Ибтидо 12
12
12–БОБ
Худо Ибромни танлайди
1Шундан кейин Эгамиз Ибромга#12:1 Ибром — 11:26 изоҳига қаранг. деди: “Ўз юртингдан, қариндош–уруғларинг олдидан — отанг хонадонидан чиқиб кет. Мен сенга бир юртни кўрсатаман, ўша ерга борасан.
2Буюк халқнинг отаси қиламан сени,
Барака бераман сенга,
Улуғ қиламан сенинг номингни,
Барака манбаи бўласан сен.
3Мен барака берарман сени дуо қилганларга,
Сени лаънатлаганларни Мен лаънатлайман.
Сен орқали барака топарлар
Ер юзидаги жамики халқлар.”
4Эгамиз амр қилгандай, Ибром кетди. Лут ҳам Ибром билан бирга кетди. Ибром Хорондан#12:4 Хорон — 11:31 изоҳига қаранг. чиқиб кетганда, етмиш беш ёшда эди. 5Ибром хотини Сорайни#12:5 Сорай — 11:29 изоҳига қаранг., жияни Лутни, Хоронда хизматга олган одамларини бошлаб, тўплаган жамики мол–мулкини олиб, Канъон юртига қараб йўлга тушди. Ниҳоят, улар Канъон юртига етиб келишди. 6Ибром бу юртда кўчиб юриб, Шакам#12:6 Шакам — Қуддусдан қарийб 50 километр шимолда жойлашган шаҳар. яқинидаги Мўре номли муқаддас эман дарахти#12:6 эман дарахти — ёки теребинт дарахти, ўша ўлкаларга хос бўлган улкан дарахт. Кўпинча бундай улкан дарахтлар маълум бир жой белгиси сифатида ишлатилиб, муҳим диний маросимлар билан чамбарчас боғлиқ эди. ёнига етиб келиб тўхтади. Ўша пайтларда бу юртда Канъон халқи яшарди. 7Шу ерда Эгамиз Ибромга зоҳир бўлиб: “Мана шу юртни сенинг наслингга бераман”, деди. Шундай қилиб, Ибром зоҳир бўлган Эгамизга атаб ўша ерда қурбонгоҳ қурди. 8Шундан сўнг Ибром Байтилнинг шарқидаги қирларга йўл олди. Байтил билан Ай шаҳарларининг ўртасида#12:8 Байтил билан Ай шаҳарларининг ўртасида… — Байтил Қуддусдан қарийб 19 километр шимолда, Ай шаҳри эса Байтилдан қарийб 3 километр шарқда жойлашган. чодир тикди. Чодирдан ғарб томонда Байтил, шарқ томонда Ай шаҳарлари бор эди. Бу ерда у қурбонгоҳ қуриб, Эгамизга сажда қилди. 9Ибром у жойдан бу жойга кўчиб, жанубга — Нагав чўлига#12:9 Нагав чўли — ҳозирги Исроилнинг жанубида, Ўлик денгизнинг жануби–ғарбида жойлашган ерлар. кетди.
Ибром Мисрда
10Ўша пайтда Канъонда қаҳатчилик ҳаддан ортиқ авжига чиқди. Шунинг учун Ибром, қаҳатчилик тугагунча кутиб турай деб, Мисрга йўл олди. 11Ибром Миср чегарасига яқинлашганда, хотини Сорайга деди:
— Сен жуда ҳам гўзал аёлсан. 12Мисрликлар сени кўрганларида: “Манави аёл — унинг хотини”, деб айтишади. Мени ўлдириб, сени тирик қолдиришади. 13Сен, унинг синглисиман, деб айтгин, токи сен туфайли Мисрликлар менга яхши муносабатда бўлсинлар, жонимга раҳм қилсинлар.
14Ибром Мисрга кириб келганда, Сорайнинг гўзаллиги ҳамманинг оғзида дув–дув гап бўлди. 15Сарой аъёнлари ҳам Сорайни кўришгач, уни фиръавнга роса мақташди. Шундай қилиб, Сорайни фиръавннинг саройига олиб келишди. 16Фиръавн Сорай туфайли Ибромга ҳам кўп мурувват қилди: мол–қўй, эшаклар, қул ва чўрилар, туялар инъом қилди.
17Лекин фиръавн Сорайни ўз ҳарамига олмоқчи бўлгани учун, Эгамиз фиръавн хонадонига даҳшатли ўлат касаллигини юборди. 18Фиръавн Ибромни чақиртириб келиб, унга деди:
— Бу нима қилганинг? Нима қилиб қўйдинг мени? Нимага Сорай хотининг эканини менга айтмадинг? 19Нимага, у менинг синглим, деб айтдинг? Гапингга ишониб, уни ўзимга хотин қилиб олмоқчи бўлдим–а! Мана хотининг, ол–да, кўзимдан йўқол!
20Фиръавн ўз одамларига фармон берган эди, улар Ибромни хотини, ҳамма одамлари ва мол–мулки билан бирга юртдан чиқариб юбордилар.
Dewis Presennol:
Ибтидо 12: ЎзбМК
Uwcholeuo
Rhanna
Copi
Eisiau i'th uchafbwyntiau gael eu cadw ar draws dy holl ddyfeisiau? Cofrestra neu mewngofnoda
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020