YouVersion Logo
Search Icon

1 Юҳанно 3

3
3–БОБ
1Қаранглар, Отамиз Худо бизни фарзандларим деб, қандай буюк бир севгини кўрсатди! Ҳақиқатан ҳам, биз Унинг фарзандларимиз. Дунё Отамизни ҳеч қачон тан олмаган, шунинг учун бизни ҳам Худонинг фарзандлари деб тан олмаяпти. 2Ҳа, азизларим, ҳозир биз Худонинг фарзандларимиз. Аммо келажакда ким бўлишимиз бизга ҳануз очилмаган. Фақат шуни биламизки, ўша пайт келганда, биз Худо сингари бўламиз, чунки Худонинг Ўзини кўрамиз. 3Худога бундай умид боғлаган ҳар бир одам Исо Масиҳ сингари пок бўлиши учун ўзини поклайди.
4Гуноҳ қилувчи ҳар қандай одам Худога қарши бош кўтарган бўлади, чунки гуноҳ Худога қарши бош кўтармоқ демакдир. 5Масиҳ эса гуноҳларимизни ювиш учун келганини биласизлар. Унда гуноҳ йўқлиги ўзингизга аён. 6Масиҳ билан яшаган ҳар бир одам гуноҳдан юз ўгиради. Гуноҳ қилиб юрган одам эса, Масиҳни кўрмаган ҳам, танимаган ҳам.
7Азиз болаларим#3:7 Азиз болаларим — 2:1 изоҳига қаранг., ҳеч ким сизларни алдамасин. Адолатли иш қилувчи ҳар қандай одам худди Масиҳ сингари одилдир. 8Гуноҳ қилувчи эса иблис зотидандир. Чунки иблис азалдан гуноҳ қилиб келяпти. Аммо Худонинг Ўғли иблиснинг ишларини барбод қилиш учун келди. 9Худонинг болалари гуноҳ қилмайди, чунки Худонинг ҳаётбахш кучи#3:9 Худонинг ҳаётбахш кучи — юнонча матнда Худонинг уруғи, бу ўринда Муқаддас Руҳга ишора бўлиши мумкин. Баъзи олимларнинг тахмини бўйича, Худонинг уруғи ибораси Худонинг каломига ишора қилади (1 Бутрус 1:23 га қаранг). уларнинг ичидадир. Улар Худонинг болалари бўлганлари учун гуноҳда яшамайдилар. 10Адолатли иш қилмаган ва ўз биродарини севмаган одам эса Худодан эмас. Демак, иблис болалари билан Худо болаларининг фарқи ана шундадир.
Бир–биримизни яхши кўрайлик!
11Сизлар бошидан эшитган калом шу: бир–биримизни яхши кўрайлик! 12Ёвуз шайтон зоти бўлган Қобилга#3:12 Қобил — Ибтидо 4:3-8 га қаранг. ўхшамайлик. У ўз укасини ўлдирганди. Нима учун укасини ўлдирди? Чунки унинг ишлари қабиҳ, укасининг ишлари эса тўғри эди.
13Эй биродарларим, агар дунё сиздан нафратланаётган бўлса, ҳайратланманглар. 14Биз ўлимдан ҳаётга ўтганимизни биламиз, чунки биродарларимизни севамиз. Биродарини севмаган одам эса ўлим исканжасида қолган. 15Биродаридан нафратланган ҳар қандай киши қотилдир. Ҳеч бир қотил абадий ҳаётга эга бўлмаслигини биласизлар. 16Масиҳ бизлар учун жонини фидо қилди, ана шундан биз ҳақиқий севгини билдик. Демак, биз ҳам биродарларимиз учун жонимизни фидо қилишга бурчлимиз. 17Агар ўзимизга тўқ бўлиб туриб, муҳтожликда яшаётган биродаримизни кўрсак–у, унга ёрдам бермай юрагимизни тош қилсак, қандай қилиб бизда Худонинг севгиси жой олади?!
18Азиз болаларим, биз ҳақиқий севгимизни қуруқ гап билан эмас, амалда кўрсатайлик. 19-20Шунда биз ҳақиқат аҳли эканимизга ишонч ҳосил қиламиз. Ҳаттоки виждонимиз қийналганда ҳам “Худо ҳамма нарсани билади, У виждонимиздан ҳам улуғ” деган ҳақиқат билан Худонинг ҳузурида ўзимизни тинчлантира оламиз. 21Агар виждонимиз бизни қийнамаса, эй азизларим, Худо олдида дадил бўламиз 22ва Ундан нима сўрасак, У беради. Чунки биз Унинг амрларини бажариб, Унга манзур бўлган ишларни қиляпмиз. 23Худонинг амри эса Унинг Ўғли Исо Масиҳга ишонишдан ва Масиҳ буюрганидек, бир–биримизни севишдан иборатдир. 24Худонинг амрларини бажарган одам Худо билан бирга ва Худо у билан бирга яшайди. Худо биз билан яшаётганини У ҳар биримизга берган Руҳидан биламиз.

Currently Selected:

1 Юҳанно 3: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in