Ибтидо 45
45
45–БОБ
Юсуф ака–укаларига ўзини танитади
1Энди Юсуф ортиқ чидаб тура олмади. У хизматкорларига: “Ҳамма ҳузуримдан чиқсин!” деб буюрди. Юсуф ўзини ака–укаларига танитганда, ҳузурида ҳеч ким қолмаган эди. 2У шундай қаттиқ йиғладики, хонадонидаги Мисрликлар эшитди. Бу янгилик тезда фиръавннинг саройига етиб борди.
3— Мен Юсуфман! — деди у ака–укаларига. — Отам ҳали ҳам ҳаёт экан–да?
Лекин ака–укалар Юсуфнинг қаршисида даҳшатга тушиб, жавоб беришга тиллари ожиз эди.
4— Менга яқинроқ келинглар! — деди Юсуф. Ака–укалари унга яқинроқ боришди.
— Мен Юсуфман! — деди у яна, — сизлар Мисрга сотган укангизман! 5Мени бу ерга сотганингиздан ғам чекманглар, ўзларингиздан хафа ҳам бўлманглар. Худо шундай қилди. Худо инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун сизлардан олдин мени бу ерга жўнатган экан. 6Икки йилдирки, юртда қаҳатчилик. Яна беш йил бу юртда на ер ҳайдалади, на ҳосил бўлади. 7Худо ана шундай ғаройиб йўл билан сизларни ва наслингизни қутқариб, омон қолдириш учун сизлардан олдин мени юборди. 8Ҳа, мени бу ерга сизлар эмас, Худо юборган! Худо мени фиръавнга маслаҳатчи, унинг бутун хонадонига хўжайин, Миср юрти устидан ҳоким қилди. 9Тез бўлинглар, отамнинг олдига қайтиб бориб, унга шундай деб айтинглар: “Ўғлингиз Юсуфни Худо бутун Миср устидан ҳоким қилибди. Кечиктирмай йўлга отланинг. 10Сиз Гўшен ерларига#45:10 Гўшен ерлари — Нил дельтасининг шарқидаги ҳосилдор ерлар. ўрнашар экансиз. Ўзингиз, болаларингиз, набираларингиз, қўй–эчкиларингиз, подаларингиз — ҳамма мол–мулкингиз билан бирга Юсуфга яқин жойда бўласиз. 11Сизга Юсуф қараб турар экан. Ҳали олдимизда беш йил қаҳатчилик турибди. Ўзингиз ҳам, хонадонингиз ҳам оч қолмас экан, чорвангиз ҳам оч қолмас экан.” 12Ўзларингиз кўриб турибсизлар, укам Бенямин, сен ҳам кўриб турибсан, сизларга бу гапларни айтаётган мен Юсуфман. 13Мисрда мен қанчалик шон–шуҳратга эришганимни, ўз кўзларингиз билан кўрганингизни отамга айтинглар. Отамни тезлик билан менинг олдимга олиб келинглар.
14Юсуф укаси Беняминни қучоқлаб, бўйнига осилиб, хурсандлигидан йиғлар, Бенямин ҳам йиғлар эди. 15Сўнг Юсуф йиғлаганича, акаларини бирма–бир қучоқлаб ўпди. Энди акалари Юсуф билан бемалол гаплаша бошладилар.
16“Юсуфнинг ака–укалари келибди!” деган хабар тезда фиръавн саройига етиб борди. Фиръавн ва унинг аъёнлари ғоятда хурсанд бўлдилар. 17Фиръавн Юсуфга деди:
— Ака–укаларингга айт, юкларини уловларига ортиб, Канъонга қайтишсин. 18Отангни, бола–чақаларини олиб, Мисрга қайтиб келишсин. Мен уларга юртнинг энг яхши ерларини берай. Улар бу ерда тўкин–сочинликда яшайдилар. 19Уларга айт, Мисрдан аравалар олиб кетишсин. Хотинларини, болаларини, отангни ўша араваларда бу ерга олиб келишади. 20Қолиб кетган мол–мулкларига ачинишмасин. Мисрнинг энг яхши ноз–неъматлари уларникидир.
21Ёқубнинг#45:21 Ёқуб — ибронийча матнда Исроил, Ёқубнинг яна бир исми (шу бобнинг 28–оятида ҳам бор). 32:27-28 га қаранг. ўғиллари айтилгандай қилдилар: фиръавннинг кўрсатмасига биноан, Юсуф уларга аравалар берди. Шунингдек, уларга йўл учун озиқ–овқат ҳам ғамлаб берди. 22Юсуф акаларининг ҳар бирига бир сидрадан янги кийим–бош, Беняминга эса беш сидра кийим–бош ва уч юз бўлак кумуш#45:22 уч юз бўлак кумуш — тахминан 3,5 килога тўғри келади. Қадимги пайтларда маълум вазндаги кумуш бўлаклари одатда пул бирлиги сифатида ишлатилган. берди. 23Отамга деб ўнта эшакка Мисрнинг энг яхши ноз–неъматларидан, ўнта эшакка дон, отаси учун йўлда егани озиқ–овқат юклаб жўнатди. 24Юсуф ака–укаларини йўлга кузатиб қўйди. Улар йўлга чиқаётганларида Юсуф: “Йўлда жанжаллашиб юрманглар#45:24 …жанжаллашиб юрманглар… — ёки …хафа бўлманглар… ёхуд …қўрқманглар… (шу бобнинг 5–оятига қаранг).”, деди.
25Шундай қилиб, улар Мисрдан Канъон юртига — оталари ҳузурига қайтиб келдилар. 26“Юсуф тирик экан! У бутун Миср юртининг ҳокими экан!” деб айтишди ўғиллари. Ёқуб бу янгиликдан ҳанг–манг бўлиб қолди, ўғилларининг гапига ишонмади. 27Лекин ўғиллари Ёқубга Юсуфнинг ҳамма гапларини айтиб бўлиб, “Отамни Мисрга олиб келинглар”, деб Юсуф юборган араваларни кўрганда, Ёқубнинг руҳи тетиклашди.
28— Худога шукур, ўғлим Юсуф тирик экан, менга шунинг ўзи кифоя, — деди Ёқуб, — ўлмасимдан бурун бориб уни кўриб қолай.
Currently Selected:
Ибтидо 45: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020