Ибтидо 14

14
14–БОБ
Ибром Лутни қутқаради
1Ўша пайтда Шинарда#14:1 Шинар — 10:10 нинг биринчи изоҳига қаранг. Омрафил, Элазарда Ориёх, Эламда Кадўрламар ва Гўйимда Тидол ҳукмронлик қилар эдилар. 2Улар иттифоқ тузиб, қуйидаги бешта шоҳга қарши уруш очдилар: Садўм шоҳи Берага, Ғамўра шоҳи Биршага, Адма шоҳи Шинавга, Завўйим шоҳи Шемоверга ва Белах шоҳига. (Белах ҳозир Зўвар деб юритилади.) 3Ана шу бешта шоҳ иттифоқ тузиб, Сиддим водийсида кучларини бирлаштиргандилар. (Сиддим водийси ҳозирги Ўлик денгиздир#14:3 Ўлик денгиз — ибронийча матнда Туз денгизи..) 4Бу шоҳлар ўн икки йил давомида Кадўрламарга қарам бўлиб келгандилар. Ўн учинчи йили эса унга қарши исён кўтаргандилар.
5Исёндан бир йил ўтгандан кейин Кадўрламар ва унинг иттифоқчилари лашкарлари билан келиб, Аштарўт–Карнайимдаги Рафа халқини, Хомдаги Зуз халқини, Хиратайим текислигидаги Эйим халқини, 6Сеир#14:6 Сеир — кейинчалик бу жой Эдом деб аталган. тоғларидаги Хорим халқини#14:5-6 …Рафа халқи…Зуз халқи…Эйим халқи…6…Хорим халқи… — бу халқлар яшаган юртлар — Иордан дарёсининг шарқида истиқомат қилган Рафа халқининг юртидан то Ўлик денгизнинг жануби–ғарбида истиқомат қилган Хорим халқининг юртигача чўзилган эди. Рафа ва Эйим халқлари гавдаси улкан, кучли жангчилари билан машҳур эдилар (Қонунлар 2:10-11, 20-21, 3:11 га қаранг). чўлнинг четидаги Эл–Поронгача таъқиб қилиб бориб, мағлуб қилдилар. 7Сўнгра улар орқага қайтиб, Эн–Мишпат шаҳрига келдилар ва Омолекларнинг бутун ерларини, шунингдек, Хазазон–Тамарда яшаётган Амор халқини қўлга олдилар. (Эн–Мишпат ҳозир Кадеш деб юритилади.) 8-9Садўм, Ғамўра, Адма, Завўйим ва Белах, яъни Зўвар шоҳлари ўз лашкарларини Сиддим водийсида#14:8-9 Сиддим водийси — яъни Ўлик денгиз водийси (шу бобнинг 3–оятига қаранг). саф торттириб, Элам шоҳи Кадўрламарнинг ва Гўйим, Шинар ва Элазар шоҳларининг лашкарларига қарши жангга тайёр қилиб қўйдилар. Хуллас, тўртта шоҳ бешта шоҳга қарши отланди. 10Водийда қора сақич тўлдирилган чуқурлар кўп эди. Садўм ва Ғамўра шоҳлари қочиб кетаётганларида, уларнинг жангчилари ўша чуқурларга йиқилиб тушдилар. Тирик қолганлари тоғларга қочиб қутулиб қолдилар. 11Шундай қилиб, босқинчилар Садўм ва Ғамўрани талон–тарож қилиб, у ердаги ҳамма бойликларни, ғамлаб қўйилган озиқ–овқатларни олиб, ўз йўлларига кетдилар. 12Ибромнинг#14:12 Ибром — 11:26 изоҳига қаранг. жияни Лут Садўмда яшаётган эди. Босқинчилар Лутни асирга олиб, бор нарсасини ўлжа қилиб олдилар.
13Бир одам босқинчилардан қутулиб, иброний Ибромнинг ёнига қочиб борди ва бўлган воқеани унга сўзлаб берди. Ибром бу пайтда Амор халқидан бўлган Мамре деган одамнинг эманзори#14:13 эманзор — ёки теребинтзор. 13:18 оятга ва 12:6 нинг иккинчи изоҳига қаранг. ёнида чодир тиккан эди. Мамре ва унинг Эшкўл, Онар деган укалари#14:13 укалари — ёки қариндошлари. Ибромнинг иттифоқчилари эдилар. 14Ибром Лутнинг асирга олинганини эшитгач, ўз хонадонидаги қурол ушлашга қодир ҳамма одамларни тўплади. Улар 318 киши эди. У Кадўрламарнинг лашкари ортидан қувиб, Дан шаҳрида#14:14 Дан шаҳри — Жалила кўлидан қарийб 40 километр шимолда жойлашган. уларга етиб олди. 15Ибром ўша ерда одамларини гуруҳларга бўлиб, тунда ҳар томондан уларга ҳужум қилди. Кадўрламарнинг лашкари қочди, лекин Ибром уларни Дамашқнинг шимолидаги Хўвах шаҳригача қувлаб борди. 16Ибром билан унинг иттифоқчилари ҳамма нарсани — ўлжа олинган нарсаларни, Ибромнинг жияни Лутни ва унинг мол–мулкини, аёлларни ва бошқа асирларни қайтариб олиб келдилар.
Маликсидиқ Ибромни дуо қилади
17Ибром Кадўрламар ва унинг иттифоқчилари устидан ғалаба қилиб қайтиб келаётганда, Садўм шоҳи уни кутиб олгани Шовей сойлигига келди. (Шовей сойлиги Шоҳ сойлиги#14:17 Шоҳ сойлиги — Қидрон сойлигининг бир қисми бўлиб, Қуддус шаҳридан жануби–шарқда жойлашган. деб ҳам аталган.)
18Салим#14:18 Салим — Қуддуснинг қадимги номи. шоҳи Маликсидиқ ҳам Ибромни кутиб олгани чиқиб, нон ва шароб олиб келди. У Худойи Таолонинг руҳонийси ҳам эди. 19Маликсидиқ Ибромни шундай деб дуо қилди:
“Еру кўкни яратган#14:19 яратган — ёки эга бўлган. Худойи Таоло
Ибромга барака берсин.
20Ёвларингни қўлингга берган Худойи Таолога
Ҳамду санолар бўлсин.”
Ибром қайтариб олиб келган ҳамма нарсанинг ўндан бирини Маликсидиққа берди.
21Сўнгра Садўм шоҳи Бера Ибромга шундай деди:
— Одамларимни ўзимга қайтариб берсанг бўлди, қайтариб олиб келган ҳамма нарсани ўзингга олавер.
22Лекин Ибром Садўм шоҳига шундай жавоб берди:
— Еру кўкни яратган Эгамиз — Худойи Таоло ҳақи қасам ичиб айтаманки, 23мен сенинг бирорта чўпингни ёки чориғингнинг ипини ҳам олмайман. Акс ҳолда: “Ибромни мен бой қилганман”, деб айтишинг мумкин. 24Йигитларимнинг еб–ичганидан ташқари, мен сендан ҳеч нарса олмайман. Мен билан бирга борган иттифоқчиларим Онар, Эшкўл ва Мамре эса ўзларининг улушларини олишсин.

하이라이트

공유

복사

None

모든 기기에 하이라이트를 저장하고 싶으신가요? 회원가입 혹은 로그인하세요