Лого на YouVersion
Икона за пребарување

Луқо 8

8
8–БОБ
Исога эргашган аёллар
1Орадан кўп ўтмай, Исо шаҳару қишлоқларга бориб, Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни эълон қилди. Ўн икки шогирди У билан бирга эди. 2Ёвуз руҳлардан ва хасталиклардан халос бўлган бир неча аёллар ҳам Исога эргашган эдилар. Булар: Магдалалик#8:2 Магдала — Жалила кўлининг ғарбий қирғоғидаги қишлоқ. Марям (унинг ичидан еттита жин чиқиб кетган эди), 3Ҳироднинг#8:3 Ҳирод — 3:1 га ва ўша оятнинг тўртинчи изоҳига қаранг. сарой бошқарувчиси Хузаснинг хотини Йўанна, Сусанна ва кўплаб бошқа аёллар эди. Улар ўз мол–мулкларини Исо билан Унинг шогирдлари#8:3 Исо билан Унинг шогирдлари — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Исонинг. эҳтиёжлари учун сарф қилардилар.
Уруғ сепувчи ҳақида масал
4Бир куни шаҳару қишлоқлардан талай оломон келиб, Исонинг ёнида тўпланди. Исо шундай масал айтди: 5“Бир деҳқон уруғ сепгани чиқибди. У уруғ сепаётганда баъзи уруғлар сўқмоқ йўл устига тушибди. Одамлар уруғларни босибди, қушлар чўқиб кетибди. 6Баъзи уруғлар тошлоқ жойга тушибди. Уруғлар кўкариб чиқибди–ю, аммо намлик бўлмагани учун қуриб қолибди. 7Бошқа уруғлар тиканлар орасига тушибди. Уруғлар билан бирга ўсиб чиққан тиканлар уруғларни бўғиб қўйибди. 8Яна баъзи уруғлар яхши тупроққа тушибди. Улар кўкариб чиқиб, ҳар бири юз баравар ҳосил берибди.”
Исо буларни айтиб бўлиб, баланд овозда: “Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!” — деди.
Масалларнинг мақсади
9Шогирдлар Исодан:
— Бу масалнинг маъноси нима? — деб сўрашди. 10У шундай жавоб берди: “Худо Шоҳлигининг сирларини билиш сизларга берилган. Бошқаларга эса, Мен ҳамма нарсани масаллар билан гапираман, токи улар:
«Қараб туриб, англамасинлар,
Тинглаб туриб, тушунмасинлар.»#8:10 Ишаё 6:9 га қаранг.
Уруғ сепувчи ҳақидаги масалнинг маъноси
11Бу масалнинг маъноси шу: уруғ Худонинг каломидир. 12Сўқмоқ йўл устига тушган уруғлар шундай одамларни билдиради: улар каломни эшитадилар, лекин ишонмасликлари ва нажот топмасликлари учун иблис уларнинг юрагидан каломни олиб кетади. 13Тошлоқ жойга тушган уруғлар эса шундай одамларни билдиради: улар каломни эшитганда уни севинч билан қабул қиладилар. Аммо улар илдиз отмаган. Шунинг учун улар қисқа вақт давомида ишонадилар, синов пайти келганда эса имондан қайтадилар. 14Тиканлар орасига тушган уруғлар шундай одамларни билдирадики, улар каломни эшитадилар, бироқ умри давомидаги ташвишлар, бойлик ва ҳаёт лаззатлари бундай уруғларни бўғиб қўяди. Уларнинг ҳосили етилмайди. 15Яхши тупроққа тушган уруғлар эса шундай кишиларни билдиради: улар каломни эшитиб, уни эзгу, самимий юракда асрайдилар ва сабр–тоқат ила ҳосил берадилар#8:15 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар оятга қўшимча қилинган: Исо буларни айтиб: “Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!” — деб хитоб қилди..
Ёруғлик ва қоронғилик ҳақида
16Ҳеч ким чироқни ёқиб, устини идиш билан ёпиб қўймайди ёки чорпоя тагига яшириб қўймайди. Аксинча, кирганлар ёруғликни кўрсин деб, уни чироқпояга қўяди. 17Ахир, ҳар қандай яширин нарса маълум бўлади. Ҳар қандай сир очилиб, ёруққа чиқади. 18Шундай экан, яхшилаб қулоқ солинглар: кимда бор бўлса, унга яна берилади. Кимда йўқ бўлса, бор деб ўйлаган нарсаси ҳам ундан тортиб олинади.”
Исонинг онаси ва укалари
19Исонинг онаси билан укалари Унинг олдига келдилар, аммо одам кўплигидан Унга яқинлаша олмадилар. 20Исога:
— Онангиз билан укаларингиз ташқарида туришибди, улар Сизни кўришмоқчи, — деб айтишди.
21Исо уларга шундай жавоб берди:
— Худонинг сўзини эшитиб, унга амал қилувчилар Менинг онам ва укаларимдир.
Исо бўронни тинчлантиради
22Бир куни Исо шогирдларига: “Кўлнинг нариги томонига#8:22 Кўлнинг нариги томони — Жалила кўлининг шарқий қирғоғига ишора. ўтайлик”, — деди. Улар қайиққа ўтириб, жўнаб кетдилар. 23Сузиб кетаётганларида Исо ухлаб қолди. Кўлда қаттиқ бўрон кўтарилди, қайиқ сувга тўла бошлади. Улар хавфли аҳволда қолдилар. 24Шунда шогирдлар:
— Устоз! Устоз! Ҳалок бўляпмиз! — деб Исони уйғотдилар.
Исо туриб шамолга ва қутураётган тўлқинларга дўқ урди. Шу онда шамол тинди, сукунат чўкди. 25Исо шогирдларига:
— Ишончингиз қани?! — деди.
Улар эса қўрқув ва ҳайрат ичра бир–бирига шундай дейишди:
— Бу ким бўлди экан–а? У ҳатто шамолу сувга амр беради, улар эса бўйсунади–я!
Жинга чалинган одамга Исо шифо беради
26Исо шогирдлари билан қайиқда Жалила кўлининг нариги қирғоғидаги Гераса#8:26 Гераса — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Гадара (шу бобнинг 37–оятида ҳам бор). Гераса шаҳрида ва унинг атрофидаги қишлоқларда ғайрияҳудийлар истиқомат қиларди. ҳудудига сузиб борди. 27Исо қирғоққа чиқиши билан Уни жинга чалинган шаҳарлик бир одам қарши олди. Бу одам анча вақтдан бери кийим киймас эди. У уйда эмас, қабристон ғорларида яшарди. 28Ўша одам Исони кўргач, қичқириб юборди. Ўзини Унинг оёқлари остига отиб, овози борича бақирди:
— Эй Исо, Худойи Таолонинг Ўғли!#8:28 Худойи Таолонинг Ўғли — Исо Масиҳнинг унвони. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ХУДОНИНГ ЎҒЛИ иборасига қаранг. Мени тинч қўй! Ўтинаман, менга азоб берма! — деди.
29Чунки Исо ёвуз руҳга бу одамдан чиқиб кетишни буюрган эди. Кўп марта ёвуз руҳ бу одамдан устун келиб, уни бошқарарди. Гарчи бу одамнинг қўл–оёқларини занжир билан боғлаб қўриқлашган бўлса ҳам, у занжирни узиб ташларди, жин эса уни кимсасиз жойларга олиб кетарди.
30Исо жиндан:
— Исминг нима? — деб сўради.
— Исмим Тумонат#8:30 Тумонат — юнонча матнда Легион, маъноси минглар. Бу юнонча сўз Римликларнинг ҳарбий терминидан олинган бўлиб, 6000 аскардан иборат бўлган бўлинма маъносини ифодалайди., — деди у. Чунки бу одамнинг ичига бир талай жин кириб олган эди.
31Жинлар Исодан: “Бизни тубсиз чуқурликка юбормагин”, деб ёлвориб сўрадилар. 32Шу тоғнинг ён бағрида катта бир чўчқа подаси ўтлаб юрган эди. Жинлар Исодан: “Чўчқаларнинг ичига киришимиз учун бизга ижозат бер”, деб ёлвордилар. Исо уларга рухсат берди. 33Шунда жинлар бу одамдан чиқиб, чўчқаларга кириб олишди. Чўчқа подаси тик қияликдан кўлга ёпирилиб, чўкиб кетди.
34Чўчқа боқувчилар содир бўлган воқеани кўриб қочдилар. Улар бўлиб ўтган ҳодисани шаҳар ва қишлоқларда гапириб юрдилар. 35Одамлар бўлиб ўтган воқеани кўргани келдилар. Улар Исонинг олдига келганларида, жиндан халос бўлган одамни кўрдилар. У одам кийинган, ақли расо ҳолда Исонинг оёқ томонида ўтирарди. Улар буни кўриб, қўрқиб кетишди. 36Воқеани кўрганлар эса жин чалган одамнинг қандай қилиб шифо топганини сўзлаб бердилар. 37Шунда Гераса ҳудудидан келган ҳамма одамлар қаттиқ ваҳимага тушиб, Исога: “Бизнинг ҳудудимиздан чиқиб кетинг”, деб илтимос қилдилар. Исо қайиққа тушиб, қайтиб кетмоқчи бўлиб турганда, 38-39жинлардан халос бўлган одам Исога:
— Сиз билан кетай, — деб ёлворди. Исо эса:
— Уйингга қайтиб бор. Худо сен учун нималар қилганини айтиб бер, — деб уни жўнатиб юборди.
У киши бориб, Исо унга қанчалар мурувват кўрсатганини бутун шаҳарга эълон қилди.
Соғайган аёл ва тирилган қиз
40Исо кўлнинг бу қирғоғига қайтиб келганда#8:40 Исо кўлнинг бу қирғоғига қайтиб келганда… — Исо орқага, кўлнинг ғарбий қирғоғидаги Жалила ҳудудига қайтиб келган эди (шу бобнинг 22–оятига ва ўша оятнинг изоҳига қаранг)., халқ Уни қаршилаб олди, чунки ҳамма Уни кутаётган эди. 41Шу пайт Яир исмли бир одам келиб қолди. У синагога бошлиғи эди. У Исонинг оёғига бош уриб: “Илтимос, уйимга юринг”, деб ёлворди. 42Чунки Яирнинг ўн икки ёшли ёлғиз қизи ўлим тўшагида ётган эди.
Исо ўша одам билан кетди. Оломон Исони ҳар томондан қисиб қўярди. 43Оломон орасида ўн икки йилдан бери қон кетишидан азоб чекаётган бир аёл ҳам бор эди. У бор–будини табибларга сарфлаган бўлса ҳам, биронтаси унга шифо бера олмаган эди. 44Аёл Исонинг орқасидан келиб, Унинг кийими этагига қўл теккизди. Шу заҳоти қон кетиши тўхтади.
45— Менга ким тегди? — деб сўради Исо. Исога қўл теккизганини ҳеч ким тан олмади. Шунда Бутрус#8:45 Бутрус — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Бутрус ва Исонинг бошқа шогирдлари. деди:
— Устоз, оломон Сизни ўраб олиб, сиқиб қўйганини кўриб турибсиз–ку!#8:45 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар оятга қўшимча қилинган: Нега яна, Менга ким қўл тегизди, деб сўрайсиз?
46Лекин Исо деди:
— Кимдир Менга қўлини теккизди. Ичимдан бир куч чиққанини сездим.
47Назардан четда қола олмаслигини билиб, аёл титраганча Исонинг олдига келди. Унинг оёқлари остига ўзини ташлаб, бутун халқ олдида нима сабабдан Исога қўлини теккизганини ва қўл теккизган заҳоти шифо топганини айтиб берди.
48Исо унга деди:
— Қизим#8:48 Қизим — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида дадил бўл, қизим., ишончинг сени соғайтирди. Эсон–омон бор.
49Исо шундай деб турган ҳам эдики, синагога бошлиғининг уйидан кимдир келиб унга:
— Қизингиз ўлди, Устозни овора қилмай қўя қолинг, — деди. 50Буни эшитган Исо синагога бошлиғи Яирга деди:
— Қўрқманг. Фақат ишонинг, қизингиз шифо топади.
51Исо бошлиқнинг уйига келганда, Бутрус, Юҳанно, Ёқуб ва қизнинг ота–онасидан бошқа ҳеч кимнинг ичкарига киришига рухсат бермади. 52Ҳамма қизча учун дод–фарёд қилаётган эди#8:52 Ҳамма қизча учун дод–фарёд қилаётган эди — баъзан дафн маросимлари пайтида дод–фарёд қилиб, айтиб йиғлаш учун йиғичилар ёлланарди.. Исо уларга деди:
— Йиғламанглар, ахир, қизча ўлмаган, у ухлаб ётибди.
53Улар эса Исонинг устидан кулдилар, чунки қизча ўлганини билардилар. 54Исо эса қизчанинг қўлидан ушлаб#8:54 Исо эса қизчанинг қўлидан ушлаб… — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Исо эса ҳаммани ташқарига чиқариб, қизчанинг қўлидан ушлаб.:
— Қизалоқ, тур ўрнингдан! — деди.
55Қизчага жон кирди. У шу заҳоти ўрнидан турди. Исо: “Қизчага овқат беринглар”, — деб буюрди. 56Қизчанинг ота–онаси донг қотиб қолдилар. Исо эса уларга бўлган воқеа ҳақида ҳеч кимга оғиз очмасликни буюрди.

Селектирано:

Луқо 8: ЎзбМК

Нагласи

Сподели

Копирај

None

Дали сакаш да ги зачуваш Нагласувањата на сите твои уреди? Пријави се или најави се