хушхабарни бераман деб, Ўз пайғамбарлари орқали ваъда берган эди. 3Бу Хушхабар Худонинг Ўғли ҳақидадир. У жисман Довуд зурриётидан келиб чиққан эди. 4Худонинг Ўзи Раббимиз Исо Масиҳни ўликдан тирилтирди. Шу орқали Муқаддас Руҳнинг кучига тўла бўлган Исо Масиҳ Худонинг Ўғли эканлиги исботланди#1:4 Шу орқали…исботланди — ёки Шу орқали Муқаддас Руҳ Исо Масиҳ Худонинг қудратли Ўғли эканлигини исботлади ёхуд Шу орқали Исо Масиҳ руҳан Худонинг қудратли Ўғли эканлиги исботланди.. 5Ана шу Исо Масиҳ орқали Худо менга#1:5 мен — юнонча матнда биз. Ёзувларда бу олмош баъзан муаллиф томонидан ўзига нисбатан ишлатилган. иноят кўрсатиб, ҳаворий бўлиш вазифасини берди. Токи барча халқлар Худога ишониб, итоат этсинлар, шунда Исо Масиҳнинг номи улуғланади. 6Сизлар ҳам, ўша халқлар қатори, Исо Масиҳга тегишли бўлишга даъват этилгансизлар.
7Мен ушбу мактубимни сизларга — Римдаги биродарларимга ёзяпман. Худо сизларнинг ҳаммангизни яхши кўриб, Ўзининг азиз халқи бўлишга чорлаган. Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ва тинчлик ато қилсин.
Павлуснинг Римга бориш истаги
8Авваламбор, Исо Масиҳ шарофати ила барчангиз учун Худойимга шукур қиламан, чунки бутун дунё сизларнинг имонингиз ҳақида гапиряпти. 9Худонинг Ўғли ҳақидаги Хушхабарни ёяр эканман, чин қалбимдан Худога хизмат қиламан. Худо шоҳид, мен доим сизлар учун ибодат қиламан. 10Ибодатларимда, доим Худодан: “Агар ироданг бўлса, имкон бер, мен бориб, Римдаги биродарларимни кўриб келай”, деб сўрайман. 11Сизларни роса кўргим келяпти, чунки сизлар билан руҳий инъомларни баҳам кўрсам, дейман, шунда сизлар имонда янада мустаҳкамроқ бўлардингиз. 12Тўғрироғи, кўришганимизда, бир–биримизнинг имонимиздан далда олсак, дейман.
13Биродарлар, билиб қўйинглар, мен кўп марта сизларнинг олдингизга боришни режалаштиргандим, аммо ҳеч йўл очилмади. Бошқа халқлар орасида Хушхабарни айтиб, яхши натижаларга эришдим. Римда ҳам шундай натижаларга эришишни истайман. 14Менинг бурчим маданиятлию маданиятсизларга#1:14 маданиятлию маданиятсизлар — юнонча матнда юнонлару варварлар. Ўша даврда юнонлар сўзи (шу бобнинг 16–ояти изоҳига қаранг) маданиятли халқларга нисбатан ишлатилган. Бошқа халқларга нисбатан эса варварлар сўзи ишлатиларди. Варвар сўзи маданиятсиз деган маънони билдиради (Павлус ўзи яҳудий бўлгани учун юнон тилини билмаган яҳудийларни маданиятсиз деб ҳисобламасди)., зиёлию саводсизларга Хушхабарни айтишдан иборат. 15Шунинг учун мен сизларга, яъни Римдагиларга ҳам Хушхабарни айтишга интизорман.
16Мен Хушхабардан ор қилмайман, чунки Худонинг куч–қудрати бўлган бу Хушхабар орқали унга ишонганларнинг ҳаммаси қутқарилади. Ишонадиганлар яҳудийми, ғайрияҳудийми#1:16 ғайрияҳудий — юнонча матнда юнон. Ўша даврда юнон сўзи миллати юнон бўлган одамга нисбатан ҳам, юнон тилида гапириб, юнон урф–одатларига риоя қиладиган одамга нисбатан ҳам ишлатилган., фарқи йўқ! 17Бу Хушхабарда ошкор қилинганки, Худо инсонларни имон орқали, ҳа, фақатгина имон орқали оқлайди#1:17 …ошкор қилинганки, Худо инсонларни имон орқали, ҳа, фақатгина имон орқали оқлайди… — яна 3:21-22, 30 га ва Филиппиликлар 3:8-9 га қаранг., чунки Муқаддас битикларда: “Солиҳ инсон имон туфайли ҳаётга эга бўлади”#1:17 Хабаққуқ 2:4 га қаранг., деб ёзилган.
Инсониятнинг гуноҳкорлиги
18Барча фосиқлигу адолатсизлик устига самодан Худонинг қаҳри ёғилади, чунки инсонлар ўз адолатсизликлари билан ҳақиқатга тўсқинлик қиляптилар. 19Худо ҳақида нимаики билиш мумкин бўлса, уларга равшандир, Худонинг Ўзи уларга зоҳир этган. 20Борлиқ яратилгандан бери Худонинг кўринмас хусусиятлари, яъни абадий қудрати ва илоҳиёти очиқ кўриниб турибди. Худонинг ижодига қараб, Унинг хусусиятларини тушуниб олса бўлади. Шундай экан, улар: “Худони билмаймиз”, деб баҳона қилолмайдилар. 21Улар Худони билсалар–да, Уни улуғламадилар, Унга шукур қилмадилар. Аксинча, бемаъни ўй–хаёлларга берилиб кетдилар, уларнинг нодон онглари зулматга чўкди. 22Улар ўзларини ақлли деб ҳисоблайдилар, аслида эса нодондирлар. 23Улар мангу, улуғвор Худога эмас, балки ўткинчи инсон, қуш, чорва, судралувчи жониворлар суратидаги бутларга сажда қилдилар.
24Шунинг учун Худо уларни ўз юракларидаги чиркин эҳтирослари оғушида қолдирди. Шу сабабдан улар бир–бирлари билан беҳаё ишлар қиладилар. 25Улар Худонинг ҳақиқатини ёлғон билан алмаштириб, Яратувчига эмас, балки яратилганга сажда қилиб, хизмат қиладилар. Яратувчи Худогагина то абад ҳамдлар бўлсин! Омин.
26Ҳақиқатни рад қилганлари учун Худо уларни ўзларининг беҳаё эҳтиросларига топширди. Ҳатто аёллар ҳам табиий жинсий муносабатни нотабиий муносабатга алмаштириб, бир–бирлари билан жинсий алоқа қилдилар. 27Худди шунингдек, эркаклар ҳам аёллар билан бўладиган табиий жинсий муносабатдан воз кечиб, бир–бирларига нисбатан шаҳвоний ҳирс билан ёндилар. Эркаклар бир–бирлари билан беҳаё ишлар қилиб, қилмишларига яраша жазо тортяптилар.
28Бу одамлар Худони таниб–билишни рад қилганлари учун, Худо уларни бузуқ хаёлларга топшириб қўйди, оқибатда улар қилиш мумкин бўлмаган ишларни қиладилар. 29Улар ҳар турли адолатсизлик, ёмонлик, очкўзлик ва ёвузликка тўлиб, ҳасадгўйлик, қотиллик, жанжалкашлик, фирибгарлик ва бадфеълликка муккасидан кетгандирлар. 30Улар ғийбатчи бўлиб, одамларнинг орқасидан гапирадилар. Худодан нафратланадилар. Улар сурбет, такаббур, мақтанчоқдирлар. Улар ёвуз ишлар қилишнинг ҳар хил йўлларини топадилар, ота–оналарига итоат қилмайдилар. 31Улар нодондирлар, уларга ишониб бўлмайди, уларда меҳр–шафқат йўқ. 32Худонинг қонунида, шундай ишларни қиладиган одамлар ўлимга лойиқ, деб айтилганини биладилар. Шундай бўлса–да, улар нафақат бу ишларни ўзлари қиладилар, балки ўшандай ишларни қилувчиларни қўллаб–қувватлайдилар.
Currently Selected:
Римликлар 1: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020