YouVersion Logo
Search Icon

Эфесликлар 2

2
2–БОБ
Худонинг инояти туфайли ҳаётга эришиш
1Сизлар бир вақтлар гуноҳлару айбларингиз туфайли руҳан ўлик эдингизлар. 2Сизлар бу дунёнинг одатлари бўйича, ёвуз руҳий кучларнинг ҳокими бўлган шайтонга бўйсуниб, гуноҳга ботиб яшардингиз. Худога итоат қилмай яшаётганларнинг юракларида амал қилаётган шайтондир. 3Биз ҳам бир вақтлар худбин истакларимизни қондириб яшар эдик. Тана эҳтиросларига ва бемаъни ўй–хаёлларга берилиб яшайдиган, барча одамзод каби, табиатан Худонинг қаҳр–ғазабига лойиқ бўлган итоатсиз инсонлар эдик. 4Аммо меҳр–шафқатга бой Худо Ўзининг бизга бўлган буюк муҳаббатини қуйидагича кўрсатди: 5гарчи биз гуноҳларимиз туфайли руҳан ўлик бўлсак ҳам, Худо бизни Масиҳ билан бирга тирилтирди. Биз Худонинг инояти туфайли қутқарилганмиз. 6Худо бизни Масиҳ билан бирга тирилтирди ва бизга самода У билан бирга жой берди. Булар Исо Масиҳ туфайли амалга ошди. 7Худонинг инояти беҳад мўл эканлиги то абад намоён бўлиши учун, У бизга Исо Масиҳ орқали меҳр–шафқат кўрсатди. 8Ахир, сизлар Худодан иноят топиб, имон орқали нажот топгансиз. Бу Худонинг инъомидир, сизнинг ютуғингиз эмас. 9Яна ҳеч ким: “Мен савоб ишларим туфайли қутулганман”, деб мақтанмасин. 10Ахир, биз Худонинг ижодимиз. Худо бизни хайрли ишлар қилишимиз учун Исо Масиҳ орқали яратди, бу ишларни биз учун азалданоқ тайёрлаб қўйган эди.
Исо Масиҳ орқали халқлар бирлашади
11Эсингизда бўлсин, суннат қилинган яҳудийлар#2:11 суннат қилинган яҳудийлар — суннат Худонинг Иброҳим ва унинг авлоди билан қилган аҳд белгиси эди (Ибтидо 17:1-14 га қаранг). Суннат яҳудийларнинг Худога содиқлигини ва Унинг танлаган халқига тегишли эканини кўрсатади. бир вақтлар сиз — ғайрияҳудий бўлганларни “суннатсиз”#2:11 “суннатсиз” — бу сўз ғайрияҳудийларнинг Худодан маҳрум бўлиб келганига, Унинг халқи қаторида ҳисобланмаганига урғу беради. деб атардилар. Ваҳоланки, яҳудийларнинг суннати фақатгина жисмоний суннат эди. 12Ўша пайтда сизлар Масиҳни билмас эдингизлар, Исроил халқига тегишли эмасдингиз. Худонинг Исроил халқи билан тузган аҳдларига#2:12 аҳдлар — Худонинг Исроил халқи ва уларнинг ота–боболари билан қилган аҳдларига ишора (Ибтидо 15:18, 17:1-14, Чиқиш 19:1-8, 2 Шоҳлар 7:8-16, Еремиё 31:31-34 га қаранг). ва берган ваъдаларига бегона бўлиб, бу дунёда умидсиз ва Худосиз яшар эдингиз. 13Сизлар олдин Худодан узоқ эдингиз, энди эса Исо Масиҳ орқали, Унинг тўкилган қони туфайли Худога яқинлашдингиз.
14-15Масиҳнинг Ўзи бизнинг тинчлик манбаимиздир. У Ўз танасини фидо қилиб, яҳудийлар ва ғайрияҳудийларни бирлаштирди, уларнинг орасидаги адоват деворини қулатди. Исо Масиҳ яҳудийларга берилган қонунни ва унинг амрларию қоидаларини бекор қилди. Масиҳ туфайли ғайрияҳудийлар билан яҳудийлар бирлашиб, янги бир халқ бўлдилар, шундай қилиб Масиҳ тинчлик ўрнатди. 16Хочдаги ўлими орқали Масиҳ ғайрияҳудийларни ҳам, яҳудийларни ҳам Худо билан яраштирди–да, уларнинг орасидаги адоватни йўқ қилди. 17Масиҳ келиб, сизларга — олдин Худодан узоқ бўлганларга ҳам, Худога яқин бўлганларга ҳам тинчлик Хушхабарини эълон қилди. 18Масиҳ туфайли энди ҳаммамиз бир Руҳ орқали Отамиз Худонинг ҳузурига кира оламиз.
19Демак, сизлар энди бегона ҳам, келгинди ҳам эмассизлар, балки Худонинг азиз халқи қаторидасиз, Унинг хонадони аъзоси бўлдингизлар. 20Сизлар худди бир бинодайсизлар. Бу бинонинг асоси ҳаворийлару пайғамбарлардир#2:20 ҳаворийлару пайғамбарлар — Исо Масиҳнинг Хушхабарини ваъз қиладиган ҳаворийларга ва Янги Аҳд давридаги пайғамбарларга ишора (3:5, 4:11-12 га ва 1 Коринфликлар 12:28 га қаранг).. Бинонинг тамал тоши#2:20 тамал тоши — қадимги пайтларда қурилишда пойдевор учун қўйилган биринчи ва энг муҳим тош ҳисобланарди. Бу тош пойдеворнинг бир бурчагини ҳосил қилиб, бинонинг қолган қисми ўша тошнинг жойлашуви бўйича қуриларди. эса Исо Масиҳнинг Ўзидир. 21Бу иморат Раббимиз Исо Масиҳ орқали бир бўлиб, юксалиб боради ва Унга бағишланган муқаддас маъбад бўлади. 22Исо Масиҳга тегишли бўлганингиз учун сизлар ҳам бу иморатнинг бир қисмисиз. Бу иморатни Худонинг Руҳи Ўзига маскан қилиб олади.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in