Чиқиш Кириш
Кириш
Чиқиш китоби Тавротнинг иккинчи китобидир. Мазкур китобда Худо Ўз халқи Исроилни Мисрдаги қулликдан озод қилгани ва у ердан олиб чиққани тўғрисида ҳикоя қилинади. Шу боис, китоб “Чиқиш” деб номланган. Ибтидо китобининг охирида баён қилинган воқеалардан мазкур китобда баён қилинган воқеаларгача орадан 400 йил ўтади. Исроил халқи тахминан милоддан аввалги 1440 йилда Мисрдан чиқади (3 Шоҳлар 6:1 га ва ўша оятнинг биринчи изоҳига қаранг).
Чиқиш китобида Худонинг номи (3:13-15 га қаранг) ва Унинг илоҳий табиати намоён қилинган бўлиб: “Эгамиз танҳо, ҳақиқий Худодир, барча яратилганларнинг Ҳукмдоридир”, деб таълим берилади. Худо бирор ишни амалга оширишга қарор қилганда, ҳеч ким Уни тўхтата олмайди.
Чиқиш китобини уч қисмга бўлиш мумкин. Биринчи қисмдаги аксарият воқеалар (1-13–боблар) Миср юртида рўй беради. Исроил халқи бу ерда фиръавнга қул бўлиб хизмат қиларди. Худо Ўз халқининг оҳу нолаларини эшитади. Уларни қулликдан озод қилиш учун Мусони танлайди.
Мусо фиръавндан, Исроил халқини қўйиб юбор, деб талаб қилганда, фиръавн рад жавобини беради. Шунинг учун Худо Мисрга ўнта офат юбориши тўғрисида Мусога айтади. Бу офатлар кўпинча “ўнта ўлат” деб ҳам айтилади. Охири, ноилож қолган фиръавн Исроил халқига Мисрдан чиқиб кетишга ижозат беради.
Китобнинг иккинчи қисмида (14-18–боблар) Исроил халқи Худонинг муқаддас тоғи — Синайга кетаётганларида бошларидан кечирган воқеалар ҳикоя қилинади. Миср фиръавни Исроил халқини озод қилиш фикридан дарров қайтиб, лашкарига уларни тутиб келиш ҳақида фармон беради. Лекин Худо Исроил халқини ҳимоя қилиб, Миср лашкарини қириб ташлайди. Сўнгра Исроил халқи саҳро бўйлаб юрганда, Худо уларни озиқ–овқат ва сув билан таъминлайди.
Китобнинг сўнгги қисмидаги воқеалар (19-40–боблар) Синай тоғида юз беради. Худо бу тоғда Мусога зоҳир бўлиб, унга ўнта амрни, шунингдек, кундалик турмуш, ахлоқ ва сажда маросимларига оид қонун–қоидаларни беради. Худо Исроил халқи орасида истиқомат қила олиши учун Мусога Муқаддас чодирни ясашни буюради. Чодир ва унинг жиҳозларига оид батафсил кўрсатмаларни беради. Муқаддас чодир Худонинг Ўз халқи орасидаги маскани бўлиб, халқ у ерда Худога турли назрлару қурбонликларни келтириши керак бўлади.
Мазкур китобнинг замирида ахлоқ ва Худога сажда қилиш каби муҳим мавзулар ётади. Чиқиш китобида Худо Ўз халқига тўғри сажда қилиш йўлларини ўргатади. Бироқ шу билан чекланибгина қолмай, уларга нажот ҳақида хабар бериб, Ўз ваъдаларига содиқлигини амалда кўрсатади.
Currently Selected:
Чиқиш Кириш: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020