YouVersion Logo
Search Icon

1 Бутрус 4

4
4–БОБ
Худо йўлида яшаш
1Масиҳ бу дунёда азоб чеккани каби, сизлар ҳам азоб чекишга тайёр туринглар. Зотан, азоб чекишга рози бўлган киши гуноҳдан юз ўгирган бўлади. 2Бундай одам қолган умрини нафсини қондиришга эмас, Худонинг иродасини бажаришга бағишлайди. 3Сизлар ўтмишда худосизлардай яшаганингиз етар. Ўша вақтларда ахлоқсизлик, шаҳватпарастлик, майхўрлик, айш–ишрат, кайф–сафо, разил бутпарастлик билан кун кечирардингизлар. 4Энди эса атрофдагилар сизларни кўриб, ҳайрон бўляптилар. Уларнинг ярамас қилмишларига қўшилмаганингиз учун сизларни ҳақорат қиляптилар. 5Аммо улар ўз қилмишлари учун Худо олдида жавоб берадилар. Худо тиригу ўликларни ҳукм этишга тайёр турибди. 6Хушхабар нима сабабдан эълон қилинганини эсингизда тутинглар. Тўғри, Хушхабарни эшитган кўп одамлар оламдан кўз юмди, чунки ўлим бу дунёга гуноҳ натижасида кириб келди. Улар ҳам, бошқа инсонлар каби, жисман ўлимга мубтало бўлишди. Бироқ бир кун келиб, Худо уларга улуғвор, янги ҳаёт ато қилади#4:6 …Худо уларга улуғвор, янги ҳаёт ато қилади — юнонча матндан сўзма–сўз таржимаси …улар руҳда Худога муносиб равишда ҳаёт кечирадилар. Бу ўринда руҳда сўзи Худо билан муносабат қилиб кечириладиган янги ҳаёт тарзига ишора қилади..
7Охирзамон яқинлашиб қолди. Ақлингизни йиғиб, доим ҳушёрлик билан ибодат қилинглар. 8Авваламбор, бир–бирингизни чин юракдан яхши кўринглар. Чунки севги кўп гуноҳларни ювади. 9Нолимай, очиқ чеҳра билан бир–бирингизни меҳмон қилинглар. 10Худо сизларга берган инъомлар билан бир–бирингизга хизмат қилинглар. Худонинг бу бой эҳсонларидан оқилона фойдаланинглар. 11Ваъзхонмисиз? Шундай ваъз қилингки, гўё сиз орқали Худонинг Ўзи гапиргандай бўлсин. Хизматчимисиз? Худонинг берган кучига мувофиқ хизмат қилинг. Токи Исо Масиҳ орқали Худо ҳар бир ишингизда ва ҳар бир сўзингизда улуғлансин. Қудратли Худога абадулабад шон–шарафлар бўлсин. Омин.
Масиҳ учун азоб чекиш
12Эй азизларим, худди ғайритабиий ҳодиса юз бергандай, бошингизга тушган оғир синовлардан ҳайрон бўлманглар. 13Аксинча, Масиҳнинг азобларига шерик бўлганингиздан хурсанд бўлинглар! Шундай қилсангиз, У охиратда улуғворликка бурканиб келганда, қалбингиз янада кўпроқ қувончга тўлади. 14Агар сизларни Масиҳга тегишли бўлганингиз учун ҳақорат қилишса, бахтлисизлар! Ахир, Худонинг Руҳи сизларга мадад беради. У сизларни Худонинг улуғворлигидан баҳраманд қилади#4:14 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар оятга қўшимча қилинган: Уларга қолса, Руҳни ҳақорат қиладилар, сизларда эса Руҳ шарафланади.. 15Орангизда ҳеч ким қотил, ўғри, бадкирдор ёки жанжалкаш одам сифатида азоб чекмасин. 16Аммо масиҳий бўлганингиз учун азоб чексангиз, бундан уялманг, аксинча, сизларни бундай номга сазовор қилган Худони улуғланг.
17Худо дунёни ҳукм қиладиган вақт келди. У ҳукмини Ўз хонадонидан бошлайди. Агар биз биринчи навбатда ҳукм қилинадиган бўлсак, унда Хушхабарни рад этиб, Худога итоат қилмаганларнинг охирати нима бўлади? 18Агар солиҳ одам зўрға қутулса, бетавфиқу гуноҳкорнинг ҳоли не кечади?#4:18 Агар солиҳ одам зўрға қутулса, бетавфиқу гуноҳкорнинг ҳоли не кечади? — муаллиф бу ўринда Ҳикматлар 11:31 нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган.
19Шундай экан, Худонинг иродасига кўра, азоб чекаётган бўлсангиз, яхшилик қилишда давом этинглар, ўзингизни содиқ Яратувчига топширинглар.

Currently Selected:

1 Бутрус 4: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in