Юҳанно 6

6
6–БОБ
Исо 5000 кишини тўйдиради
1Шундан кейин Исо қайиқда Жалила кўлининг нариги қирғоғига#6:1 …Жалила кўлининг нариги қирғоғига… — бу ибора кўлнинг ўша қирғоғидаги бошқа бир жойга қайиқ билан сузиб боришни ҳам билдириши мумкин. Исо айнан қаерда оломонга таом етказиб бергани аниқ эмас. Анъанага кўра, Исо бир неча минг кишини тўйдирган бу жой кўлнинг шимоли–ғарб томонида, Жалиладаги Байтсайдага яқин эди. сузиб ўтди (Жалила кўлини Тиберияс кўли деб ҳам аташарди). 2Бир талай халойиқ Исонинг орқасидан эргашиб борарди. Чунки Исо мўъжизали аломатлар орқали хасталарни соғайтирганини улар кўрган эдилар. 3У шогирдлари билан тоққа чиқиб ўтирди. 4Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами яқинлашаётган эди.
5Исо қараса, бир талай халойиқ У томонга келаётган экан. Исо Филипдан:
— Бу одамларни тўйғазиш учун қаердан нон сотиб оламиз? — деб сўради. 6Исо бу гапни Филипни синаб кўриш учун айтаётган эди, аслида нима қилишни Ўзи билар эди.
7Филип шундай жавоб берди:
— Буларнинг ҳар бирига бир бурда нон бериш учун икки юз кумуш тангага#6:7 икки юз кумуш танга — юнонча матнда икки юз динор. Динор Рим кумуш тангаси бўлиб, мардикорнинг бир кунлик иш ҳақи эди. нон сотиб олсак ҳам етмайди!
8Шунда шогирдларидан бири, Бутруснинг#6:8 Бутрус — юнонча матнда Шимўн Бутрус (шу бобнинг 68–оятида ҳам бор). 1:40 изоҳига қаранг. укаси Эндрус Исога деди:
9— Бу ердаги бир болада бешта арпа нон билан иккита балиқ бор экан. Лекин шунча одамга бу нима ҳам бўлар эди?!
10— Одамларни ерга ўтқазинглар, — деди Исо.
У ер қалин майсазор эди. Одамларнинг ҳаммаси ерга ўтиришди. Оломон орасида тахминан беш мингга яқин эркак бор эди. 11Исо нонларни олиб, шукрона дуосини ўқиди. Сўнг ўтирганларнинг ҳаммасига тарқатди#6:11 …ўтирганларнинг ҳаммасига тарқатди — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида шогирдларига, шогирдлар эса ўтирганларнинг ҳаммасига тарқатди.. Балиқларни ҳам худди шундай қилди. Одамлар истаганларича едилар.
12Ҳаммалари еб тўйганларидан кейин, Исо шогирдларига шундай деди:
— Ортиб қолган нон бурдаларини йиғиб олинглар, исроф бўлмасин.
13Шогирдлар ейилган бешта арпа нондан ортиб қолган бурдаларни йиғиб олишди, ўн иккита сават тўлди. 14Шунда одамлар Исонинг қилган мўъжизали аломатини кўриб:
— Ҳақиқатан ҳам дунёга келиши керак бўлган пайғамбар#6:14 дунёга келиши керак бўлган пайғамбар — 1:21 нинг иккинчи изоҳига қаранг. мана шу Киши экан, — дедилар. 15Улар Исони зўрлик билан шоҳ қилиб кўтармоқчи бўлдилар. Буни билган Исо ёлғиз Ўзи тоққа чиқиб кетди.
Исо сув устида юради
16Кечки пайт Исонинг шогирдлари кўл бўйига бордилар. 17Қоронғи тушган, Исо эса ҳали ҳам уларнинг олдига келмаган эди. Шогирдлар қайиққа тушиб, кўлнинг нариги томонидаги#6:17 кўлнинг нариги томони — шу бобнинг 1–ояти изоҳига қаранг. Кафарнаҳумга қараб йўл олдилар. 18Кучли шамол эсиб, кўл тўлқинланиб кетаётган эди. 19Улар қирғоқдан беш чақиримча#6:19 беш чақиримча — юнонча матнда 25-30 стадион, тахминан 5-6 километрга тўғри келади. масофани сузганларидан кейин, кўл юзида юриб келаётган Исони кўришди. У қайиққа яқинлашаётган эди, шогирдлар қаттиқ ваҳимага тушишди.
20— Қўрқманглар, бу Менман! — деди уларга Исо.
21Улар Исони қайиққа олмоқчи бўлдилар. Ўша заҳоти қайиқ улар бораётган қирғоққа етиб тўхтади.
Исо — ҳаёт нони
22Эртаси куни халқ Исони қидира бошлади. Одамлар у ерда фақат бир қайиқ борлигини ва шогирдлар Исони қолдириб, ўзлари қайиқда сузиб кетганларини билишарди. 23Шу пайт Тибериясдан#6:23 Тиберияс — Жалила кўлининг ғарбий қирғоғида жойлашган шаҳар. бошқа қайиқлар келиб қолди. Қайиқлар тўхтаган жой Раббимиз Исо Ўз шукрона дуосини ўқиган ва халқ нон еган ерга яқин эди. 24Одамлар Исо билан шогирдларининг у ерда йўқлигини кўргач, қайиқларга тушиб, Исони қидириб Кафарнаҳумга сузиб келишди. 25Улар Исони кўлнинг нариги бўйидан#6:25 кўлнинг нариги бўйи — шу бобнинг 1–ояти изоҳига қаранг. топиб, Ундан сўрашди:
— Устоз, Сиз қачон бу ерга келдингиз?
26Исо уларга шундай жавоб берди:
— Сизларга чинини айтайин: сизлар мўъжизали аломатларни кўрганингиз учун эмас, балки нон еб тўйганингиз учун Мени қидиряпсизлар. 27Сиз ўткинчи озуқа учун эмас, абадий ҳаётга бошловчи боқий озуқа учун ҳаракат қилинглар. Бундай озуқани сизларга Инсон Ўғли беради. Зотан, Отамиз Худонинг Ўзи бу вазифа учун Уни маъқул деб топди.
28Одамлар Исога шундай савол беришди:
— Худога маъқул ишларни бажариш учун нима қилишимиз керак?
29Исо деди:
— Худога маъқул иш қилмоқчи бўлсангизлар, Худо юборган Зотга ишонинглар.
30Улар Исога жавобан шундай дедилар:
— Сизга ишонишимиз учун бирорта аломат кўрсатинг. Қани, биз учун нима иш қиласиз? 31Ахир, ота–боболаримиз саҳрода манна#6:31 манна — Исроил халқи Мисрдан чиққандан кейин то Канъон юртига киргунча, Худо уларга етказиб турган махсус егулик. Манна, Шаббат кунидан ташқари, ҳар куни кечаси ерга ёғиларди, одамлар саҳарда туриб, уни йиғиб олишарди (Чиқиш 16:13-35, Ёшуа 5:12 га қаранг). еганлар. Муқаддас битикларда: “Худо уларга есин деб, осмондан нон берди”#6:31 Забур 77:24 га қаранг., деб ёзилган–ку.
32Исо уларга деди:
— Сизларга чинини айтайин, сизларга осмондан нон берган Мусо эмас. Осмондан тушган ҳақиқий нонни сизларга Менинг Отам беради. 33Отам Худо берадиган нон осмондан тушиб, дунёга ҳаёт бахш этади.
34Одамлар Исога шундай дедилар:
— Ҳазрат, бундай нонни бизга доим бериб туринг!
35Исо жавобан деди:
— Мен ҳаёт нониман. Менинг олдимга келган одам сира оч қолмайди, Менга ишонган одам ҳеч қачон чанқамайди. 36Аммо Мен сизларга айтганимдай, сизлар Мени кўрган бўлсангизлар ҳам, ишонмаяпсизлар. 37Самовий Отам Менга берган ҳар бир одам Менинг олдимга келади. Олдимга келган биронта одамни Мен асло ҳайдаб юбормайман. 38Мен Ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини адо этиш учун осмондан тушганман. 39Отамнинг иродаси шундан иборатки, У Менга берганлардан биронтасининг ҳам йўқолишига Мен йўл қўймаслигим керак, балки охиратда уларнинг ҳаммасини тирилтиришим керак. 40Ҳа, Ўғилга кўз тиккан ва Унга ишонган ҳар бир одам абадий ҳаётга эга бўлиши Отамнинг иродасидир. Мен бундай одамларни охиратда тирилтираман.
41Исо: “Мен осмондан тушган нонман” дегани учун яҳудийлар Ундан норози бўла бошлашди. 42Улар ўзаро шундай деб айтишарди:
— Бу Юсуфнинг ўғли Исо–ку! Ота–онасини таниймиз, қандай қилиб: “Мен осмондан тушдим”, деб айтишга ҳадди сиғди?!
43— Бундай гапларингизни бас қилинглар! — деди уларга Исо. 44— Агар Мени юборган Ота бировни жалб қилмаса, у Менга келолмайди. Олдимга келган одамни эса Мен охиратда тирилтираман. 45Пайғамбарлар битикларида: “Уларнинг ҳаммасига Худо таълим беради”#6:45 Ишаё 54:13 га қаранг., деб ёзилган. Отага қулоқ солган, Ундан ўрганган ҳар бир одам Менинг олдимга келади. 46Аслида ҳеч ким ҳеч қачон самовий Отани кўрган эмас, биргина Худодан бўлган Зот Отани кўрган. 47Сизларга чинини айтаман: ким Менга ишонса, абадий ҳаётга эга бўлади. 48Мен ҳаёт нониман. 49Ота–боболарингиз саҳрода манна егандилар, шунга қарамай ўлиб кетдилар. 50Аммо осмондан тушадиган бу нон эса шундай хислатга эгаки, ундан еган одам ўлмайди. 51Мен осмондан тушган ҳаётбахш нондирман. Бу нонни еган киши абадий яшайди. Дунёга ҳаёт бахшида этиш учун берадиган ноним Менинг танамдир.
52Шунда яҳудийлар:
— У қандай қилиб бизга Ўзининг танасини едира олар экан? — деб ўзаро талашиб–тортиша бошладилар. 53Исо уларга деди:
— Сизларга чинини айтаман: агар Инсон Ўғлининг танасини емасангизлар ва Унинг қонини ичмасангизлар, сизда ҳаёт бўлмайди. 54Менинг танамни еган ва қонимни ичган одам эса абадий ҳаётга эгадир. Мен уни охиратда тирилтираман. 55Менинг танам — ҳақиқий озуқа, қоним ҳақиқий ичимликдир. 56Танамни еб, қонимни ичадиган одам Менда, Мен эса унда яшайман. 57Модомики, Мени барҳаёт Ота юборган экан, Мен Ота туфайли яшайман. Менинг танамни еган ҳар бир одам эса Мен туфайли яшайди. 58Осмондан тушган нон мана шудир. Бу нон ота–боболарингиз еган маннага ўхшамайди, улар манна еб ўлиб кетганлар. Мен берган нонни еган одам эса абадий яшайди.
Абадий ҳаёт бахш этувчи сўзлар
59Исо бу сўзларни Кафарнаҳумдаги синагогада таълим бераётганда айтган эди. 60Унинг кўплаб шогирдлари бу гапларни эшитиб:
— Қанчалик қаттиқ сўзлар! Буларни ким ҳазм қила олади?! — дейишар эди. 61Шогирдлари норози бўлганларини Исо биларди, шунинг учун У шундай деди:
— Гапларим жиғингизга тегяптими? 62Агар сизлар Инсон Ўғлининг асли келган жойига — осмонга кўтарилиб кетаётганини кўрсангизлар, нима дер экансизлар–а?! 63Худонинг Руҳи ҳаёт бахш этади, инсоннинг кучи билан эса ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Сизларга айтган бу сўзларимни Менга Худонинг Руҳи берган, бу сўзларим сизларга ҳаёт ато қилади. 64Шунга қарамай, орангизда Менга ишонмаганлар бор.
Ҳолбуки, Исо кимлар ишонмаганини ва ким Унга хиёнат қилишини олдиндан билар эди.
65Исо гапида давом этди:
— Шу сабабдан Мен сизларга: “Осмондаги Отам йўл қўймаса, ҳеч ким Менинг олдимга келолмайди”, — деган эдим.
66Ўша вақтдан бошлаб кўп шогирдлар Исодан юз ўгириб, Унга эргашмайдиган бўлдилар. 67Шунда Исо ўн икки шогирдидан:
— Сизлар ҳам кетмоқчимисизлар? — деб сўради.
68Бутрус шундай жавоб берди:
— Ҳазрат, биз Сиздан бошқа кимга ҳам борар эдик?! Абадий ҳаёт бахш этувчи сўзлар Сизда–ку! 69Сиз Худонинг Азизи#6:69 Худонинг Азизи — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Масиҳ — барҳаёт Худонинг Ўғли. эканингизга ишончимиз комил.
70Исо уларга деди:
— Мен ўн иккитангизни танлаб олдим. Лекин орангиздаги биттангиз иблисдир!
71У Шимўн ўғли Яҳудо Ишқариётни назарда тутган эди. Яҳудо ўн икки шогирддан бири бўлса ҳам, кейинчалик Исога хиёнат қилди.

Zur Zeit ausgewählt:

Юҳанно 6: ЎзбМК

Markierung

Teilen

Kopieren

None

Möchtest du deine gespeicherten Markierungen auf allen deinen Geräten sehen? Erstelle ein kostenloses Konto oder melde dich an.