YouVersion Logo
Search Icon

Римликлар 5

5
5–БОБ
Худо билан ярашиш
1Биз имонимиз туфайли оқланганимиз учун Раббимиз Исо Масиҳ орқали Худо билан ярашиб, тинчликка эришдик. 2Раббимиз Исо Худонинг инояти эшигини бизга очиб берди. Биз имон туфайли бу иноятга эришиб, маҳкам турамиз ҳамда Худонинг улуғворлигига шерик бўлиш умидимиз борлигидан фахрланамиз. 3Фақатгина ўша умидимиз билан эмас, балки азоб–уқубатларимиз билан ҳам фахрланамиз, чунки азоб–уқубатлар сабр–тоқат ҳосил қилишини биламиз. 4Сабр–тоқат Худога маъқул феъл–атворни, бундай феъл–атвор эса умидни ҳосил қилади. 5Умидимиз бизни уятга қолдирмайди. Чунки бизга берилган Муқаддас Руҳ орқали юракларимиз Худонинг меҳр–муҳаббати билан тўлиб–тошади.
6Ҳа, биз чорасиз бўлганимизда, белгиланган вақтда Масиҳ биз — бетавфиқлар учун ўлди. 7Солиҳ инсон учун ҳам ўлишга рози бўладиган бирорта инсонни топиш қийин. Эҳтимол, кимдир ҳимматли инсон учун ўлишга журъат қилар. 8Лекин биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда, Масиҳ биз учун ўлди. Шу йўсинда Худо бизга бўлган Ўз меҳр–муҳаббатини намоён қилди. 9Демак, биз Масиҳнинг тўкилган қони туфайли оқланган эканмиз, албатта У бизни Худонинг қаҳр–ғазабидан қутқаради. 10Биз ҳали Худонинг душманлари бўлган пайтимизда, Худо Ўз Ўғлининг ўлими орқали бизларни Ўзи билан яраштирди. Биз энди Худо билан ярашган эканмиз, албатта Ўғлининг ҳаёти туфайли нажот топамиз. 11Бундан ташқари, биз Раббимиз Исо Масиҳ туфайли Худо билан бўлган муносабатимиздан фахрланамиз. Ахир, Исо Масиҳ орқали биз Худо билан ярашганмиз–ку.
Одам Атодан — ўлим, Масиҳдан — ҳаёт
12Бир одамнинг дастидан дунёга гуноҳ кириб келди. Гуноҳдан эса ўлим келиб чиқди. Натижада инсонлар ўладиган бўлди, чунки ҳамма гуноҳкордир. 13Қонун мавжуд бўлмасдан олдин ҳам дунёда гуноҳ бор эди, лекин қонун йўқлигида гуноҳ ҳисобга олинмайди. 14Шунга қарамай, Одам Атодан Мусога қадар яшаганларнинг гуноҳлари айнан Одам Атонинг гуноҳидай бўлмаса–да, ўлим уларнинг устидан ҳокимлик қилди.
Одам Ато келадиган Зотнинг тимсоли бўлди: 15бир кишининг гуноҳи туфайли ҳамма ўладиган бўлди, шунга ўхшаб бир Одам, яъни Исо Масиҳнинг инояти орқали ҳамма Худонинг бой эҳсонидан баҳраманд бўла олади. Бироқ Худонинг эҳсонини Одам Атонинг гуноҳи билан солиштириб бўлмайди. 16Худонинг эҳсони билан Одам Атонинг гуноҳи орасидаги фарқ қуйидагидан иборат: ўша бир гуноҳнинг оқибати маҳкум қилинишга олиб борди, кўп гуноҳлардан кейин берилган эҳсон эса оқланишни келтириб чиқарди. 17Тўғри, биттагина одамнинг гуноҳи туфайли, ўша одамнинг дастидан ўлим ҳокимлик қила бошлади. Аммо Худонинг чексиз инояти билан оқланганларнинг ҳаммаси энди бир Одам, яъни Исо Масиҳ орқали абадий ҳаётда ҳокимлик қиладилар.
18Шунга кўра, бир гуноҳ ҳаммани маҳкум қилгандай, бир солиҳ иш туфайли ҳамма оқланиб, янги ҳаётдан баҳраманд бўла олади. 19Бир одамнинг итоатсизлиги туфайли кўп одамлар гуноҳкор бўлган бўлса, энди бир Кишининг итоаткорлиги туфайли ҳамма солиҳ бўла олади. 20Қонун берилгандан кейин гуноҳ кўпайиб кетди. Лекин қаерда гуноҳ кўп бўлса, Худонинг инояти янада кўпроқ намоён бўлади. 21Гуноҳ ҳокимлик қилиб, бизни ўлимга бошлар эди. Аммо биз оқландик ва Раббимиз Исо Масиҳ орқали абадий ҳаётга эгамиз. Бундан кўриниб турибдики, энди Худонинг инояти ҳукм сурмоқда.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in

YouVersion uses cookies to personalize your experience. By using our website, you accept our use of cookies as described in our Privacy Policy