Ибтидо 19
19
19–БОБ
Садўм аҳолисининг гуноҳкорлиги
1Ўша куни кечқурун иккала фаришта#19:1 иккала фаришта — Иброҳимга одам кўринишида зоҳир бўлган иккала меҳмон (18:22 га қаранг). Садўмга етиб келди. Лут Садўм дарвозаси ёнида#19:1 …дарвозаси ёнида… — қадимги пайтларда одамлар савдо–сотиқ, ижтимоий ва ҳуқуқий масалаларни ҳал қилиш учун шаҳар дарвозаси ёнида йиғилишарди. ўтирган эди. Лут фаришталарни кўриб, уларга пешвоз чиқди ва мук тушиб таъзим қилди.
2— Жаноблар, марҳамат, шу кеча бу қулингизнинг уйига киринглар, оёқларингизни ювайин, меникида тунаб қолинглар. Эртага эрталаб йўлларингизга кетсаларингиз ҳам бўлади.
— Раҳмат, биз тунни шаҳар майдонида ўтказамиз, — деб айтишди улар. 3Лут ҳадеб қистайвергандан кейин, фаришталар Лутникига келишди. Лут хизматкорларига нон#19:3 нон — ибронийча матнда хамиртурушсиз нон, кутилмаган меҳмон келиб қолганда тез тайёрланадиган ноннинг тури. ёпиб, зиёфат тайёрлашни буюрди. Зиёфат тайёр бўлгач, улар овқатланишди. 4Лекин улар энди ухлашга ётмоқчи бўлиб турганларида, Садўм шаҳрининг ҳамма эркаги — ёшу қариси келиб, Лутнинг уйини ўраб олишди. 5Улар Лутни чақиришиб, сўрашди:
— Бугун кечқурун сенинг уйингга келган одамлар қани? Уларни олиб чиқ бизнинг олдимизга! Улар билан бирга бўлайлик.
6Лут ташқарига чиқиб, орқасидан эшикни ёпиб қўйди.
7— Биродарларим! — деди у, — ўтинаман, зинҳор бундай қабиҳлик қила кўрманглар! 8Мана, иккита бокира қизим бор. Қизларимни сизларга олиб чиқиб берайин, улар билан билганларингизни қилинглар. Лекин бу одамларга тегманглар, улар менинг меҳмоним, менинг паноҳим остидадирлар.
9Лекин улар:
— Йўлдан қоч! — деб шовқин солдилар. — Сен ўзингни ким деб ўйлаяпсан? Биз сенга орамиздан жой бердик, энди эса бизга ақл ўргатадиган бўлиб қолдингми?! Мана энди кўрасан. Анави келган одамларга қиладиганимиздан ҳам баттарроғини сенга қиламиз!
Одамлар Лутни сиқиб келиб, эшикни синдирмоқчи бўлдилар. 10Шу пайт ичкаридаги иккала фаришта қўлларини ташқарига чиқариб, Лутни уйнинг ичкарисига — ёнларига олдилар ва эшикни ёпдилар. 11Кейин уйнинг эшиги олдида турган ҳамма одамларни — катталарни ҳам, кичикларни ҳам фаришталар кўр қилиб қўйдилар. Шунинг учун одамлар эшикни топа олмай қолдилар.
Лут Садўмдан кетади
12Шундан кейин фаришталар Лутдан сўрашди:
— Бу шаҳарда сенинг яна киминг бор? Куёвингми, ўғилларингми, қизларингми — сенга қарашли ким бўлса ҳам, шаҳардан олиб чиқиб кет. 13Биз шаҳарни бутунлай қириб ташлаймиз. Бу шаҳар аҳолисининг разиллигию оғир гуноҳлари ҳақидаги оҳу фиғонлар Эгамизга етиб борди. “Бу шаҳарни қириб ташланглар”, деб У бизни юборди.
14Шундан кейин Лут бўлажак куёвлари олдига бориб:
— Тезда шаҳардан чиқиб кетинглар! — деди. — Эгам бу шаҳарни қириб ташламоқчи.
Лекин Лутнинг гапи куёвларига ҳазил бўлиб туюлди. 15Тонг отгач, фаришталар Лутни шошилтиришди:
— Тез бўл! Хотининг билан иккала қизингни олиб, ҳозироқ бу ердан жўна! Бўлмаса, шаҳарга қирғин келганда, сизлар ҳам ҳалок бўласизлар!
16Лут ҳали ҳам иккиланиб турганда, фаришталар Лутни, хотинини ва иккала қизини қўлларидан ушлаб, шаҳар ташқарисига олиб чиқиб қўйдилар. Чунки Эгамиз шафқатли эди. 17Фаришталар уларни шаҳар ташқарисига олиб чиқиб қўйганларидан кейин, улардан бири огоҳлантирди:
— Қочинглар, жонларингни қутқаринглар! Орқага қараманглар, водийдаги бирон жойда тўхтаманглар! Тоққа қараб қочинглар! Бўлмаса, ҳалок бўласизлар!
18— Йўқ, Ҳазратим! — деб илтижо қилди Лут. 19— Бу қулингизга кўп иноят кўрсатдингиз, ҳаётимни қутқариб қолдингиз, менга кўп шафқат қилдингиз. Лекин тоғ жуда ҳам узоқ. Мен фалокатга йўлиқиб, у ерга етиб боролмай ўлиб кетаман–ку! 20Ҳов анави шаҳарчани кўряпсизми? Ўзи кичкинагина шаҳарча, унча узоқ эмас. Мен ўша ёққа қочиб бора қолай. Ўшанда мен жонимни сақлаб қоламан.
21— Бўпти! — деди фаришта Лутга. — Сен айтгандай бўлсин. Ўша кичкина шаҳарни йўқ қилмайман. 22Тез бўл, ўша ёққа қоч! Сен ўша шаҳарга етиб бормагунингча, мен ҳеч нарса қилолмайман.
Лут шаҳарни кичкина дегани учун, бу шаҳар Зўвар#19:22 Зўвар — бу ном ибронийчадаги кичкина сўзига оҳангдош. деб юритиладиган бўлди. 23Қуёш чиқаётганда, Лут Зўварга етиб келди.
Садўм ва Ғамўра вайрон қилинади
24Шундан кейин Эгамиз Садўм ва Ғамўра шаҳарлари устига ёнаётган олтингугурт ёғдирди. 25Ёнаётган олтингугурт бу шаҳарлар қаторида водийдаги ҳамма шаҳарларни аҳолисию ўт–ўланлари билан бирга қириб ташлади. 26Лутнинг ортидан хотини келаётган эди. Хотини орқасига қараган эди, туз устунига айланиб қолди.
27Кейинги куни эрталаб Иброҳим Эгамиз билан гаплашган жойга қайтиб борди. 28Садўм, Ғамўра ва бутун водийга қараб, у ерлардан тутун кўтарилаётганини кўрди. Бу манзара гўё тандирдан чиқаётган тутунни эслатарди.
29Худо водийдаги шаҳарларни қириб, Лут яшаётган шаҳарларга фалокат ёғдирганда, Иброҳимни эсдан чиқармаган эди. Шунинг учун Худо Лутни фалокатдан асраб қолди.
Мўаб ва Оммон халқларининг келиб чиқиши
30Лут Зўварда туришдан қўрқиб, иккала қизи билан тоғдаги бир ғорга жойлашиб, ўша ерда яшайверди. 31Бир куни катта қизи кичигига деди:
— Бу атрофларда бизга уйланадиган бирорта эркак қолмаган. Отамиз эса қариб қоляпти. 32Кел, отамизга шароб ичирамиз–да, кейин унинг ёнига кирамиз. Шу йўл билан отамиздан наслимизни давом эттирамиз.
33Шундай қилиб, улар ўша куни кечаси оталарига шароб ичирдилар. Катта қизи отасининг ёнига кирди. Отаси қизининг қачон кириб, қачон турганини билмади. 34Кейинги куни катта қизи кичигига деди:
— Кеча тунда мен отамнинг ёнига кирдим. Бугун ҳам отамизга шароб ичирайлик, кейин сен отамизнинг ёнига кирасан. Шу йўл билан отамиздан наслимизни давом эттирамиз.
35Шундай қилиб, улар ўша куни кечаси ҳам оталарига шароб ичирдилар. Кичик қиз отасининг ёнига кирди. Отаси кичик қизининг қачон кириб, қачон турганини билмади. 36Шундай қилиб, Лутнинг иккала қизи ҳам оталаридан ҳомиладор бўлдилар. 37Катта қизи ўғил туғди ва исмини Мўаб#19:37 Мўаб — бу исм ибронийчадаги отамдан сўзига оҳангдош. қўйди. У бугунги кунда Мўаб халқининг ота–бобоси ҳисобланади. 38Кичик қиз ҳам ўғил туғди ва исмини Баномми#19:38 Баномми — бу исм ибронийчадаги қариндошимнинг ўғли сўзига оҳангдош. қўйди. У бугунги кунда Оммон халқининг ота–бобоси ҳисобланади.
Valið núna:
Ибтидо 19: ЎзбМК
Áherslumerki
Deildu
Afrita
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020