Римликлар 6
6
6–БОБ
Масиҳ билан ўлиб, тириламиз
1Хўш, нима дейлик? Иноят кўпаяверсин деб, гуноҳ қилишда давом этаверамизми? Йўқ, асло! 2Биз гуноҳ учун ўлганмиз. Энди қандай қилиб гуноҳ қилиб яшайверамиз? 3Унутманглар, чўмдирилиш орқали биз — Масиҳга тегишли бўлганлар Унинг ўлимига шерик бўлдик! 4Биз сувга чўмдирилиб, Масиҳ билан бирга ўлдик ва кўмилдик. Отамиз Худонинг улуғвор қудрати билан Исо Масиҳ ўликдан тирилганидай, биз ҳам янги ҳаётга эга бўламиз. 5Биз чўмдирилиб, Исо Масиҳнинг ўлимига шерик бўлган бўлсак, албатта Унинг ўликдан тирилишига ҳам шерик бўламиз.
6Биз биламизки, эски ўзлигимиз Масиҳ билан бирга хочга михлангани учун, гуноҳга берилган бу вужудимиз йўқ қилинди. Энди биз гуноҳга қул эмасмиз. 7Ахир, ўлган одам гуноҳнинг амри остида эмас–ку! 8Агар биз Масиҳ билан бирга ўлган бўлсак, У билан яшашимизга ҳам ишончимиз комил.
9Биз биламизки, Масиҳ ўликдан тирилгани учун У энди бошқа ўлмайди, ўлим энди Унга ҳоким бўла олмайди. 10Масиҳ ўлгани учун гуноҳ энди Унга ўз таъсирини кўрсата олмайди, Унинг янги ҳаёти Худога шуҳрат келтиради. 11Шунинг учун сизлар ўзингизни гуноҳ олдида ўлик деб ҳисобланг. Энди Исо Масиҳ туфайли Худога шуҳрат келтириб яшашингиз керак.
12Шундай қилиб, энди гуноҳ сизларнинг фоний таналарингиз устидан ҳокимлик қилмасин, худбин истакларингизга итоат этманглар. 13Танангизнинг ҳеч бир аъзосини ёмонлик қуроли қилиб, гуноҳнинг измига топширманглар. Аксинча, ўзингизни Худонинг измига топширинглар, чунки сизлар олдин ўлик эдингизлар, энди эса янги ҳаётга эгасизлар. Сизларнинг танангиз Худонинг солиҳлик қуроли бўлсин. 14Гуноҳ сизларнинг устингиздан ҳукмрон бўлмайди, чунки сизлар энди қонун остида эмас, балки иноят паноҳидасизлар.
Солиҳликка қул бўлиш ҳақида
15Хўш, буёғи энди нима бўлади? Қонун остида эмас, иноят паноҳида бўлганимиз учун гуноҳ қилаверайликми? Йўқ, асло! 16Биласизлар–ку, сиз ўзингизни итоаткор қул қилиб кимнинг измига топширсангизлар, ўшанинг қули бўласизлар. Сизлар кимга бўйсунасизлар? Ўлимга олиб борувчи гуноҳгами ёки солиҳликка етакловчи итоаткорликками? 17Аммо Худога шукурки, сизлар олдин гуноҳга қул бўлсангиз ҳам, энди сизларга ўргатилган таълимотга сидқидилдан амал қиляпсизлар. 18Сизлар энди гуноҳнинг чангалидан озод қилиниб, солиҳликнинг қули бўлиб қолдингизлар.
19Инсон онги заиф бўлгани учун мен кундалик ҳаётдан мисол келтириб гапиряпман. Сизлар бир вақтлар аъзойи баданингизни ифлослик ва қонунсизликка топшириб, гуноҳга янада чуқурроқ ботиб кетган эдингиз. Энди эса ўзингизни муқаддасликка етаклайдиган солиҳликка қул қилиб топширинг. 20Ахир, гуноҳга қул бўлган пайтингизда, тўғри ишлар қилишга мажбур эмасдингиз. 21Ўша пайтдаги қилмишларингизнинг оқибати нима бўлди?! Ҳозир улардан уяляпсиз, ўша қилмишларингизнинг оқибати ўлим–ку! 22Энди гуноҳдан озод қилиниб, Худонинг қули бўлиб қолдингиз. Бунинг натижаси муқаддаслик ва абадий ҳаётдир. 23Гуноҳнинг эвази — ўлим, Худонинг инъоми эса Раббимиз Исо Масиҳ орқали бериладиган абадий ҳаётдир.
Currently Selected:
Римликлар 6: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020