Луқо 14
14
14–БОБ
Исо Шаббат куни хастага шифо беради
1Бир Шаббат куни Исо фарзийлар раҳнамоларидан бирининг уйига меҳмонга борди. Уни диққат билан кузатиб ўтиришарди. 2Исонинг олдига истисқо дардидан қўл–оёқлари шишиб кетган бир одам келиб қолди. 3Исо Таврот тафсирчиларидан ва фарзийлардан сўради:
— Қонунимизга кўра, Шаббат куни одамга шифо бериш мумкинми ёки йўқми?
4Улар эса индамадилар.
Исо хаста одамга қўл теккизиб, шифо берди ва уни жўнатиб юборди. 5Сўнг уларга деди:
— Бирортангизнинг фарзандингиз#14:5 фарзандингиз — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида эшагингиз. ёки молингиз қудуққа тушиб кетса, Шаббат куни бўлишига қарамай, уни дарҳол чиқариб олмайсизларми?!
6Улар эса бу гапга бирон жавоб топа олмадилар.
Камтарлик ва меҳмондўстлик
7Меҳмонлар тўрдан жой танлашга интилаётган эдилар. Исо буни кўриб, шундай масал айтди: 8“Сизни тўй зиёфатига таклиф қилишганда, тўрга чиқиб олманг. Меҳмонга чақирилганлар орасида сиздан ҳам ҳурматлироқ бошқаси бўлиши мумкин. 9Икковингизни таклиф қилган мезбон келиб, сизга:
— Жойингизни бу одамга бўшатиб беринг, — деб айтиши мумкин. Шунда сиз хижолат тортиб, пойгакда ўтиришга мажбур бўласиз. 10Шунинг учун таклиф этилганингизда, пойгакда ўтиринг, токи мезбоннинг ўзи келиб сизга:
— Дўстим, илтимос тўрга чиқинг, — деб айтсин. Шунда бошқа меҳмонлар кўзида сизнинг ҳурматингиз ошади. 11Зотан, ўзини ўзи юксалтирган камситилади, ўзини паст тутган эса юксалтирилади.”
12Исо Ўзини таклиф қилган хонадон соҳибига айтди:
— Тушки ё кечки зиёфат берганингизда, дўстларингизни ёки ака–укаларингизни, қариндош–уруғларингизни ё бўлмаса, бой қўшниларингизни таклиф қилманг. Акс ҳолда, улар ҳам сизни меҳмонга чақириб, қилган яхшилигингизни қайтарадилар. 13Аксинча, зиёфат берганингизда, камбағал–қашшоқларни, чўлоқ, шолларни, кўрларни таклиф қилинг. 14Шунда бахтли бўласиз. Чунки улар қилган яхшилигингизни қайтара олмасалар–да, солиҳлар тирилган замонда бунинг савобини кўрасиз.
Тўкин зиёфат ҳақида масал
15Дастурхон атрофида ўтирган меҳмонлардан бири Исонинг бу сўзларини эшитиб, Унга деди:
— Худонинг Шоҳлигида зиёфат ейдиган киши бахтлидир!
16Исо ўша одамга шундай деди: “Бир одам катта зиёфат тайёрлаб, кўпчиликни таклиф этибди. 17Зиёфат вақти бўлганда:
— Келинглар, дастурхон тайёр бўлди, — деб меҳмонларни чақиргани хизматкорини юборибди. 18Аммо таклиф қилинганларнинг ҳаммаси бирдай узр сўрай бошлабдилар. Биринчиси унга дебди:
— Мен ер сотиб олган эдим, ўша ерни кўргани боришим керак. Илтимос, мени кечиринг.
19Бошқаси эса:
— Мен беш жуфт ҳўкиз сотиб олдим, уларни синагани кетяпман. Илтимос, мени кечиринг, — дебди. 20Яна бошқаси:
— Мен янги уйландим, шунинг учун бора олмайман, — дебди.
21Хизматкор қайтиб келиб, хўжайинига ахборот берибди. Шунда уй соҳиби ғазабланиб, хизматкорига буюрибди:
— Ҳозироқ шаҳар кўчаларини, йўлакларини айланиб чиқ. Қашшоқ, чўлоқ, кўр ва шолларни бу ерга олиб кел.
22Бир оз вақтдан кейин хизматкор шундай деб келди:
— Хўжайин, буюрганларингизни бажардим, лекин яна бўш жой қолди.
23Шунда хўжайин хизматкорига айтибди:
— Йўлларга, йўлакларга бор, одамларни кўндириб олиб кел, токи уйим тўлсин. 24Сизларга айтай: таклиф қилинганларнинг бирортаси ҳам зиёфат таомларидан асло тотиб кўрмайди#14:24 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар оятга қўшимча қилинган: Чунки даъват этилганлар кўп, аммо танланганлар оздир..”
Шогирдликнинг қиймати
25Катта бир оломон Исога эргашиб кетаётган эди. Исо уларга қараб деди: 26“Менга эргашган одам Мени ота–онасидан, хотини ва бола–чақасидан, ака–ука ва опа–сингилларидан, ҳатто ўз жонидан ортиқ севиши керак#14:26 Мени…севиши керак — юнонча матндан сўзма–сўз таржимаси Ота–онасидан, хотини ва бола–чақасидан, ака–ука ва опа–сингилларидан, ҳатто ўз жонидан нафратланиши керак. Бироқ Исо бу сўзлари билан издошларини туғишган жигарларидан ёки ўзларидан нафратланишга ундамоқчи эмас. Нафрат сўзи бу ўринда муболаға тарзида ишлатилган бўлиб, шогирдларнинг Исога бўлган севгиси биринчи даражали ва ниҳоятда юксак бўлиши кераклигини кўрсатмоқчи., акс ҳолда, у Менинг шогирдим бўлолмайди. 27Ўз хочини кўтариб#14:27 Ўз хочини кўтариб… — 9:23 изоҳига қаранг., ортимдан юрмаган одам ҳам Менинг шогирдим бўлолмайди.
28Сизлардан бирортангиз минора қурмоқчи бўлсангиз, уни битириш учун маблағ етарлими, деб олдиндан харажатини ҳисоблаб чиқмайсизми? 29Акс ҳолда, сиз пойдевор ётқизасиз–у, минорани битказа олмайсиз. Буни кўрганларнинг ҳаммаси устингиздан кулиб, шундай деб айтишади: 30«Бу одам қурилишни бошлади, аммо битира олмади.»
31Ёки қайси шоҳ бошқа бир шоҳга қарши урушга чиқишдан аввал ўтириб: «Душман йигирма минг аскари билан менга қарши келяпти, мен ўн минг аскарим билан унга бас кела оламанми?» деб ўйламайдими?! 32Кучи етмаса, душман ҳали узоқдалигида унинг олдига элчи юбориб, сулҳ тузайлик, деб илтимос қилади. 33Худди шу сингари, бор мол–мулкингиздан кечмасангиз, биронтангиз ҳам Менинг шогирдим бўла олмайсиз.
Туз ҳақида
34Туз — яхши нарса. Лекин туз ўз таъмини йўқотса, уни яна қандай шўр қилиб бўлади?! 35Бундай туз ерга ҳам, гўнгга ҳам ярамайди, уни ташлаб юборадилар. Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!”
Currently Selected:
Луқо 14: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020