YouVersion Logo
Search Icon

Эфесликлар 3

3
3–БОБ
Худо сирли режасини аён қилади
1Мана, Исо Масиҳ ҳақи сиз — ғайрияҳудийларга қилган хизматим сабабли маҳбус#3:1 маҳбус — бу пайтда Павлус Римда маҳбус бўлгани эҳтимолдан ҳоли эмас (Ҳаворийлар 28:16, 30 га қаранг). бўлганман. 2Худо Ўз иноятини сизларга етказиш вазифасини менга топширди. Сизлар албатта бу ҳақда эшитгансизлар. 3Юқорида қисқача ёзганимдай, Худо бу сирни менга ваҳий орқали маълум қилди. 4Сизлар ёзганларимни ўқиб, Масиҳ ҳақидаги сирни қандай фаҳмлаганимни тушуниб оласизлар. 5Бу сир олдинги наслларга аён қилинмаган эди. Энди эса Муқаддас Руҳ орқали Худонинг муқаддас ҳаворийлари ва пайғамбарларига#3:5 Худонинг муқаддас ҳаворийлари ва пайғамбарлари — 2:20 нинг биринчи изоҳига қаранг. аён қилинди. 6Бу сирнинг моҳияти қуйидагичадир: ғайрияҳудийлар ҳам Хушхабарга ишониб, Исо Масиҳ орқали Худо Ўз халқига ато қиладиган баракаларга шерик бўладилар. Улар билан бирга бир тана аъзолари#3:6 бир тана аъзолари — 4:4 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг. бўлиб, Худонинг Ўз халқига берган ваъдасидан баҳраманд бўладилар.
7Хушхабарни тарқатиш хизмати менга Худонинг инояти бўйича топширилди. Бу иноятни Худо менга Ўзининг куч–қудрати орқали берди. 8Мен Худонинг азизлари орасида энг арзимагани эдим. Масиҳнинг ақл бовар қилмас бойлиги ҳақидаги Хушхабарни ғайрияҳудийларга етказишим учун менга Худонинг инояти берилди. 9Худонинг сирли режасини энди ҳаммага ошкор қилиш вазифаси менга юкланди. Бутун борлиқни#3:9 Бутун борлиқни… — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Исо Масиҳ орқали бутун борлиқни…. яратган Худо бу сирни асрлар давомида пинҳон тутган эди. 10Ўзининг кўп қиррали донолиги имонлилар жамоати орқали самовий кучлару салтанатларга маълум бўлиши учун Худо шундай қилди. 11Худонинг Раббимиз Исо Масиҳ орқали рўёбга чиқарган азалий мақсади шу эди.
12Биз Исо Масиҳ туфайли ва Унга бўлган имонимиз туфайли Худонинг ҳузурига дадиллик ва тўла жасорат билан яқинлашиш имконига эгамиз. 13Шундай экан, сизлардан ўтинаман, менинг азоб–уқубатларимни деб, руҳингиз ҳеч тушмасин. Аксинча, сизлар учун чеккан азоб–уқубатларим билан фахрланинглар.
Павлуснинг ибодати
14Юқорида айтиб ўтганларим ҳақида ўйлаганимда, самовий Отамиз#3:14 самовий Отамиз — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Раббимиз Исо Масиҳнинг самовий Отаси. олдида тиз чўкиб, ибодат қиламан. 15Ер юзидаги ва осмону фалакдаги ҳар бир жонзотнинг ҳаёт манбаи самовий Отадир. 16Менинг тоат–ибодатларим қуйидагичадир: Худо Ўзининг улуғвор бойлиги билан сизларга куч–қудрат бериб, Ўз Руҳи билан ички борлиғингизни бақувват қилсин. 17Имонингиз орқали Масиҳ юрагингиздан жой олсин. 18-19Сизлар илдизи чуқур дарахтдай бўлинг, Худонинг севгиси сизларни барқарор қилсин. Худонинг барча азизлари билан бирга, Масиҳнинг ақл бовар қилмас севгиси қанчалик кенг, қанчалик чексиз, қанчалик юксак ва теран эканлигини тўла англаб, билиб олинглар. Шунда ҳаётингиз Худонинг камолотига тўлиб–тошади.
20Худо ҳаётимизда амал қилаётган қудрати билан биз сўраган ёки тасаввур қилганларимизни ва ҳатто хаёлимизга келмаганларни ҳам бажаришга қодирдир. 21Имонлилар жамоати ва Исо Масиҳ орқали Худога насллар оша то абад шон–шарафлар бўлсин! Омин.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in