Ҳаворийлар 18
18
18–БОБ
Коринф шаҳрида
1Шундан кейин Павлус Афинадан кетиб, Коринфга йўл олди. 2У ерда Павлус Акил деган бир яҳудий билан танишди. Акил Понтусда туғилган бўлиб, хотини Прискилла билан Италиядан яқинда келган экан. Чунки Қайсар#18:2 Қайсар — барча Рим императорларига берилган унвон. Клавдий#18:2 Клавдий — милодий 41-54 йилларда ҳукмронлик қилган., ҳамма яҳудийлар Римдан чиқиб кетсин, деб фармон берган эди. Павлус уларни кўргани борди. 3Улар ҳамкасб бўлиб, чодир тикувчилик билан шуғулланганлари учун, Павлус уларникида қолиб, ишлади. 4Ҳар Шаббат куни у синагогада мунозара ўтказиб, яҳудийлар ва ғайрияҳудийларни#18:4 ғайрияҳудийлар — юнонча матнда юнонлар (14:1 нинг иккинчи изоҳига қаранг). Синагогаларга бориб, у ердаги маросимларда қатнашадиган ғайрияҳудийлар “Худодан қўрқадиганлар” деб аталган (10:2 изоҳига қаранг). ишонтиришга ҳаракат қиларди.
5Силас билан Тимўтий Македониядан келганларидан кейин, Павлус бутун вақтини Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилишга бағишлади. У яҳудийларга Исонинг Масиҳ экани тўғрисида гувоҳлик берарди. 6Яҳудийлар эса Павлусга қарши чиқиб, уни ҳақорат қилдилар. Павлус кийимларидан чангни қоқди–да#18:6 Павлус кийимларидан чангни қоқди–да… — 13:51 изоҳига қаранг.: “Қонингиз ўз гарданингизда қолсин, менда айб йўқ, ҳозирдан бошлаб ғайрияҳудийлар орасига кетганим бўлсин”, деди уларга. 7Шундай қилиб, Павлус синагогани тарк этиб, Титас Юстус#18:7 Титас Юстус — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Юстус. деган бир одамнинг уйига борди. Титас Юстус ҳам художўй#18:7 художўй — муаллиф бу сўзни яҳудийларнинг Худосига сажда қилган ғайрияҳудийларга нисбатан ишлатган (10:2 изоҳига қаранг). одам бўлиб, унинг уйи синагоганинг ёнгинасида эди. 8Синагоганинг қавмбошиси Криспус бутун хонадони билан Раббимиз Исога имон келтирди. Павлусдан Хушхабар эшитган Коринфликларнинг кўпчилиги ишониб, сувга чўмдирилдилар.
9Бир куни тунда Раббимиз Исо ваҳийда Павлусга зоҳир бўлиб, деди: “Қўрқма! Гапиравер, сукут сақлама! 10Мен сен билан биргаман. Бу шаҳардаги кўпчилик Менинг одамларим бўлгани учун ҳеч ким сенга зарар етказа олмайди.” 11Шундай қилиб, Павлус бу шаҳарда бир йилу олти ой туриб, халққа Худонинг каломидан таълим берди.
12Галлион Ахая вилоятига ҳокимлик қилган пайтларда#18:12 Галлион Ахая вилоятига ҳокимлик қилган пайтларда… — Галлион милодий 51-52 йилларда Рим империясига қарашли Ахая вилоятининг ҳокими бўлган., яҳудийлар биргалашиб Павлусга қарши чиқдилар ва уни судраб, маҳкамага олиб келдилар.
13Улар шундай дедилар:
— Мана бу одам қонунга қарши йўллар билан Худога сажда қилишга халқни даъват қиляпти.
14Павлус энди гапирмоқчи бўлиб турган эди, Галлион яҳудийларга шундай деди:
— Эй яҳудийлар! Агар даъвоингиз ёмон қилмиш ёки оғир жиноят масаласида бўлганда эди, шикоятларингизни қабул қилишга сабаб топган бўлардим. 15Аммо бу даъволарингиз шунчаки айрим сўзлар, исмлар ва ўз қонунингиз борасида экан, буларни ўзларингиз кўриб чиқаверинглар. Мен бу масалаларнинг ҳаками бўлмайман.
16Галлион яҳудийларни маҳкамадан ҳайдаб чиқарди. 17Шунда оломон синагога қавмбошиси Состенисни тутиб олди–да, маҳкаманинг олдида уни калтаклади. Аммо Галлион буларнинг биронтасига эътибор бермади.
Павлус қисқа муддатга Антиохияга қайтади
18Павлус Коринфда имонлилар билан узоқ вақт турди. Сўнг улар билан хайрлашиб, кемада Сурияга сузиб кетди. Акил билан Прискилла ҳам у билан бирга кетдилар. Павлус Худога онт ичгани учун Кенхреядан сузиб кетишдан олдин сочини олдирди#18:18 Павлус Худога онт ичгани учун…сочини олдирди — Павлуснинг маълум бир муддат давомида сочини олдирмаслик ҳақида берган алоҳида бир ваъдасига ишора қилинаётган бўлиши мумкин. Эҳтимол, Павлус бу ваъдани Худодан ҳимоя сўраб ибодат қилаётганда бергандир (шу бобнинг 9-11–оятларига қаранг). Ўша муддат тугагандан кейин Павлус Худога шукрона сифатида сочини олдирган.. 19-21Улар Эфесга етиб келдилар. Павлус синагогага бориб, яҳудийлар билан мунозара ўтказди. Одамлар Павлусдан, биз билан узоқроқ қолинг, деб илтимос қилдилар. Аммо Павлус рози бўлмади. Кетишидан олдин эса уларга: “Худо хоҳиш билдирса#18:19-21 Худо хоҳиш билдирса… — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Яқинлашиб келаётган байрамни мен албатта Қуддусда нишонлашим керак. Аммо Худо хоҳиш билдирса…., сизларнинг олдингизга қайтиб келаман”, деди. Шундан кейин Акил билан Прискиллани Эфесда қолдириб, ўзи кемада сузиб кетди.
22Павлус Қайсарияга етиб келгандан кейин, Қуддусга борди ва имонлилар жамоати билан кўришди. Шундан сўнг Антиохияга кетди. 23У ерда маълум вақт бўлгач, яна йўлга чиқди#18:23 …яна йўлга чиқди… — Павлуснинг Хушхабар ёйиш мақсадида қилган учинчи сафарининг бошланиши (“Хариталар” бўлимига қаранг). Павлус Қуддусга қайтиб келганда бу сафар якунланган (21:12-17 га қаранг). ва Галатия, Фригия ўлкаларини кезиб, барча имонлиларга далда берди.
Аполлос
24Шу пайтда Аполлос деган бир яҳудий Эфесга келди. У асли Искандариядан эди. У гапга чечан одам бўлиб, Муқаддас битикларни#18:24 Муқаддас битиклар — одатда Эски Аҳд китоблари тўплами шу ном билан аталади. жуда яхши биларди. 25У Раббимиз Исонинг йўлида таълим олган бўлиб, оташин руҳ билан гапирарди. Исо ҳақида тўғри таълим берарди. Сувга чўмдириш ҳақида эса фақатгина Яҳёнинг таълимотини биларди#18:25 …фақатгина Яҳёнинг таълимотини биларди — Аполлос ҳали Исо Масиҳ номи билан сувга чўмдирилиш ҳақида эшитмаган эди. 2:37-38, 19:1-5 га ва Луқо 3:1-18 га қаранг.. 26Аполлос синагогада жасорат билан гапира бошлади. Прискилла билан Акил Аполлоснинг ваъзини эшитганларидан кейин, уни уйига таклиф қилиб, Худонинг йўлини янада аниқроқ тушунтириб бердилар. 27Аполлос Ахаяга боришга қарор қилди. Эфесдаги имонлилар Ахаядаги шогирдларга, Аполлосни яхши қабул қилсангизлар, деб мактуб ёздилар. Аполлос Ахаяга келгач, Худонинг инояти билан имонга келганларга катта ёрдам берди. 28Аполлос, Муқаддас битиклар асосида Исонинг Масиҳ эканини исбот этиб, қатъият билан яҳудийларнинг ноҳақлигини очиқчасига фош қиларди.
Currently Selected:
Ҳаворийлар 18: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020