Луқо 16
16
16–БОБ
Пишиқ иш бошқарувчи ҳақида масал
1Исо шогирдларига шундай деди: “Бир бой одамнинг иш бошқарувчиси бор экан. Бойга, иш бошқарувчингиз мол–мулкингизни совуриб юрибди деган хабар етиб келди. 2Бой одам иш бошқарувчисини чақириб, унга шундай дебди:
— Сен ҳақингда баъзи гапларни эшитдим. Бу нимаси?! Менга бошқарувинг тўғрисида ҳисобот бер, энди ишларимни сен бошқармайсан.
3Шунда иш бошқарувчи ўзига ўзи дебди:
— Хўжайиним мени ишдан бўшатяпти. Энди нима қиламан? Ер чопишга кучим етмайди, садақа сўрашга уяламан. 4Эҳа, топдим! Бир иш қиламан, шунда бўшатилганимдан кейин одамлар уйларининг эшикларини мен учун очиб беришади.
5У вақтни бой бермай, хўжайиннинг қарздорларини бирма–бир чақирибди. Биринчисидан сўрабди:
— Хўжайинимдан қанча қарзинг бор?
6— Икки юз кўза зайтун мойи, — деб жавоб берибди у.
— Тилхатингни ол, тезда ўтириб юз кўза#16:6 Икки юз кўза…юз кўза… — юнонча матнда Юз бат…эллик бат…, тахминан 2200 литрга ва 1100 литрга тўғри келади. деб ёз! — дебди унга иш бошқарувчи. 7Кейин бошқасидан ҳам сўрабди:
— Сенинг қанча қарзинг бор?
— Минг тоғора буғдой, — деб жавоб берибди у. Унга ҳам:
— Тилхатингни ол, саккиз юз тоғора#16:7 Минг тоғора…саккиз юз тоғора… — юнонча матнда Юз кор…саксон кор…, тахминан 22 тоннага ва 18 тоннага тўғри келади. деб ёз! — дебди иш бошқарувчи.
8Ҳа, айёр иш бошқарувчи ишини боплаб бажарди! Чиндан ҳам бу дунёнинг одамлари замондошлари орасида нур аҳлига#16:8 нур аҳли — Осмон Шоҳлигидан баҳраманд бўладиган Худонинг халқига ишора. қараганда ўз ишига анча пишиқдирлар.
9Мен сизларга айтаман: бу дунёнинг бойлигидан фойдаланиб дўст орттиринглар, токи бу бойлик тугагач, Худо сизни абадий масканига қабул қилсин. 10Кичик ишда садоқатли бўлган одам катта ишда ҳам садоқатли бўлади. Кичик ишда садоқатсиз бўлган эса катта ишда ҳам садоқатсиз бўлади. 11Агар сизга бу дунёнинг бойлигини ишониб топшириб бўлмаса, ким сизга ҳақиқий бойликни ишониб топширади?! 12Агар сизга бошқаларнинг нарсасини ишониб топшириб бўлмаса, ўзингизга аталган нарсани сизга ким беради?!
13Ҳеч қандай хизматкор икки хўжайинга хизмат қилолмайди. У ё бирини ёмон кўриб, бошқасини яхши кўради, ёки бирига бағишланиб, бошқасини менсимайди. Сизлар ҳам Худога, ҳам бойликка бирдек хизмат қила олмайсизлар.”
14Пулпараст фарзийлар буларни эшитиб, Исони мазах қилдилар. 15Исо уларга деди: “Сизлар одамлар олдида ўзингизни тақводор қилиб кўрсатасизлар, лекин Худо юрагингизни билади. Одамзод кўкка кўтарган нарсалар Худонинг назарида жирканчдир.
16Яҳё ва ундан олдин келганлар Таврот ва Пайғамбарлар битикларини#16:16 Таврот ва Пайғамбарлар битиклари — одатда Эски Аҳд китоблари тўплами шу ном билан аталади (24:44 изоҳига қаранг). эълон қилганлар. Энди эса Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабар эълон қилинмоқда ва ҳар бир одам бу Шоҳликка киришга ундалмоқда. 17Бироқ Тавротдан бир нуқтанинг йўқолишидан кўра, еру осмоннинг йўқолиши осонроқдир.
18Ким ўз хотини билан ажрашиб бошқасига уйланса, зино қилган бўлади. Шунингдек, эри билан ажрашган хотинга уйланган киши ҳам зино қилган бўлади.
Бой ва Лазар ҳақида масал
19Бир бой одам бор экан. У қимматбаҳо либослар кийиб юрар, ҳар куни дабдабали ҳаёт кечирар экан. 20Бойнинг дарвозаси олдида бутун баданига яра тошган Лазар исмли бир қашшоқ гадой ётар экан. 21У бой дастурхонидан тўкилган ушоқлар билан қорин тўйдиришни орзу қилар экан. Итлар келиб унинг яраларини ялаб кетар экан.
22Бир куни гадой ўлиб қолибди, фаришталар уни Иброҳимнинг ёнига олиб кетибдилар. Кейин бой ҳам ўлиб, дафн қилинибди.
23Жаҳаннамда азоб чекаётган бой бошини кўтариб, узоқда Иброҳимни ва унинг ёнидаги Лазарни кўрибди. 24Сўнг шундай деб фарёд қилибди:
— Эй Иброҳим ота! Менга раҳм қилиб Лазарни юборинг. У бармоғининг учини сувга ботириб, тилимга томизсин. Бу аланга ичида азоб чекяпман!
25Иброҳим унга шундай деб жавоб берибди:
— Унутма, ўғлим, сен ҳаётлигингда ҳамма яхши нарсаларингни олиб бўлдинг, Лазар эса фақат ёмонлик кўрди. Энди у бу ерда тасалли топяпти, сен бўлсанг, азоб чекяпсан. 26Бундан ташқари, сен билан бизнинг орамизда тубсиз жарлик бор. Бу ердан сиз томонга ўтмоқчи бўлганлар ўта олмайдилар ва у ердан биз томонга ҳам ўтмайдилар.
27Шунда бой айтибди:
— Ундай бўлса, эй ота, сиздан ўтиниб сўрайман, Лазарни отамнинг уйига юборинг. 28Менинг бешта укам бор. Улар ҳам бу азобли жойга келмасликлари учун уларни огоҳлантириб қўйсин.
29Иброҳим жавоб берибди:
— Уларда Мусонинг ва пайғамбарларнинг битиклари#16:29 Мусонинг ва пайғамбарларнинг битиклари — шу бобнинг 16–ояти изоҳига қаранг. бор–ку, ўшаларга қулоқ солишсин.
30Бой эса:
— Йўқ, Иброҳим ота, улар қулоқ солмайдилар. Аммо ўликлардан бири уларнинг олдига борса, ўшанда тавба қиладилар, — дебди. 31Иброҳим шундай дебди:
— Агар Мусо ва бошқа пайғамбарларнинг сўзларига қулоқ солмаган бўлсалар, ўликлардан бири тирилиб борса ҳам ишонмайдилар.”
Selectat acum:
Луқо 16: ЎзбМК
Evidențiere
Partajează
Copiază
Dorești să ai evidențierile salvate pe toate dispozitivele? Înscrie-te sau conectează-te
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020