Луқо 12
12
12–БОБ
Исо иккиюзламачилик ҳақида огоҳлантиради
1Шу орада минглаб одамлар тўпланиб, бир–бирларини итариб сиқишаётган эдилар. Исо аввал шогирдларига гапира бошлади: “Фарзийларнинг хамиртурушидан#12:1 хамиртуруш — мажозий маънода ишлатилган бўлиб, одатда бошқаларга салбий таъсир кўрсатадиган таълимотлар ва хулқ–атвор назарда тутилган., яъни уларнинг иккиюзламачилигидан#12:1 иккиюзламачилиги — Матто 23:27-28 га қаранг. эҳтиёт бўлинглар! 2Ахир, ҳар қандай яширин нарса маълум бўлади, ҳар қандай сир очилади. 3Шу боис қоронғида айтганларингиз ёруғликда эшитилади, ёпиқ эшиклар ортида шивирлаб айтганларингизни уйларнинг томи устида бақириб эълон қилишади.
Қўрқиш ва қўрқмаслик ҳақида
4Сизларга шуни айтай, дўстларим: танани ўлдириб, ундан кейин бошқа бирон нарса қила олмайдиганлардан қўрқманглар. 5Бироқ кимдан қўрқишингиз кераклигини сизларга уқтирай: Худодан қўрқинглар, чунки У одамни ўлдириб, дўзахга ташлашга ҳам қодир. Ҳа, сизларга айтаман: Худодан қўрқинглар!
6Бешта чумчуқ икки тангага#12:6 икки танга — юнонча матнда икки ассарион, Рим империясидаги икки мис чақа. Ўн олти ассарион бир динор қийматига тўғри келарди. Бир динор мардикорнинг бир кунлик иш ҳақи эди. сотилади, шундай эмасми? Бироқ буларнинг биронтаси ҳам Худонинг назаридан четда қолмаган. 7Сизларнинг эса ҳатто бошингиздаги ҳар бир тола сочингиз саналган. Қўрқманглар, сизлар кўплаб чумчуқлардан қадрлироқсизлар.
Масиҳни эътироф этиш ва рад қилиш тўғрисида
8Сизларга яна шуни айтай: ким Мени инсонлар олдида тан олса, Инсон Ўғли ҳам Худонинг фаришталари олдида уни тан олади. 9Аммо ким инсонлар олдида Мени рад этса, у ҳам Худонинг фаришталари олдида рад этилади. 10Кимки Инсон Ўғлига қарши сўз айтса, кечирилади. Лекин ким Муқаддас Руҳга куфрлик қилса#12:10 …ким Муқаддас Руҳга куфрлик қилса… — Худога ишонишдан бош тортиб, Муқаддас Руҳнинг ишига қаршилик кўрсатадиган одамга ишора қилади., кечирилмайди.
11Сизларни синагогаларга, бошлиқлар ва ҳокимлар олдига олиб келганларида: «Ўзимизни қандай ҳимоя қиламиз, нима айтамиз», деб хавотир олманглар. 12Нима айтишингизни ўша вақтда сизга Муқаддас Руҳ ўргатади.”
Аҳмоқ бой ҳақида масал
13Оломон орасидан кимдир Исога айтди:
— Устоз, акамга айтинг, отамиз бизга қолдирган меросни мен билан бўлишсин.
14— Эй инсон! Ким Мени сизларга қози ёки мерос бўлувчи қилиб қўйибди? — деди унга Исо. 15Сўнг халойиққа деди:
— Эҳтиёт бўлинглар, ўзингизни ҳар қандай очкўзликдан сақланглар. Зеро, инсоннинг умри мол–мулкининг кўплигига боғлиқ эмас.
16Исо уларга шундай масал айтди: “Бир бой одамнинг даласи мўл ҳосил берибди. 17Бой кўнглида:
— Нима қилсам экан, ҳосилимни сақлашга етарли жойим йўқ–ку, — деб ўйлабди. 18Ниҳоят, у шундай дебди:
— Энди бундай қиламан: омборларимни бузиб, каттароқларини қураман. Ҳамма дон–дунларимни, бойликларимни ўша ерда сақлайман. 19Шунда ўзимга ўзим дейман: “Кўп йилларга етадиган мол–мулк тўпладим. Энди роҳатланаман, еб–ичаман, кайфу сафо қиламан.”
20Аммо Худо унга шундай дебди:
— Эй нодон! Шу тундаёқ жонинг олинади. Йиғиб–терган мол–мулкинг энди кимга қолади?!
21Ҳа, ўзи учун бойлик йиққан, аммо Худонинг назарида бой бўлмаган одамнинг қисмати шундай бўлади.”
Тирикчилик ташвишлари ҳақида
22Исо шогирдларига шундай деди: “Шунинг учун сизларга айтаман: тирикчилигингиздан хавотир олиб, нима еймиз, устимизга нима киямиз, деманглар. 23Ахир, ҳаёт овқатдан, тана эса кийимдан муҳимроқ–ку! 24Қарғаларга қаранглар: улар на экади, на ўради, на омборлари, на қўралари бор. Шунга қарамай, Худо уларнинг ризқини беради. Сизлар эса қушлардан анча қадрлисизлар! 25Биронтангиз ташвишланиб, умрингизни бир лаҳзага бўлса ҳам узайтира олармидингиз?! 26Шундай арзимас иш қўлингиздан келмас экан, нега қолган нарсалар ҳақида ташвиш тортасиз?
27Нилуфар гулларнинг қандай ўсишига эътибор қилинг: улар меҳнат қилмайди, ип йигирмайди. Аммо сизларга айтаманки, ҳатто шоҳ Сулаймон#12:27 шоҳ Сулаймон — 3 Шоҳлар 10:23-27 га қаранг. ўзининг шуҳрат чўққисида ҳам ўша гулларнинг биронтасидай кийинмаган. 28Бугун бор, эртага эса ўчоққа ташланадиган дала ўтини Худо шундай безаган бўлса, наҳотки сизларни кийинтирмаса, эй имони сустлар! 29Нима еймиз, нима ичамиз, деб ташвишланиб безовта бўлманглар. 30Худони билмайдиган халқлар ҳадеб бу нарсаларнинг ташвишида юрадилар. Лекин осмондаги Отангиз буларга муҳтож эканингизни билади–ку! 31Сизлар, яхшиси, Худонинг Шоҳлиги пайида бўлинглар, шунда қолган нарсалар ҳам сизга берилади.
32Эй кичик сурув, қўрқманглар! Осмондаги Отангиз Ўз Шоҳлигини сизларга беришни маъқул топди. 33Мол–мулкингизни сотиб, хайр–садақа беринглар. Ўзингизга эскирмайдиган ҳамёнлар, самоларда битмас–туганмас хазина тайёрланглар. У ерга ўғри яқинлаша олмайди, хазинангизни куя ея олмайди#12:33 …хазинангизни куя ея олмайди — қадимги пайтларда қимматбаҳо кийимлар ва гиламлар хазина ҳисобланар эди.. 34Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади.
Ҳушёр хизматкорлар
35Ҳар доим тайёр ҳолда туринглар: белбоғларингиз белингизда боғланган, чироқларингиз ёниб турган бўлсин! 36Сизлар хўжайинининг тўйдан қайтишини интизорлик билан кутган хизматкорлардай бўлинглар. Хўжайин келиб, эшикни тақиллатиши биланоқ эшикни очадиган бўлинглар. 37Хўжайин келганда ҳушёр турган хизматкорлар бахтлидир! Сизларга чинини айтай: хўжайин белини боғлаб, хизматкорларини дастурхонга ўтқазади ва уларга ўзи хизмат қилади. 38Хўжайин ярим тунда келадими ёки тонгга яқин келадими, хизматкорларини ҳушёр ҳолда кўрса, ўша хизматкорлар нақадар бахтлидир!
39Аммо шуни билиб қўйингки, агар уй эгаси ўғрининг қачон келишини билганда эди, уйига бузиб киришга ўғрига йўл қўймаган бўларди. 40Шунингдек, сизлар ҳам тайёр туринглар, чунки Инсон Ўғли сизлар кутмаган вақтда келади.”
41Шу пайт Бутрус сўради: “Ҳазрат, бу масални фақат бизга айтяпсизми ё ҳаммагами?”
42Раббимиз Исо шундай жавоб берди: “Ишончли ва ақлли уй бошқарувчиси ким? Хўжайин бундай одамни ўз хизматкорларига бошлиқ қилиб қўяди, уларга ўз вақтида овқат тарқатишни унга топширади. 43Хўжайин уйга қайтганда ўша хизматкорини юмуш устида кўрса, хизматкор нақадар бахтлидир! 44Сизларга чинини айтай: хўжайин ўша хизматкорини бутун мулки устидан бошқарувчи қилиб қўяди. 45Борди–ю, у хизматкор кўнглида: «Хўжайиним ҳали бери қайтиб келмайди» деб, бошқа хизматкорларни ура бошласа, еб–ичиб, маст бўлса, 46хизматкор кутмаган кунда, ўйламаган соатда хўжайини келиб қолади, хизматкорини қаттиқ жазолаб, бошига садоқатсизларнинг кунини солади.
47Хўжайиннинг хоҳишини билган, аммо ҳозирлик кўрмаган ва унинг хоҳишини бажармаган хизматкор кўп калтак ейди. 48Билмай туриб жазога муносиб иш қилган хизматкор эса кўп калтакланмайди. Кимга кўп берилган бўлса, ундан кўп сўралади. Кимга кўп ишониб топширилган бўлса, ундан кўпроқ талаб қилинади.
Исо — бўлинишнинг сабабчиси
49Мен ер юзига олов келтиргани келдим. Қанийди, бу олов ҳозироқ аланга олиб кетса! 50Мен чуқур қайғу–аламларга ботаман. Бу амалга ошмагунча қаттиқ изтироб чекаман! 51Мени ер юзига тинчлик олиб келган, деб ўйлайсизларми? Йўқ, деб айтаман, бўлиниш олиб келганман! 52Зеро, бундан буён бир уйда яшаган беш киши бўлинади, учтаси иккитасига ва иккитаси учтасига қарши бўлади. 53Ҳа, улар бўлинади:
Ота ўғлига қарши чиқади,
Ўғил отасига қарши бўлади,
Она қизига қарши чиқади,
Қиз онасига қарши бўлади,
Қайнана келинига қарши чиқади,
Келин қайнанасига қарши бўлади.”
Замон аломатлари ва абадийлик
54Исо оломонга шундай деди: “Ғарбда булут кўтарилиб келаётганини кўрганингизда, сизлар дарров: «Ҳозир ёмғир ёғади», деб айтасизлар. Шундай бўлади ҳам. 55Жанубдан шамол эсаётганини кўрганингизда, сизлар: «Жазирама иссиқ бўлади», деб айтасизлар. Шундай бўлади ҳам. 56Эй иккиюзламачилар! Сизлар еру осмоннинг авзойига қараб, об–ҳавони аниқлай оласизлар–ку! Нима учун ҳозирги замонни талқин қила олмайсизлар?! 57Нима тўғрилигини нега ўзингиз қарор қила олмайсизлар? 58Шундай экан, биронтаси билан даъволашиб, у билан бирга маҳкамага кетаётганингизда, йўлда у билан ярашишга ҳаракат қилинг. Агар шундай қилмасангиз, у сизни қозининг олдига судраб боради, қози сизни зиндонбонга топширади. Зиндонбон эса сизни зиндонга ташлайди. 59Сизларга шуни айтай: қарзингизни охирги тийинигача тўламагунингизча, у ердан чиқолмайсиз.”
Currently Selected:
Луқо 12: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020