Луқо 18
18
18–БОБ
Бева аёл ва адолатсиз қози ҳақида масал
1Шогирдлар доимо ва безмасдан ибодат қилсин деб, Исо уларга шундай бир масал айтиб берди: 2“Бир шаҳарда Худодан ҳам қўрқмайдиган, одамдан ҳам уялмайдиган бир қози бор экан. 3Ўша шаҳарда бир бева аёл ҳам яшар экан. У қозининг олдига тез–тез бориб туриб:
— Мени рақибимдан ҳимоя қилинг, — деб ўтинаркан. 4Қози анча вақтгача унга ёрдам беришдан бош тортиб юрар экан. Охири у ўзи–ўзига шундай дебди:
— Мен Худодан қўрқмайман, одамлардан ҳам уялмайман. 5Аммо бу бева хотин мени ҳолу жонимга қўймагани учун уни ҳимоя қила қолай. Бўлмаса, у келавериб мени безор қилади.”
6Раббимиз Исо гапида давом этди: “Адолатсиз қозининг гапини эшитдингизми? 7Шундай экан, наҳотки Худо туну кун илтижо қилаётган Ўз танлаганларини ҳимоя қилмаса?! Йўқ, Худо уларни куттириб қўймайди! 8Сизларга айтаман: уларни зудлик билан ҳимоя қилади! Аммо Инсон Ўғли келганда, ер юзида имони бор одамларни топармикин?”
Фарзий ва солиқчи ҳақида масал
9Ўзларининг солиҳлигига ишониб, бошқаларни менсимайдиган баъзи одамларга Исо қуйидаги масални айтиб берди: 10“Икки одам ибодат қилгани Маъбадга киришибди. Уларнинг бири фарзий, иккинчиси солиқчи#18:10 солиқчи — 3:12 изоҳига қаранг. экан. 11Фарзий ўрнидан туриб, шундай ибодат қилибди:
— Худойим, Ўзингга шукур! Чунки мен бошқаларга ўхшаб ўғри, жиноятчи, зинокор ёки манави солиқчидай эмасман. 12Мен ҳафтада икки марта рўза тутаман. Топганимнинг ўндан бирини ушр қилиб бераман.
13Солиқчи бўлса узоқда туриб, ҳатто осмонга ҳам қарашга ботинолмай, кўкрагига урганича:
— Ё Худо, мен гуноҳкорга раҳм қил! — деб илтижо қиларди.
14Сизга айтаман: фарзий эмас, мана шу одам оқланиб уйига қайтди. Зотан, ўзини ўзи юксалтирган одам камситилади, ўзини паст олган одам эса юксалтирилади.”
Исо болаларни дуо қилади
15Исо болаларимизга қўл теккизсин деб, одамлар Унинг олдига ҳатто гўдакларни ҳам олиб келишарди. Шогирдлар буни кўриб, одамларни койидилар. 16Исо эса болаларни ёнига чақириб, деди: “Болаларга йўл беринглар, Менинг олдимга келишларига тўсқинлик қилманглар! Зеро, Худонинг Шоҳлиги шундайларникидир. 17Сизларга чинини айтайин: ким Худонинг Шоҳлигини бола каби қабул қилмаса, унга ҳеч қачон киролмайди.”
Бойлик ва абадий ҳаёт ҳақида
18Обрўли бир одам Исодан сўради:
— Валинеъмат Устоз! Абадий ҳаётга эга бўлиш учун нима қилишим керак?
19Исо унга деди:
— Нега Мени валинеъмат дейсан? Биргина Худодан бошқа ҳеч ким валинеъмат эмас–ку! 20Сен амрларни биласан: “Зино қилма. Қотиллик қилма. Ўғрилик қилма. Ёлғон гувоҳлик берма. Ота–онангни ҳурмат қилгин.”#18:20 Чиқиш 20:12-16, Қонунлар 5:16-20 га қаранг.
21— Буларнинг ҳаммасига ёшлигимдан амал қилиб келаман, — деди бояги бошлиқ. 22Буни эшитиб, Исо деди:
— Сенга биргина нарса етишмайди: бор нарсангни сот, пулини камбағалларга тарқат. Шунда самода хазинанг бўлади. Кейин келиб, Менга эргашгин.
23Бошлиқ буни эшитиб, қаттиқ хафа бўлди, чунки у жуда бой эди. 24Исо унинг хафа бўлганини кўриб деди:
— Мол–дунёси бор одамларнинг Худо Шоҳлигига кириши нақадар қийин! 25Бойнинг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқдир.
26Буни эшитганлар эса:
— Ундай бўлса, ким нажот топа олар экан? — деб сўрашди. 27Исо шундай жавоб берди:
— Одамлар учун имконсиз бўлган нарсанинг Худо учун имкони бор.
28Шунда Бутрус деди:
— Мана, биз уй–жойимизни ташлаб, Сизнинг орқангиздан эргашиб келдик.
29Исо шогирдларига деди:
— Сизларга чинини айтайин, Худонинг Шоҳлиги учун уй–жойини ёки хотинини ё ака–укаларини ёки ота–онасини ё бола–чақасини қолдирган одам#18:29 …уй–жойини…қолдирган одам — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида уй–жойини ёки ота–онасини ё ака–укаларини ёки опа–сингилларини ё хотинини ёки болаларини қолдирган одам. 30бу дунёнинг ўзидаёқ бир неча баробар ортиғи билан олади, нариги дунёда эса абадий ҳаётга эга бўлади.
Исо Ўз ўлими тўғрисида учинчи марта гапиради
31Кейин Исо ўн икки шогирдини четга олиб, уларга деди: “Мана, биз Қуддусга кетяпмиз. Пайғамбарларнинг Инсон Ўғли тўғрисида ёзган ҳамма башоратлари бажо бўлади. 32Уни ғайрияҳудийларга#18:32 ғайрияҳудийлар — ўша даврда Яҳудияда ҳукмронлик қилган Рим империяси амалдорларига ишора. тутиб берадилар. Уни масхаралаб ҳақорат қиладилар. Унга тупурадилар. 33Ғайрияҳудийлар Уни қамчилайдилар, кейин ўлдирадилар. Аммо учинчи куни У тирилади.”
34Шогирдлар эса бу сўзлардан ҳеч нарса тушунмадилар. Бу сўзларнинг маъноси уларга қоронғи эди, Исонинг айтганларини улар англамадилар.
Исо кўр одамга шифо беради
35Исо Ерихо шаҳрига кириб келаётганда, бир кўр одам йўл чеккасида садақа сўраб ўтирар эди. 36Олдидан катта бир оломон ўтиб кетаётганини эшитган ўша кўр:
— Нима гап? — деб сўради.
37— Носиралик Исо ўтиб кетяпти, — деб жавоб беришди унга. 38Шунда кўр:
— Эй Довуд Ўғли#18:38 Довуд Ўғли — яҳудийлар шоҳ Довуд наслидан келиб чиқадиган Масиҳни шундай ном билан аташар эди. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги МАСИҲ сўзига қаранг. Исо, менга раҳм қилинг! — деб бақирди. 39Олдинда кетаётганлар эса:
— Жим бўл! — деб унга дўқ қилишди. У эса янада қаттиқроқ бақирди:
— Эй Довуд Ўғли! Менга раҳм қилинг!
40Шунда Исо тўхтаб, кўрни ёнига олиб келишларини буюрди. Кўр келгач, Исо ундан сўради:
41— Мендан нима истайсан? Сен учун нима қилай?
— Ҳазрат, кўзларим кўрсин! — деди у. 42Исо унга:
— Кўзларинг кўрсин, ишончинг сенга шифо берди, — деди.
43Ўша заҳоти у кўра бошлади. Сўнг Худони улуғлаганча Исога эргашди. Буни кўрган бутун халқ Худога ҳамду санолар айтди.
Селектирано:
Луқо 18: ЎзбМК
Нагласи
Сподели
Копирај
Дали сакаш да ги зачуваш Нагласувањата на сите твои уреди? Пријави се или најави се
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020