YouVersion Logo
Search Icon

Римликлар Кириш

Кириш
Мазкур мактуб муаллифи ҳаворий Павлусдир. Павлус бу мактубини Римдаги жамоатга ёзган. Римдаги жамоат яҳудий ҳамда ғайрияҳудий бўлган масиҳийлардан иборат эди. Павлус Римга боришга тайёргарлик кўраётган эди. Унинг мактубни ёзишдан мақсади ўзини Римдаги жамоатга таништириш, уларга Исо Масиҳ ҳақидаги таълимотни тушунтириш ва уларнинг ёрдамида Испанияда ўз хизматини давом эттириш эди. Мазкур мактубда Павлус Хушхабарни тўлиқ ва ҳар томонлама шарҳлайди. Мактубнинг моҳияти Павлуснинг қуйидаги сўзларида ўз ифодасини топган: “Бу Хушхабарда ошкор қилинганки, Худо инсонларни имон орқали, ҳа, фақатгина имон орқали оқлайди, чунки Муқаддас битикларда: «Солиҳ инсон имон туфайли ҳаётга эга бўлади», деб ёзилган.” (1:17)
Мактубнинг дастлабки қисмида (1-4–боблар) Павлус бу таълимотини батафсил тушунтиради. Ҳар бир инсон, яҳудий ёки ғайрияҳудий бўлишидан қатъи назар, гуноҳкор бандадир, шу сабабдан ҳамма Худо билан ярашиши керак. Бунга эса савоб ишлар, диндорлик ёки Худонинг қонунига амал қилиш орқали эмас, балки Исо Масиҳга бўлган имон орқалигина эришса бўлади.
Мактуб давомида (5-8–боблар) Павлус Мусонинг қонуни ва Муқаддас Руҳ борасида сўз юритади. Нима мақсадда Худо қонунни берганини тушунтириб, имонли кишининг ҳаётида амал қиладиган Муқаддас Руҳнинг қудрати ҳақида ёзади. Павлус мактубининг бу қисмида Масиҳга имон келтирган инсоннинг янги ҳаётини тасвирлайди. Бу янги ҳаётнинг манбаи Худо билан ўрнатилган муносабат бўлади. Янги ҳаётга қадам қўйган бундай инсон Худо билан уйғунликда яшайди ва у Муқаддас Руҳнинг ёрдамида гуноҳ кучидан озод бўлади.
Сўнг Павлус эътиборини Худонинг нажот режасига қаратади (9-11–боблар). Бу режада у яҳудийлар ва ғайрияҳудийларнинг ўзига яраша тутган ўрни борлигини айтиб ўтади. Илоҳий режага кўра, бутун инсоният нажот топиб, Худонинг Масиҳ орқали берган иноятидан баҳраманд бўлиши учун яҳудийлар Масиҳни рад этишлари керак эди. Лекин муаллифнинг таъкидлашича, вақти келиб яҳудийлар ҳам Масиҳни тан олишади.
Мактубнинг сўнгги қисмида (12-16–боблар) Павлус масиҳийларга кундалик турмушга оид насиҳатлар беради. Уларни меҳр–оқибатли бўлишга, Худога манзур ҳаёт кечиришга чақиради. Шунингдек, Худога хизмат қилиш, ҳукуматга бўйсуниш, инсоният олдидаги мажбуриятлар ва виждон масаласи каби мавзуларни ёритади. Мактуб дуойи саломлар билан якунланади.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in