Ибтидо 32
32
32–БОБ
Ёқуб Эсовни кутиб олишга тайёрланади
1Ёқуб оила аъзоларини бошлаб йўлда кетаётган эди, Худонинг фаришталари унга пешвоз чиқдилар. 2Ёқуб уларни кўриб: “Бу Худонинг лашкаргоҳи!” деди. Шунинг учун бу жойга Моханайим#32:2 Моханайим — ибронийчадаги маъноси икки қароргоҳ, Ёқубнинг ва Худонинг қароргоҳлари бу жойда эканлиги назарда тутилган бўлиши мумкин (аммо шу бобнинг 7-10–оятларига ҳам қаранг). деб ном берди.
3Ёқуб боришидан олдин Сеир, яъни Эдом юртида#32:3 …Сеир, яъни Эдом юрти… — Ўлик денгизнинг жанубида жойлашган. Эдом юртининг яна бир номи Сеир эди. истиқомат қилаётган акаси Эсовга хабарчиларни юборди. 4Ёқуб хабарчиларга шундай кўрсатма берган эди:
— Эсов ҳазратларига шундай деб айтинглар: “Қулингиз Ёқуб айтмоқдаки, у шу пайтгача Лобоннинг хонадонида яшади. 5Энди моллар, эшаклар, қўй–эчкилар, қул ва чўриларга эга бўлди. Келаётганидан сизни хабардор қилиш учун бизни юборди. Унинг умиди шуки, сиз унга меҳр–мурувват кўрсатсангиз.”
6Хабарчилар қайтиб келиб, Ёқубга шундай дедилар: “Акангиз Эсовнинг олдига бордик. У сизни кутиб олишга келяпти, ёнида тўрт юзта одами ҳам бор.” 7Ёқуб бу хабарни эшитди–ю, қўрқиб, ваҳимага тушди. Хонадонидаги одамларини, қўй–эчкиларини, мол подаларини, туяларини икки қисмга бўлди. 8У: “Агар Эсов келиб, битта қисмни қириб ташласа, нариги қисми қутулиб омон қолади–ку”, деб ўйлади.
9Кейин Ёқуб ибодат қилди:
— Эй бобом Иброҳимнинг, отам Исҳоқнинг Худоси! Эй Эгам! Менга: “Ўз юртингга, қариндошларинг олдига қайтиб бор, сенга муваффақият келтираман”, деб ваъда берган эдинг. 10Кўрсатган садоқатингга, иноятингга мен, қулинг, лойиқ эмасман. Илгари Иордан дарёсини кечиб ўтганимда, таёғимдан бошқа ҳеч нарсам йўқ эди. Энди оила аъзоларим икки қўрғонни тўлдирадиган бўлди. 11Илтижо қиламан, мени Эсов акамнинг қўлидан қутқаргин. У келиб, мен билан бирга хотинларимни, болаларимни ўлдиради, деб қўрқаман. 12Сен эса менга: “Сенга муваффақият келтираман, сенинг наслингни денгиздаги қумдек кўпайтираман, кўплигидан наслингни санаб бўлмайди”, деб ваъда берган эдинг. Илтижо қиламан, ваъдангни ёдингда тут.
13-15Ёқуб тунни ибодат қилган ўша жойда ўтказди. Кейин сурувидан акаси Эсовга икки юзта она эчки, йигирмата така, икки юзта совлиқ ва йигирмата қўчқор, ўттизта соғин туяни бўталоқлари билан, қирқта сигир ва ўнта буқа, йигирмата моча эшак ва ўнта эркак эшакни ҳадя қилиш учун танлаб олди. 16Ёқуб бу ҳайвонларни подаларга бўлиб, хизматкорларига топширар экан, уларга шундай деди:
— Мендан олдин юринглар, ҳар бир поданинг орасида бўш масофа қолдиринглар.
17Энг олдинги подани ҳайдаб бораётган хизматкорига у шундай кўрсатма берди:
— Эсов акам сени учратиб қолиб: “Кимнинг хизматкорисан? Қаерга кетяпсан? Олдингдаги пода кимники?” деб сўраганда, 18сен: “Бу подалар қулингиз Ёқубники, буларни сиз, тўрамга ҳадя қилиб юбордилар, ўзлари ҳам орқамизда келяптилар”, деб айтгин.
19Ёқуб подани ҳайдаб бораётган иккинчи, учинчи, хуллас, ҳамма хизматкорларига ҳам бир хил кўрсатма бериб:
— Эсовни учратиб қолганингизда, ўша гапларимни айтинглар, — деди. 20“Қулингиз Ёқуб орқамизда келяптилар”, деб албатта айтинглар, — деб таъкидлади. Чунки Ёқуб: “Ўзимдан олдин юборган ҳадяларим билан Эсов акамнинг кўнглини юмшатаман, у билан юзма–юз учрашганимизда, мени кечирса ажабмас”, деб умид қилаётган эди. 21Шундай қилиб, Ёқуб ўзи боришидан олдин, ҳадяларни жўнатиб юборди ва бу кечани чодир тиккан жойда ўтказди.
Ёқуб Паниёлда кураш тушади
22Ўша куни тунда Ёқуб ўрнидан турди. Иккала хотинини, иккала чўрисини#32:22 иккала чўриси — Билхах (29:29, 30:4 га қаранг) ва Зилпо (29:23-24, 30:9 га қаранг) назарда тутилган., ўн битта боласини Явоқ дарёси#32:22 Явоқ дарёси — Иордан дарёсининг шарқ томонида жойлашган бу дарё Ўлик денгиздан қарийб 50 километр шимолда Иордан дарёсига қуйилади. кечувидан ўтказди. 23Улар дарёнинг нариги қирғоғига ўтиб бўлганларидан кейин, бутун мол–мулкини ҳам ўтказди. 24Ёқуб дарёнинг бу томонида ёлғиз ўзи қолди. Ўша ерда бир одам билан тонг отгунча курашди. 25Ўша одам кўрдики, Ёқубни мағлуб қила олмас экан. Бир пайт у Ёқубнинг бўксасига#32:25 бўкса — гавданинг бел билан сон ўртасидаги қисми. бир урган эди, сони бўғинидан чиқиб кетди.
26— Мени қўйиб юбор, тонг отяпти, — деди ўша одам.
— Мени дуо қилмасанг, кеткизмайман, — ҳансираб деди Ёқуб.
27— Исминг нима? — деб сўради ўша одам.
— Ёқуб, — деб жавоб берди у.
28— Бундан кейин сенинг исминг Ёқуб эмас, Исроил#32:28 Исроил — ибронийчадаги маъноси Худо олишади. Бу исм ибронийчадаги олишдинг сўзига оҳангдош. бўлсин, — деди ўша одам. — Чунки сен Худо ва инсонлар билан олишиб, ғолиб чиқдинг.
29— Илтимос, исмингни айт! — деди Ёқуб.
— Нимага Менинг исмимни сўраяпсан? — деб сўради ўша одам. Шундай деди–ю, у Ёқубни дуо қилди. 30Ёқуб: “Худо билан юзма–юз бўлибман–у, ҳаётим сақланиб қолибди–я”#32:30 “Худо билан юзма–юз бўлибман–у, ҳаётим сақланиб қолибди–я” — инсонлар, Худони кўрган одам ўлади, деб ишонишарди (Чиқиш 33:20 ва Ҳакамлар 6:22, 13:22 га қаранг)., деб бу жойга Паниёл#32:30 Паниёл — ибронийчадаги маъноси Худонинг юзи. Паниёл Гиладда, Иордан дарёсининг шарқ томонида жойлашган эди. деган ном берди. 31Ёқуб Паниёлдан#32:31 Паниёл — ибронийча матнда бу номнинг бошқа варианти Панувал. кетаётганда, қуёш чиққан эди. Сони оғриётгани учун у оқсоқланиб юрарди. 32Ўша одам Ёқубнинг бўксасига ургани сабабли, Исроил халқи ўша тунда юз берган воқеанинг хотири учун бугунгача#32:32 бугунгача — шу китоб ёзилган вақтга ишора. соннинг пайини емайди.
Currently Selected:
Ибтидо 32: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020