Чиқиш 3
3
3–БОБ
Худо Мусони чақиради
1Мусонинг қайнатаси — Мидиён юртининг руҳонийси бўлган Ятро эди. Мусо унинг қўй–эчкиларини боқиб юрарди. У қўй–эчкиларни саҳронинг ғарб томонига ҳайдаб, Худонинг муқаддас тоғи Синайга#3:1 Синай — ибронийча матнда Хорев, Синай тоғининг яна бир номи. бориб қолди. 2Бирдан бутадаги алангада Эгамизнинг фариштаси Мусога зоҳир бўлди. Мусо ҳайрон бўлди: бута ёнарди–ю, аммо ёниб тугамасди. 3Мусо: “Жуда ғалати–ку, бориб, бир қарай–чи, бута нимага ёниб тугамаяпти экан”, деб ўйлади. 4Мусо яқинроқ борди, Эгамиз унинг келаётганини кўриб, бутанинг орасидан: “Мусо! Мусо!” деб чақирди.
— Лаббай, шу ердаман, — деб жавоб берди Мусо.
5— Энди бу ёғига келма! Оёғингдаги чориғингни еч! — деди Худо. — Сен турган жой муқаддас ердир. 6Мен ота–боболаринг — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худосиман.
Мусо Худога қарашдан қўрқиб, дарров юзини беркитиб олди.
7Кейин Эгамиз яна айтди:
— Имонинг комил бўлсин: халқимнинг Мисрда чеккан азобларини кўрдим, мадад сўраб назоратчилар зулми дастидан қилган фарёдларини эшитдим. Ҳа, халқимнинг чеккан ҳамма азобларини биламан. 8Шунинг учун Мен халқимни Мисрликларнинг зулмидан қутқаргани келдим. Мен уларни Мисрдан олиб чиқиб, кенг, унумдор, сут ва асал оқиб ётган юртга#3:8 сут ва асал оқиб ётган юрт — ниҳоятда ҳосилдор ерни билдирувчи ибора. Мўл–кўл сут — мол учун кўм–кўк яйловларнинг кўплигини билдиради. Асал — хурмодан олинадиган қуюқ, ширин мураббога ишора бўлиши мумкин. Мураббонинг мўллиги яхши ҳосил берадиган ерни билдиради. олиб боргани келдим. У ерда Канъон, Хет, Амор, Париз, Хив ва Ёбус халқлари яшайди. 9Халқимнинг фарёди Менга етиб келди. Мисрликлар халқимга қанчалик зулм ўтказаётганини кўриб турибман. 10Қани, бўл, сени ҳозир Миср фиръавни ҳузурига юбораман. Халқим Исроилни Мисрдан сен олиб чиқасан.
11Шунда Мусо Худога:
— Мен ким бўлибманки, фиръавннинг ҳузурига бориб Исроил халқини Мисрдан олиб чиқсам?! — деб жавоб берди. 12Худо эса шундай деди:
— Мен сен билан бўламан. Исроил халқини Мисрдан олиб чиққанингдан кейин, шу тоққа келиб, Менга сажда қиласизлар. Сени Мен юборганимнинг исботи шу бўлади.
13Аммо Мусо Худога қуйидагича жавоб берди:
— Исроил халқи олдига бориб: “Сизларнинг олдингизга ота–боболарингизнинг Худоси мени юборди”, деб айтсам, улар: “Ким У?”#3:13 “Ким У?” — ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси “Унинг исми нима?” Яҳудийларнинг тасаввурига кўра одамнинг исми унинг характери ва хулқ–атворини ифодалайди. Бу оятдаги савол фақатгина Худонинг исмини билиш учун эмас, балки Исроил халқи ва Мусо ўз ота–боболарининг Худосини янада яхшироқ билишлари учундир. Мусо ўзига берилган куч ва ҳокимиятга унча ишонмай: “Мен ким бўлибман…?!” деб сўраган (шу бобнинг 11–оятига қаранг). Исроил халқи ҳам Мусодан “Ота–боболаримизнинг Худоси Ким?” деб сўрашини Мусо биларди. Яна шу бобнинг 14–ояти изоҳига қаранг. деб сўрайдилар–ку! Ўшанда мен нима деб жавоб бераман?
14— Мен ҳар доим бор бўлган Худоман#3:14 Мен ҳар доим бор бўлган Худоман… — ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси Мен бор бўлган Менман…. Мусонинг саволига жавоб сифатида Худо Ўзини барча ҳодисалар устидан чексиз куч ва ҳокимиятга эга бўлган — ҳар доим бор бўлган Худо сифатида аён қилди (яна шу бобнинг 15–оятига ва ўша оятнинг изоҳига қаранг)., — деб жавоб берди У. — Халқим Исроилга: “Мени сизларнинг олдингизга юборганнинг номи — Мен Борман”, деб айтасан. 15Исроил халқига яна: “Мени сизларнинг олдингизга ота–боболарингиз — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси — Эгангиз#3:15 Эгангиз — ибронийча матнда ЙҲВҲ (Йаҳвеҳ деб талаффуз қилинган бўлиши мумкин), Худонинг исми. ЙҲВҲ ибронийчадаги мен борман феълига оҳангдош, бу феъл шу бобнинг 14–оятида уч марта ишлатилган. Кўпчилик олимлар ЙҲВҲ ибронийча бор бўлмоқ феълининг илк шакли бўлиши мумкин, деб тушунадилар. Ушбу таржимада ЙҲВҲ сўзи Эгам, Эгамиз, Эганг, Эгангиз, Эгаси деб таржима қилинган (тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ХУДОНИНГ НОМЛАРИ ибораси остида берилган ЭГАМ, ЭГАМИЗ… сўзига қаранг). юборди”, деб айт. Менинг номим то абад шундай бўлсин. Унвонимни келгуси авлодлар шундай деб айтсин.
16Худо яна Мусога айтди:
— Энди бор, халқим Исроилнинг оқсоқолларини тўплаб, уларга: “Ота–боболарингиз — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси — Эгангиз менга зоҳир бўлди”, деб айт. Уларга шу гапимни етказ: “Имонингиз комил бўлсин: Мисрликлар сизларга қандай зулм ўтказаётганини Мен кўриб, кузатиб турибман. 17Энди ваъда бериб айтаманки, сизларни Мисрда чекаётган азоб–уқубатларингиздан халос қиламан. Сизларни Канъон, Хет, Амор, Париз, Хив ва Ёбус халқларининг ерларига, сут ва асал оқиб ётган юртга бошлаб олиб бораман.” 18Исроил оқсоқоллари сенга қулоқ солишади. Кейин Миср фиръавни ҳузурига улар билан сен ҳам бирга бор. Фиръавнга шундай деб айтинглар: “Ибронийларнинг Худоси — Эгамиз Ўзини бизга зоҳир қилди. Энди бизга ижозат бер, саҳрода уч кун йўл юриб бориб, Эгамиз Худога қурбонликлар келтирайлик.” 19Аммо Миср фиръавнини мажбурламаса у сизларнинг кетишингизга ижозат бермаслигини биламан. 20Ўшанда Мен қўлимни кўтариб, Мисрликларни ураман, ҳа, мўъжизалар орқали уларни жазолайман. Ўшандан кейингина фиръавн сизларнинг кетишингизга ижозат беради. 21Мен шундай қиламанки, Мисрликлар сизларга илтифот кўрсатадилар. Сизлар кетаётганларингизда бўш қўл билан чиқиб кетмайсизлар. 22Исроил халқидан ҳар бир аёл Мисрлик қўшнисидан ёки қўшнисининг уйида истиқомат қилаётган Мисрлик аёлдан олтин ва кумуш тақинчоқлар, кийим–кечаклар сўраб олади. Ўғилларингизни, қизларингизни тақинчоқлару кийим–кечаклар билан ясантирасизлар. Шундай қилиб, Мисрликларнинг бойликларини олиб кетасизлар.
Currently Selected:
Чиқиш 3: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
![None](/_next/image?url=https%3A%2F%2Fimageproxy.youversionapi.com%2F58%2Fhttps%3A%2F%2Fweb-assets.youversion.com%2Fapp-icons%2Fen.png&w=128&q=75)
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020