Луқо 13
13
13–БОБ
Тавба ва ҳалокат ҳақида
1Ўша вақтда баъзи одамлар келиб, Исога ҳоким Пилат#13:1 ҳоким Пилат — 3:1 га ва ўша оятнинг учинчи изоҳига қаранг. ўлдирган Жалилаликлар ҳақида хабар қилишди. Жалилаликлар қурбонлик келтираётган пайтда Пилат уларни ўлдириб, қонларини сўйилган қурбонликлар қонига аралаштириб ташлаган эди.
2Исо хабарчиларга деди: “Сизнингча, бу Жалилаликлар бошқа ҳамма Жалилаликларга қараганда кўпроқ гуноҳ қилганлари учун шунчалик жафо чекдиларми? 3Сизга йўқ, дейман. Лекин тавба қилмасангизлар, ҳаммаларингиз улар каби ҳалок бўласизлар. 4Ёки Силоам қишлоғидаги#13:4 Силоам қишлоғи — Қуддус шаҳрининг ёнида жойлашган. минора қулаганда нобуд бўлган ўн саккиз кишини олайлик. Сизларнинг фикрингизча, ўша нобуд бўлганлар Қуддусда яшайдиган қолган ҳамма одамдан кўра, кўпроқ гуноҳ қилган эдиларми? 5Сизларга, йўқ, деб айтаман. Лекин тавба қилмасангизлар, ҳаммангиз улар каби ҳалок бўласизлар.”
Ҳосилсиз анжир дарахти ҳақида масал
6Шундан кейин Исо шу масални айтиб берди: “Бир одамнинг узумзорига анжир дарахти экилган экан. Ўша одам келиб, анжир дарахтидан мева излабди, аммо топа олмабди. 7У боғбонга дебди:
— Менга қара, уч йилдирки, мен мана бу анжир дарахтидан мева излайман, аммо шу пайтгача биронта мева топа олмадим. Уни кесиб ташла! Бекорга ерни эгаллаб туришининг нима кераги бор?!
8Боғбон эса шундай жавоб берибди:
— Хўжайин, дарахтингиз бу йил ҳам турсин. Мен унинг атрофини чопиб, гўнг солай. 9Балки келгуси йил мева берар. Агар бермаса, унда кесиб ташлаймиз.”
Шаббат куни Исо букри аёлга шифо беради
10Шаббат куни Исо синагогаларнинг бирида таълим бераётган эди. 11У ерда ўн саккиз йилдан бери жинга чалинган бир аёл бор эди. У икки букилиб қолган бўлиб, қаддини умуман ростлай олмасди. 12Исо уни кўргач, ёнига чақириб деди:
— Эй аёл, сен дардингдан халос бўлдинг!
13Сўнг аёлга қўлларини қўйди, шу заҳоти аёлнинг қадди тикланди–қолди. Аёл Худога ҳамду санолар айтди.
14Исо Шаббат куни хастага шифо бергани учун синагога бошлиғи аччиқланиб, оломонга шундай деди:
— Ишлаш учун олти кун бор. Шифо топмоқчи бўлсангиз, Шаббатдан бошқа куни келинглар.
15Раббимиз Исо унга жавобан деди:
— Эй иккиюзламачилар! Сизлар ўзларингиз ҳам Шаббат куни ҳўкизингиз ёки эшагингизни охурдан ечиб, суғоргани олиб борасизлар–ку! 16Бу эса Иброҳимнинг қизи, ахир! Шайтон ўн саккиз йилдан бери уни боғлаб қўйган эди. Уни Шаббат куни кишанларидан озод қилиш наҳотки мумкин бўлмаса?!
17Исо шу гапларни айтганда, Унинг ҳамма рақиблари шарманда бўлдилар. Жамики оломон эса Исо қилган ажойиб ишлардан хурсанд эди.
Хантал уруғи ҳақида масал
18Исо деди: “Худонинг Шоҳлиги нимага ўхшайди? Уни нимага ўхшатсам бўлади? 19Худонинг Шоҳлиги бир одам ўз боғига эккан хантал уруғига#13:19 хантал уруғи — ўша замонда одамлар хантал уруғини энг майда уруғ деб билишарди. ўхшайди. Уруғ униб–ўсиб, дарахт бўлади, қушлар унинг шохларига уя қуради.”
Хамиртуруш ҳақида масал
20Исо яна шундай деди: “Худонинг Шоҳлигини яна нимага ўхшатсам бўлади? 21Худонинг Шоҳлиги хамиртурушга ўхшайди. Аёл бир бўлак хамиртурушни бир тоғора#13:21 бир тоғора — юнонча матнда уч сатон, тахминан 22 килога тўғри келади. унга қорса ҳам, ҳамма хамир ошади.”
Нажот эшиги тордир
22Исо Қуддусга йўл олди ва шаҳару қишлоқларга бориб, таълим берар эди. 23Бир одам Ундан сўради: “Ҳазрат, наҳотки саноқли одам нажот топса?!”
Исо шундай жавоб берди: 24“Тор эшикдан киришга жон–жаҳдингиз билан ҳаракат қилинглар. Сизларга шуни айтай: кўп одам ичкари киришга интилади, аммо кира олмайди. 25Уй эгаси ўрнидан туриб эшикни ёпганда, сизлар ташқарида қолиб эшикни тақиллатасизлар ва:
— Ҳазрат, бизга эшикни очинг! — деб айтасизлар. У эса сизларга:
— Кимлигингизни ва қаердан келганингизни билмайман! — деб жавоб беради. 26Шунда сизлар:
— Ахир, биз Сиз билан бирга еб–ичганмиз! Кўчаларимизда таълим бергансиз! — деб айтасизлар. 27Аммо У сизларга дейди:
— Мен сизларни танимайман! Қаерданлигингизни ҳам билмайман! Йўқолинглар олдимдан, эй бадкирдорлар!
28Сизларни ташқарига қувиб чиқаришганда, қаттиқ пушаймон бўласизлар, фиғон чекасизлар, чунки Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб#13:28 Ёқуб — Исҳоқнинг ўғли, Иброҳимнинг набираси. ва барча пайғамбарлар Худонинг Шоҳлигида эканини кўрасизлар. 29Шундан кейин шарқу ғарбдан, шимолу жанубдан одамлар келиб, Худонинг Шоҳлигида зиёфатга ўтирадилар. 30Шунда охирги бўлган баъзи одамлар биринчи бўладилар, биринчи бўлган баъзилар эса охирги бўладилар.”
Исонинг Қуддус учун ноласи
31Шу пайтда фарзийлардан айримлари Исонинг олдига келиб дейишди:
— Бу ердан кетишингиз керак. Ҳирод#13:31 Ҳирод — 3:1 га ва ўша оятнинг тўртинчи изоҳига қаранг. Сизни ўлдирмоқчи.
32Исо уларга шундай деди:
— Бориб у тулкига айтинглар: “Эшитиб ол, Мен бугун ҳам, эртага ҳам жинларни қувиб, хасталарга шифо бераман. Учинчи куни эса ишимни тугатаман.” 33Аммо шундай бўлса ҳам, Мен бугун, эртага ва индинга Ўз йўлимдан қолмаслигим керак. Ахир, пайғамбар Қуддусдан ташқарида ўлдирилиши мумкин эмас. 34Эҳ Қуддус, Қуддус! Пайғамбарларни қатл этиб, ҳузурига юборилганларни тошбўрон қилувчи шаҳар! Товуқ ўз жўжаларини қанотлари остига қандай тўпласа, Мен ҳам сенинг халқингни бир неча марта шундай тўпламоқчи бўлдим. Лекин сен истамадинг. 35Эй Қуддус аҳолиси, сизнинг Маъбадингиз ҳувиллаб қолади. Сизга шуни айтай: “Эгамиз номидан келадиган Инсон барака топсин”#13:35 Забур 117:26 га қаранг., деб айтмагунингизча, Мени кўрмайсизлар.
Currently Selected:
Луқо 13: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020