1 Бутрус 5
5
5–БОБ
Оқсоқолларга ва ёшларга насиҳат
1Эй жамоат оқсоқоллари, энди сизларга бир насиҳатим бор. Мен ҳам сизларга ўхшаган оқсоқолман. Масиҳ чеккан азоблари ҳақида шаҳодат берувчи ва Унинг зоҳир бўладиган улуғворлигининг иштирокчиси сифатида мен сизлардан ўтинаман: 2Назоратингиздаги Худонинг сурувини яхши боқинглар. Бу хизматни мажбурият юзасидан эмас, балки чин кўнгилдан, Худога манзур тарзда бажаринглар. Шунчаки пулпарастлик мақсадида эмас, самимият билан ижро этинглар. 3Қўлингиз остидаги сурувга ўз ҳукмингизни ўтказмай, уларга ўрнак бўлинглар. 4Ана шунда, Бош Чўпонимиз — Масиҳ зоҳир бўлганда, сизларга сўлмас, улуғворлик тожи берилади.
5Эй ёшлар, оқсоқолларга итоат этинглар. Ҳаммангиз — ёшмисиз, қаримисиз, ўзингизни камтар тутиб, бир–бирингизга хизмат қилинглар. Зеро, “Худо мағрурларга қарши чиқади, камтарларга эса иноят кўрсатади.”#5:5 Муаллиф бу ўринда Ҳикматлар 3:34 нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган. 6Шундай экан, Худонинг қудратли қўли остида ўзингизни паст тутинглар. У Ўз вақтида сизларни юксалтиради. 7Барча ташвишингизни Худога топширинглар, чунки У ҳамиша сизларга ғамхўрлик қилади.
8Ҳушёр ва бедор бўлинглар! Душманингиз бўлган иблис шердай бўкириб, бировни ютиб юбориш учун изғиб юрибди. 9Иблисга мустаҳкам имон билан қарши туринглар. Шуни билингларки, бутун дунёдаги имонли биродарларингиз сизлар каби, азобларга дучор бўлмоқдалар. 10Гарчи сизлар бу қисқа ҳаётда азоб чекиб яшасангизлар ҳам, Худонинг Ўзи сизларга мадад бериб, барчангизни баркамол, саботли, куч–қудратли ва мустаҳкам қилади. Ахир, иноятга бой Худо Исо Масиҳ орқали сизларни Ўзининг абадий улуғворлигига шерик қилиш учун даъват этган. 11Қудратли Худога абадулабад ҳамдлар бўлсин. Омин.
Сўнгги саломлар
12Мен бу қисқа мактубимни Силаснинг#5:12 Силас — юнонча матнда бу исмнинг бошқа варианти Силванус. Силас илк жамоатнинг етакчиси бўлиб, ҳаворий Павлуснинг Хушхабар ёйиш мақсадида қилган иккинчи сафарида унга ҳамроҳ эди (Ҳаворийлар 15:22, 32, 36-41 га қаранг). ёрдами билан ёздим. Уни ишончли биродар деб биламан. Мактубимда сизларга насиҳат қилиб, Худонинг ҳақиқий инояти ҳақида ёздим. Имонда собит қолишингиз учун Унинг бу иноятига таянинглар.
13Сизлар каби Бобилдаги#5:13 Бобил — Эски Аҳд даврида Бобил шаҳри қудратли империянинг пойтахти эди. Худонинг халқи у ерга сургун қилинган. Ушбу китоб ёзилган пайтда имонлилар Бобил номини баъзан Римга нисбатан ишлатар эдилар. Рим ўша даврда ҳукмрон бўлган империянинг пойтахти эди. Бутрус бу номни рамзий маънода ишлатаётган бўлиши мумкин. Анъанага кўра, Бутрус умрининг сўнгги йилларини Римда ўтказган ва ўша ерда имони учун қатл қилинган. танланган имонлилар жамоати ва менга ўғилдай бўлиб қолган Марк#5:13 Марк — Марк баён этган муқаддас Хушхабарнинг муаллифи. Марк ҳаворий Бутруснинг ҳамкори бўлган ва унинг таълимоти ва ваъзларига асосланган ҳолда Хушхабарни баён қилган. У Қуддус шаҳридан эди (Ҳаворийлар 12:12, 25, 13:5, 15:37-39, 2 Тимўтий 4:11 га қаранг). сизларга салом йўлламоқдалар.
14Бир–бирингизга меҳр–муҳаббат кўрсатиб, ўпишиб кўришинглар. Масиҳга тегишли бўлган ҳаммаларингиз тинч–омон бўлинглар#5:14 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўз оятга қўшимча қилинган: омин..
Currently Selected:
1 Бутрус 5: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020