Чиқиш 1
1
1–БОБ
Мисрликлар Исроил халқига зулм ўтказади
1-4Исроил#1:1-4 Исроил — Ёқубнинг яна бир исми (Ибтидо 32:27-28 га қаранг). ўғилларининг исмлари қуйидагичадир: Рубен, Шимўн, Леви, Яҳудо, Иссахор, Забулун, Бенямин, Дан, Нафтали, Гад, Ошер. Улар отаси Ёқуб билан бирга ўз оилаларини олиб, Мисрга кетган эдилар. 5Ўшанда Ёқубнинг авлоди ҳаммаси бўлиб етмиш#1:5 етмиш — Ибтидо 46:8-27 оятларга ва Ибтидо 46:27 изоҳига қаранг. кишидан иборат эди. Унинг ўғли Юсуф бу пайтда Мисрда яшарди.
6Вақти–соати етиб, Юсуф, унинг ака–укалари ва ўша авлоднинг ҳаммаси оламдан ўтиб кетди. 7Исроил насли эса баракали бўлиб, борган сари кўпайиб бораверди. Миср юрти улар билан тўлиб–тошди.
8Ўша пайтда Миср тахтига янги фиръавн#1:8 янги фиръавн — тахтга ўтирган янги шоҳ сулоласи назарда тутилган бўлиши мумкин. ўтирди. У Юсуф тўғрисида ҳеч нарса билмасди. 9У ўз халқига шундай деди:
— Қаранглар, Исроил халқи бизга қараганда кўпайиб, кучайиб кетди. 10Қани, бир йўлини топиб, уларни кўпайиб кетишдан тўхтатайлик. Бўлмаса, уруш бўлиб қолганда, улар душманларимизга қўшилиб, бизга қарши уруш қиладилар. Кейин юртимиздан қочиб кетадилар.
11Шундай қилиб, Мисрликлар назоратчилар тайинлаб, Исроил халқини оғир ишларга мажбур қилдилар, тинка–мадорини қуритдилар. Исроил халқи фиръавн учун Питом ва Рамзес деган омбор шаҳарларни#1:11 …Питом ва Рамзес…шаҳарлар… — Питом шаҳри Муқаддас Китобда фақат бир марта тилга олинган. Бу шаҳарнинг айнан қаерда жойлашгани маълум эмас, бироқ у Миср шимолидаги Нил дельтасининг ерларида жойлашган бўлиши мумкин. Рамзес шаҳри кейинчалик ўша жойда яшаган фиръавн Рамзес II номи билан аталган машҳур шаҳарга ишора. Бу шаҳар ҳам Нил дельтасининг ерларида жойлашган эди, лекин унинг айнан қаерда жойлашгани маълум эмас. қуриб берди.
12Лекин Мисрликлар Исроил халқига қанчалик зулм ўтказсалар ҳам, Исроил халқи яна ҳам кўпайиб юрт бўйлаб ёйилиб борарди. Мисрликлар бу аҳволдан қўрқувга тушиб қолдилар. 13-14Улар Исроил халқини аёвсиз, зўрлик билан қул қилиб, ҳар турли дала ишларига, лойдан ғишт қуйишга мажбурладилар. Мисрликлар уларга шафқат қилмадилар.
15Шифро ва Пуво деган иброний доялар бор эди. Миср фиръавни уларга шундай фармон берди:
16— Иброний аёллар кўзи ёриётган пайтда доялик қилаётганингизда, яхшилаб эътибор беринг: чақалоқ ўғил бўлса, ўлдиринглар, қиз бўлса, яшайверсин.
17Иккала доя Худодан қўрқарди. Шунинг учун Миср фиръавнининг фармонига итоат этмасдан, ўғил болаларни ўлдирмадилар. 18Миср фиръавни дояларни чақириб сўради:
— Нимага бунақа қиляпсизлар? Нимага ўғил болаларни тирик қолдиряпсизлар?
19— Иброний аёллар Мисрлик аёлларга ўхшамайдилар, — деб жавоб беришди доялар. — Улар жуда бақувват, шунинг учун биз бормасимиздан олдин туғиб қўйяптилар.
20Шунинг учун Худо дояларга марҳамат қилди. Исроил халқи кўпайиб, яна ҳам кучаяверди. 21Доялар Худодан қўрққанлари учун, Худо уларни оилали қилди. 22Шундан кейин фиръавн ўз халқига: “Ибронийларда туғилган ҳар бир ўғил бола Нил дарёсига улоқтирилсин, қиз болалар эса яшайверсин”, деб фармон берди.
Currently Selected:
Чиқиш 1: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
![None](/_next/image?url=https%3A%2F%2Fimageproxy.youversionapi.com%2F58%2Fhttps%3A%2F%2Fweb-assets.youversion.com%2Fapp-icons%2Fen.png&w=128&q=75)
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020