Ибтидо 21

21
21–БОБ
Исҳоқнинг туғилиши
1Эгамиз берган ваъдаси бўйича Сорага марҳамат қилди. 2Сора ҳомиладор бўлиб, Иброҳимга қариган чоғида ўғил туғиб берди. Буларнинг ҳаммаси Худо айтган вақтда юз берди. 3Иброҳим ўғлига Исҳоқ деб исм қўйди. 4Худо амр қилгандай, Исҳоқ саккиз кунлик бўлганда, Иброҳим уни суннат қилди#21:4 Худо амр қилгандай…уни суннат қилди — 17:9-14 га қаранг.. 5Исҳоқ туғилганда, Иброҳим юз ёшда эди. 6Сора деди: “Худо менга шодлик ва кулги#21:6 кулги — ибронийчада Исҳоқ исмининг маъноси — кулади (яна 17:15-21, 18:10-15 га қаранг). ато қилди, бу ҳақда эшитган ҳар ким мен билан бирга кулади. 7Ким ҳам, Сора чақалоқ эмизади, деб Иброҳимга айта оларди?! Мен эса Иброҳимга қариган чоғида ўғил туғиб бердим.”
8Вақт ўтиб, Исҳоқ катта бўлиб қолгач, Сора уни кўкракдан чиқарди. Бу бахтли кунни нишонлаб, Иброҳим катта зиёфат берди#21:8 …Сора уни кўкракдан чиқарди…Иброҳим катта зиёфат берди — қадимги пайтларда болалар 2-3 ёшгача эмизилар эди. Кўп болалар эмизикли даврда қазо қилгани учун кўкракдан чиқарилиш пайти катта байрам қилиб нишонланар эди..
Ҳожар билан Исмоил қувилади
9Мисрлик Ҳожарнинг Иброҳимга туғиб берган ўғли Исмоил#21:9 Исмоил — 16:1-6 га қаранг. Исҳоқни#21:9 Исҳоқ — қадимий юнонча ва лотинча таржималардан. Ибронийча матнда Исҳоқ сўзи қўлланмаган бўлса ҳам, лекин назарда тутилган. масхара қилаётганини#21:9 …Исҳоқни масхара қилаётганини… — ёки …Исҳоқ билан ўйнаётганини…. Сора кўриб қолди. 10Сора Иброҳимдан:
— Бу чўрини ўғли билан бирга ҳайдаб юборинг! — деб талаб қилди. — Чўрининг ўғли менинг ўғлим билан меросхўр бўлмасин#21:10 Чўрининг ўғли менинг ўғлим билан меросхўр бўлмасин — Иброҳим Исмоилни ўз ўғли сифатида қабул қилгани учун, Исмоил Иброҳим мулкининг бир қисмига меросхўр бўлиш ҳуқуқига эга эди. Аммо Исмоилнинг онаси Ҳожар озодликка чиқса, Исмоил мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум бўларди..
11Бу гапдан Иброҳим жуда хафа бўлди, ахир, Исмоил ҳам унинг ўғли эди–да. 12Лекин Худо Иброҳимга деди:
— Бола ва чўри хотининг учун ташвиш тортма. Соранинг айтганларини қил. Чунки Мен сенга ваъда қилган наслинг Исҳоқ орқали келиб чиқади. 13Чўри хотинингнинг боласи сенинг ҳам ўғлинг бўлгани учун Мен унга ҳам фарзандлар ато этиб, ундан халқлар яратаман.
14Иброҳим эртасига саҳарда турди. Бир оз егулик ва бир меш сув олиб, Ҳожарнинг елкасига юклади–да, ўғли билан бирга жўнатиб юборди. Ҳожар Бершеба атрофларида чўлда бемақсад изғиб юрди.
15Мешдаги сув тамом бўлгач, Ҳожар боласини бир бутанинг тагида қолдирди. 16Сўнгра: “Боламнинг ўлишини кўрмайин”, деб боласидан бир ўқ отими#21:16 бир ўқ отими — тахминан 100 метрга тўғри келади. нарига бориб ўтирди. Ҳожар ўша ерда ўтириб, йиғлаб, фарёд қила бошлади. 17Худо ўсмирнинг йиғисини эшитди. Худонинг фариштаси самодан Ҳожарни чақириб деди:
— Нимага ғам чекяпсан, Ҳожар? Қўрқма, сен ўсмирни қолдириб кетган жойдан Худо унинг йиғисини эшитди. 18Қани, ўғлингни тургиз, унинг қўлидан ушла. Мен унинг наслидан буюк халқ яратаман.
19Худо Ҳожарнинг кўзини очиб юборган эди, у бир қудуқни кўрди. Бориб, мешни сувга тўлдириб келди–да, боласига ичирди.
20Худо доимо бола билан бирга бўлди. Бола Порон чўлида#21:20 Порон чўли — Синай ярим оролининг шимоли–шарқида жойлашган. ўсиб–улғайди. У моҳир камонкаш бўлди. 21Онаси уни Миср юртидан бир қизга уйлантирди.
Иброҳим билан Абумалек ўртасидаги аҳдлашув
22Бир куни Абумалек#21:22 Абумалек — 20:2 га қаранг. лашкарбошиси Пихол билан бирга Иброҳимнинг олдига борди ва унга деди:
— Сен ҳар қандай ишни қилганингда ҳам Худо сен билан бирга. 23Энди Худонинг номини ўртага қўйиб, сени, болаларингни, наслингни алдамайман, деб қасам ич. Мен сенга содиқлигимни кўрсатдим. Шунинг учун ҳозир, сенга ва мен истиқомат қилиб турган шу юртингга содиқ бўламан, деб қасам ич.
24— Қасам ичаман, — деди Иброҳим.
25Шунда Иброҳим Абумалекка: “Хизматкорларинг зўрлик билан менинг қудуғимни тортиб олишди”, деб шикоят қилиб қолди.
26— Бу ҳақда биринчи марта эшитяпман, — деди Абумалек. — Сен менга бу ҳақда айтмаган эдинг. Бу ишни ким қилганини билмайман.
27Шундай қилиб, Иброҳим Абумалекка мол–қўйлар берди ва иккаласи аҳд қилдилар. 28Иброҳим еттита урғочи қўзини сурувдан ажратиб олди. 29Абумалек Иброҳимдан:
— Сен еттита урғочи қўзини ажратиб олдинг, бунинг маъноси нима? — деб сўради.
30Иброҳим шундай жавоб берди:
— Мана шу еттита урғочи қўзини сен қўлимдан олишинг керак, токи бу қудуқни ўзим қазиганимни булар исботлайди#21:30 …бу қудуқни ўзим қазиганимни булар исботлайди — Иброҳим бу инъомни бериб, ҳақиқатни айтаётганини кўрсатмоқчи. Инъомни қабул қилиш орқали Абумалек қудуқ ҳақиқатан Иброҳимга тегишли эканини тан олди. Абумалек ҳам илгарироқ ўзининг ҳақлигини исботлаш учун шундай йўл тутган эди (20:16 га қаранг)..
31Шундай қилиб, икковлари қасамёд қилишди. Шунинг учун бу жой ҳозиргача Бершеба#21:31 Бершеба — ибронийчадаги маъноси қасамёд қудуғи ёки еттилар қудуғи. Бу иккала маъно ҳам бу ўриндаги вазиятга, яъни Иброҳимнинг Абумалекка еттита урғочи қўзини беришига ва Иброҳим билан Абумалекнинг қасамёд қилишига тўғри келади. деб юритилади. 32Улар аҳд қилганларидан кейин, Абумалек ўз лашкарбошиси Пихол билан Филистлар еридаги Гарор шаҳрига қайтиб кетди. 33Иброҳим Бершебада юлғун дарахти#21:33 юлғун дарахти — тез ўсадиган майда баргли дарахт. Бу дарахтлар иссиқ ва қуруқ жойларда ўсади. ўтқазди ва у ерда абадий Худога — Эгамизга сажда қилди. 34У Филистлар ерида анча вақт яшади.

Áherslumerki

Deildu

Afrita

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in