Луқо 17
17
17–БОБ
Гуноҳ ҳақида
1Исо Ўз шогирдларига яна деди: “Гуноҳга етаклайдиган васвасалар доимо келади. Аммо васвасага сабабчи бўлган одамнинг ҳолига вой! 2Бу кичикларнинг биронтасини#17:2 Бу кичикларнинг биронтаси — Исо Масиҳга имон келтирган одамлар, айниқса кичик бола сингари, ожиз ва қаровга муҳтож бўлганлар назарда тутилган (Матто 18:1-6 га қаранг). гуноҳга бошлаганингиздан кўра, бўйнингизга тегирмон тошини осиб, сизни денгизга ташлашгани ўзингиз учун яхшироқдир. 3Эҳтиёт бўлинглар! Агар биродарингиз гуноҳ қилса, унга танбеҳ беринг. Агар тавба қилса, уни кечиринг. 4Агар ўша одам бир куннинг ўзида сизга қарши етти марта гуноҳ қилса–ю, етти марта қайтиб келиб, сизга: «Тавба қилдим», деса, уни кечириб юборинг.”
Имон ва хизмат бурчи ҳақида
5Ҳаворийлар Раббимиз Исога: “Имонимизга имон қўшинг”, — дедилар.
6Раббимиз шундай жавоб берди: “Агар зиғирдай#17:6 зиғирдай — юнонча матнда хантал уруғидай. Ўша замонда одамлар хантал уруғини энг майда уруғ деб билишарди. имонингиз бўлиб, шу тут дарахтига:
— Илдизинг билан қўпорилиб чиқ ва денгизга кўчиб илдиз от, — десангиз, дарахт сизга бўйсунади.
7Хизматкорингиз қўш ҳайдаб ёки пода боқиб даладан эндигина қайтиб келганда, қай бирингиз унга:
— Кел дарров, дастурхонга ўтир, — деб айтасиз? 8Бунинг ўрнига ўша хизматкорингизга:
— Кечки овқатимни тайёрла, еб–ичиб бўлгунимча, белингни боғлаб, менга хизмат қил, кейин ўзинг еб–ичасан, — деб айтмайсизми?!
9Хизматкор ўз вазифасини бажаргани учун унга ташаккурлар билдирмайсиз–ку! 10Шу сингари, сизлар ҳам ўзингизга буюрилган ҳамма ишни бажарганингиздан сўнг:
— Биз бор–йўғи хизматкормиз, вазифамизни бажардик, холос, — деб айтинглар.”
Исо ўн кишига шифо беради
11Исо Самария билан Жалилани кесиб ўтиб, Қуддус томон йўл олди. 12У бир қишлоққа кираётганда, тери касаллигига#17:12 тери касаллиги — 5:12 изоҳига қаранг. чалинган ўн киши Уни қаршилаб олди. Улар узоқдан туриб, 13фарёд қилдилар:
— Эй Исо! Устоз! Бизга раҳм қилинг!
14Исо уларни кўриб:
— Боринглар, ўзларингни руҳонийларга кўрсатинглар#17:14 …ўзларингни руҳонийларга кўрсатинглар — Исо уларга шифо беришини билган ҳолда, Таврот қоидасига биноан, уларни руҳонийларнинг олдига юборди. Руҳонийлар тери касаллигига чалинган бу одамларни назоратдан ўтказиб, соғ ёки касал деб эълон қилишлари керак эди (Левилар 14:1-32 га қаранг). Яна 5:12-14 га қаранг., — деди.
Улар йўлда кетаётганларида, тери касаллигидан покланиб қолдилар.
15Улардан бири ўзининг шифо топганини кўриб, баланд овозда Худони улуғлаб орқага қайтди. 16Ўзини Исонинг оёқлари остига ташлаб, Унга миннатдорчилик билдирди. Ўша одам Самариялик#17:16 Самариялик — яҳудийлар Самарияликлардан ҳазар қилишар эди. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги САМАРИЯЛИК сўзига қаранг. эди.
17Исо шогирдларига деди:
— Тери касаллигидан покланган ўн киши эмасмиди?! Қолган тўққизтаси қани? 18Худони улуғлаш учун шу бир бегона кишидан бошқа ҳеч ким қайтиб келмадими?
19Сўнг Исо тери касаллигидан покланган одамга деди:
— Ўрнингдан тургин–да, боравер. Сенга ишончинг шифо берди.
Худонинг Шоҳлиги
20Баъзи фарзийлар Исодан:
— Худонинг Шоҳлиги қачон келади? — деб сўрадилар. Исо уларга шундай жавоб берди:
— Худонинг Шоҳлиги кўзга кўринадиган шаклда келмайди. 21Ҳеч ким: “Қара, Худонинг Шоҳлиги бу ерда”, ёки “Ана у ерда”, деб айтмайди. Чунки Худонинг Шоҳлиги сизларнинг орангиздадир.
22Кейин Исо шогирдларига деди: “Шундай вақтлар келадики, сизлар Инсон Ўғлининг кунларидан биттасини кўришни орзу қиласизлар, аммо ўша кунни кўролмайсизлар. 23Одамлар сизларга: «Ана, Масиҳ анави ерда» ёки «Мана, Масиҳ бу ерда», деб айтадилар. Аммо сизлар улар айтган ерга борманглар, уларнинг ортидан эргашманглар. 24Чунки Инсон Ўғли келганда, Уни ҳамма кўради. У осмонни бир четидан бошқа четигача ёритиб юборган чақмоқдай бўлади. 25Лекин ундан аввал Инсон Ўғли кўп азоб чекиши ва бу насл томонидан рад қилиниши керак.
26Нуҳ даврида#17:26 Нуҳ даврида — Ибтидо 6:5-7:23 га қаранг. қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғли келадиган даврда ҳам худди шундай бўлади. 27Нуҳ кемага кирган кунгача инсонлар еб–ичдилар, уйландилар, турмушга чиқдилар. Тўфон келганда эса уларнинг ҳаммаси нобуд бўлди. 28Лут#17:28 Лут — Ибтидо 19:1-29 га қаранг. замонида ҳам худди шундай бўлган эди: одамлар еб–ичардилар, савдо–сотиқ қилардилар, экин экардилар, уй қурардилар. 29Лекин Лут Садўм шаҳридан чиққан куниёқ осмондан олов ва олтингугурт ёғиб, ҳаммани нобуд қилди.
30Инсон Ўғли зоҳир бўлган кунда ҳам худди шундай бўлади. 31У кунда томнинг устида бўлган киши#17:31 томнинг устида бўлган киши — у замонларда уйларнинг томи текис бўлиб, одамлар томга чиқиб дам олишарди. уйдаги нарсаларни олиш учун пастга тушмасин. Далада бўлган одам ҳам қайтиб келмасин. 32Лутнинг хотинига#17:32 Лутнинг хотини — Ибтидо 19:16-17, 24-26 га қаранг. нима бўлганини ёдингизда тутинглар. 33Жонини сақламоқчи бўлган уни йўқотади. Жонини йўқотган эса уни асраб қолади. 34Сизга шуни айтай: ўша кеча бир тўшакда икки киши ётган бўлса, бири олинади, бири қолдирилади. 35-36Икки аёл бирга тегирмон тортаётган бўлса, бири олинади, бири қолдирилади#17:35-36 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар 36–оятни ташкил этиб, қўшимча қилинган: Икки киши далада бўлса, бири олинади, бири қолдирилади..”
37Шогирдлар Исодан сўради:
— Ҳазрат, бу воқеалар қаерда юз беради?
— Калхатлар тўпланган жойда мурда бўлишини ҳамма билади, — деб жавоб берди Исо. — Бу воқеалар қаерда юз бериши ҳам сизларга шу сингари аён бўлади#17:37 Калхатлар…сизларга шу сингари аён бўлади — юнонча матндан сўзма–сўз таржимаси Мурда қаерда бўлса, калхатлар ҳам ўша ерда тўпланади..
Selectat acum:
Луқо 17: ЎзбМК
Evidențiere
Partajează
Copiază
Dorești să ai evidențierile salvate pe toate dispozitivele? Înscrie-te sau conectează-te
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020