YouVersion Logo
Search Icon

Ибтидо 44

44
44–БОБ
Йўқолган қадаҳ
1Ака–укалар кетишга тайёрланишди. Юсуф қулбошисига шундай кўрсатма берди: “Бу одамларнинг қопларини кўтара оладиган қилиб донга тўлдир. Ҳар бирининг қопига кумушларини қайтариб солиб қўй. 2Кенжасининг қопи ичига эса кумушлари билан бирга менинг кумуш қадаҳимни ҳам солиб қўй.” Қулбоши ҳаммасини Юсуф айтгандай қилди. 3Эртасига тонг ёришиши биланоқ, ака–укаларни юк ортилган эшаклари билан жўнатиб юборишди. 4Улар ҳали шаҳардан унча узоқлашмаган ҳам эдиларки, Юсуф қулбошисига буюрди:
— Бор, анави одамларнинг изидан туш. Уларга етиб олганингдан кейин шундай деб айт: “Нимага яхшиликка ёмонлик қилдингиз? 5Хўжайинимнинг кумуш қадаҳини ўғирлаганингиз нимаси?#44:5 Хўжайинимнинг кумуш қадаҳини ўғирлаганингиз нимаси? — қадимий юнонча ва лотинча таржималардан. Ибронийча матнда бу жумла йўқ. Хўжайиним ундан ичимлик ичиш учун, фол очиш учун фойдаланарди#44:5 …фол очиш учун фойдаланарди… — қадимги пайтларда фол очиш учун турли хил суюқликлардан фойдаланиларди. Юсуфнинг ўзи бундай удумларга эргашмаган бўлса–да, унинг хизматкори қадаҳни қимматбаҳо деб билар эди, чунки бундай қадаҳлар худолардан маслаҳат сўраш учун ишлатиларди., ахир! Қандай ёмон иш қилиб қўйибсизлар–а!”
6Қулбоши ака–укаларга етиб олиб, ўргатилган гапларни айтди.
7— Нимага бундай гапларни гапиряпсиз?! — деб жавоб қайтаришди улар. — Худо сақласин! Бу қулларингиз унақа иш қилмайди! 8Ўзингиз ўйланг, қопларимиздан топиб олган кумушларни Канъондан сизга қайтариб олиб келдик–ку. Шундай экан, биз хўжайинингизнинг уйидан кумуш ёки олтин ўғирлармидик?! 9Агар ўша нарса биз, қулларингиздан топилса, майли, ўша одам ўлдирилсин. Қолганларимиз ҳазрати олийларига қул бўлайлик.
10— Майли, мен розиман, сизлар айтганча бўла қолсин, — деди қулбоши. — Кумуш қадаҳ кимдан топилса, у менга қул бўлади. Қолганларингиз эса озод бўласизлар.
11Сўнгра ҳар бири тезда эшаклари устидан қопларини олиб, очдилар. 12Юсуфнинг қулбошиси тўнғичининг қопидан бошлаб кенжасининг қопигача титиб чиқди. Қадаҳ Беняминнинг қопидан чиқиб қолса бўладими! 13Улар умидсизликка тушиб, қайғудан кийимларини йиртдилар. Эшакларига яна юкларини ортиб, орқага — шаҳарга қайтиб келдилар.
14Яҳудо ва ака–укалар Юсуфнинг уйига келишди. Юсуф ҳали уйида экан. Ака–укалар Юсуфнинг олдида ўзларини ерга отдилар.
15— Бу қилганингиз нимаси? — деб сўроққа тутди Юсуф уларни. — Мендай бир одам фол очиб билиб олишимни билмасмидингиз?!
16— Жаноби олийларига нима ҳам дердик? Худо бу қулларингизнинг қилган жиноятларини фош қилди. Энди ўзимизни қандай ҳимоя қила олардик?! Қандай қилиб ўзимизни оқлардик?! Жаноби олийлари! Сизнинг қадаҳингиз укамизнинг қопидан топилган экан, энди укамиз билан бирга биз, ҳаммамиз, сизга қул бўлишга тайёрмиз.
17— Йўқ, Худо сақласин! Ҳечам бундай қилмайман! — деди Юсуф. — Фақат қадаҳни ўғирлаган одамгина менга қул бўлади. Қолганларингиз эса эсон–омон отангизнинг олдига қайтинглар.
Яҳудо Бенямин учун ёлворади
18Шунда Яҳудо Юсуфга яқинроқ келиб деди:
— Жаноби олийлари! Ўзингиз фиръавн кабисиз. Сиз, жанобларига мен бир оғиз сўз айтсам, ғазабланманг. 19Сиз биздан: “Отангиз ёки укангиз борми?” деб сўраган эдингиз. 20Биз шундай деб жавоб бердик: “Ҳа, қари отамиз ва кенжа укамиз ҳам бор, отамиз уни кексайганда кўрган. Унинг акаси эса ўлган, онасидан бир ўзи ёлғиз қолган. Отамиз уни жуда яхши кўради.” 21Кейин сиз биз, қулларингизга: “Ўша укангизни менинг олдимга олиб келинглар, уни ўзим кўрайин–чи”, дедингиз. 22Биз эса сизга: “Бола отасини ташлаб кела олмайди, агар ташлаб келса, отаси ўлиб қолиши мумкин”, деб айтдик. 23Кейин сиз бизга: “Укангизни олиб келмагунларингизча, кўзимга кўринманглар”, дедингиз. 24Қулингиз — отамизнинг ҳузурига қайтиб борганимизда, сизнинг гапларингизни унга айтдик. 25Вақти келиб, отамиз бизга: “Яна бориб, ўзимизга бир оз дон сотиб олиб келинглар”, деди. 26Лекин биз отамизга айтдикки: “Ўзимиз бора олмаймиз, агар кенжа укамиз биз билан бирга кетсагина, бора оламиз, укамиз бормагунча, биз ўша одамнинг кўзига кўрина олмаймиз.” 27Шунда отамиз бизга деди: “Биласизларки, хотиним Роҳиладан икки ўғил қолган эди. 28Биридан айрилдим, уни шубҳасиз, йиртқич ҳайвон тилка–пора қилиб ташлаган. Уни ўшандан кейин кўрмадим. 29Агар бунисини ҳам мендан олиб кетсангиз, у бирор фалокатга йўлиқиб қолса, қариганимда мени қайғудан ўликлар диёрига#44:29 ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл (шу бобнинг 31–оятида ҳам бор). 37:35 изоҳига қаранг. киритасизлар.” 30Энди, жаноби олийлари, мен отамнинг олдига бу болани ташлаб бора олмайман. Отамизнинг умри бу боланинг ҳаётига боғлиқ. 31Бола биз билан йўқлигини отамиз кўргандан кейин, у ўлиб қолади. Биз эса кекса отамизни қайғудан ўликлар диёрига тиқамиз. 32Мен, қулингиз, мана шу бола учун отамга кафил бўлганман. Отамга: “Агар уни қўлингизга қайтариб олиб келиб топширмасам, умр бўйи сизнинг олдингизда айбдор бўлиб қолай”, деб айтганман. 33Илтимос қиламан, жаноби олийлари, шу боланинг ўрнига мен сизга қул бўлиб қолай, рад этманг. Бола акалари билан бирга қайтиб кетаверсин. 34Агар бола мен билан бирга кетмаса, отамнинг олдига қайси юз билан қайтиб бораман?! Отамнинг бошига тушадиган кулфатларга қараб туришга бардош беролмайман.

Currently Selected:

Ибтидо 44: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in