Римликлар 11
11
11–БОБ
Худонинг танланган халқи
1Шундай қилиб, яна бир саволим бор. Наҳотки Худо Ўз халқини рад қилган бўлса? Йўқ, асло! Мен ўзим Исроил халқидан бўлиб, Иброҳимнинг авлодиданман, Бенямин қабиласига тегишлиман–ку! 2Худо азалдан танлаб олган халқини рад қилгани йўқ. Муқаддас битикларда Илёс ҳақида нима ёзилгани эсингизда йўқми?! У Исроил халқидан шикоят қилиб, Худога шундай деган эди: 3“Эй Эгам, Исроил халқи қурбонгоҳларингни бузди, пайғамбарларингни қиличдан ўтказди. Ёлғиз мен қолдим, холос. Энди жонимни олиш учун мени ҳам қидириб юрибдилар.”#11:3 3 Шоҳлар 19:10 га қаранг. 4Худо унга нима деб жавоб берди? “Мен Исроил халқидан Ўзим учун Баал#11:4 Баал — Канъондаги халқлар сажда қилган ҳосилдорлик худоси бўлиб, эркак қиёфасида тасаввур қилинган. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги БААЛ сўзига қаранг. олдида тиз чўкмаган етти минг одамни қолдирдим.”#11:4 3 Шоҳлар 19:18 га қаранг. 5Худди шунга ўхшаб, ҳозир ҳам Худога содиқ қолганлар бор, чунки улар Худонинг инояти бўйича танланганлар. 6Танлаш инсонларнинг ишларига эмас, Худонинг иноятига боғлиқ. Агар шундай бўлмаганда эди, иноят ҳақиқий иноят бўлмас эди#11:6 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар оятга қўшимча қилинган: Аммо улар савоб ишлари туфайли танланган бўлса, Худонинг иноятига ўрин қолмас эди ва савоб ҳам савоб бўлмас эди..
7Хуллас, бу нимани билдиради? Исроил халқи солиҳлик пайида бўлса ҳам, солиҳликка эришмади. Фақатгина танланганлар бу мақсадга эришди, қолганларнинг эса юраклари тош бўлди. 8Муқаддас битикларда ёзилгандай#11:8 …Муқаддас битикларда ёзилгандай — бу ўринда Павлус Қонунлар 29:4, Ишаё 29:10 ни назарда тутган.:
“Худо шу пайтгача уларни қаттиқ ухлатиб қўйди,
Уларга кўрадиган кўз, эшитадиган қулоқ бермади.”
9Довуд ҳам шундай деган:
“Дастурхонлари ўзларига тўру тузоқ бўлсин.
Шунда улар қоқилиб,
Жазоларини оладилар.
10Кўз нурлари сўнсин, кўрмай қолсин,
Беллари то абад букчайиб қолсин.”#11:9-10 Муаллиф бу ўринда Забур 68:23-24 нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган.
11Бундан яна бир савол келиб чиқади. Яҳудийлар қоқилганда, бутунлай ҳалок бўлдиларми? Йўқ, асло! Аксинча, улар Масиҳни рад қилганлари учун ғайрияҳудийлар нажотга эга бўлдилар, токи Исроил халқининг рашки қўзғалсин. 12Яҳудийлар Масиҳни рад этиб, бутун дунёни янада бойитдилар. Ўзлари йўқотган бойлик билан ғайрияҳудийларга фойда келтирдилар. Агар уларнинг бу гуноҳи шундай самара келтирган бўлса, уларнинг нажот топиши қанчалик фойда келтиришини бир тасаввур қилиб кўринглар–а!
Новдаларнинг пайванд қилиниш мисоли
13Энди сизларга — ғайрияҳудийларга айтяпман. Тўғри, мен сизларга Хушхабар келтириш учун юборилганман. Бу хизматимни жон–жаҳдим билан бажараман, 14балки бу хизматим билан ўз қондошларим яҳудийларнинг рашкини қўзғатарман, уларнинг баъзиларини қутқариб қоларман. 15Яҳудийларнинг рад этилиши дунёни Худо билан яраштирган бўлса, уларнинг Худо томонидан қабул қилиниши ўлимдан ҳаётга олиб бормайдими?
16Биринчи ёпилган нон Худога бағишланиб муқаддас бўлса, хамирнинг қолгани ҳам муқаддасдир. Агар томирлар муқаддас бўлса, новдалар ҳам муқаддасдир. 17Баъзи яҳудийлар дарахтнинг синдириб ташланган новдаларига ўхшайдилар. Сизлар — ғайрияҳудийлар эса табиий новдалар орасига пайванд қилинган ёввойи зайтун новдаларига ўхшайсизлар. Энди улар билан бирга бир томирдан озиқланяпсизлар. 18Шундай экан, бошқа новдаларга қараб мақтанманглар. Агар жуда кеккайиб кетсангизлар, ёдга олинглар, сизлар томирни эмас, балки томир сизларни озиқлантиряпти. 19Эҳтимол сизлар: “Биз пайванд қилинишимиз учун новдалар синдирилди”, дерсизлар. 20Тўғри, лекин эсингизда бўлсин: улар ишонмаганлари учун синдириб ташландилар, аммо сизлар имонингиз орқали пайванд қилингансиз. Шунинг учун кеккайиб кетманглар, балки Худодан қўрқинглар. 21Акс ҳолда, Худо табиий новдаларни аямагани каби, сизларни ҳам аямайди.
22Шундай қилиб, Худонинг меҳрибонлиги ва қаттиққўллиги ҳақида ўйлаб кўринг: Худонинг нажотини рад қилганларга У қаттиққўллик қилди, сизларга — пайванд қилинганларга эса У меҳрибонлик кўрсатди. Агар Худога содиқ қолсангиз, Унинг меҳрибонлигидан баҳраманд бўлаверасиз. Бўлмаса, Худо сизларни ҳам кесиб ташлайди. 23Нажотни рад қилганлар ўз имонсизликларини бас қилсалар, пайванд қилинадилар. Худо уларни қайта пайванд қилиб қўйишга қодир. 24Ахир, сизлар ёввойи зайтун дарахтидан кесиб олиниб, парваришланган зайтун дарахтига, табиатга хилоф равишда, пайванд қилиндингиз. Шундай экан, улар, табиий новдалар, ўзларининг дарахтига қанчалар осонлик билан қайта пайванд қилинадилар–а!
25Биродарларим, сизлар тағин ўзбилармон бўлиб кетманглар деб, бу сирни сизларга билдирмоқчиман: белгиланган миқдордаги ғайрияҳудийлар нажот топмагунча, Исроил халқининг баъзилари ўжар бўлиб қолаверадилар. 26Шундан кейин бутун Исроил қутқарилади. Муқаддас битикларда Худо шундай деган–ку#11:26 Муқаддас битикларда Худо шундай деган–ку… — бу ўринда Павлус Ишаё 27:9, 59:20-21 ни назарда тутган.:
“Қутқарувчи Қуддусдан#11:26 Қуддус — юнонча матнда Сион. 9:33 нинг биринчи изоҳига қаранг. келади,
Ёқуб наслидан бетавфиқликни йўқ қилади.
27Улар билан қилган аҳдим мана шудир:
Мен уларни гуноҳларидан фориғ қиламан.”
28Яҳудийлар Хушхабарни рад қилиб, Худонинг душманлари бўлиб қолдилар, бу сизларга — ғайрияҳудийларга фойда келтирди. Аммо Худо яҳудийларни танлагани учун, уларнинг ота–боболари ҳақи ҳали ҳам уларни яхши кўради. 29Чунки Худо берган инъомларини қайтариб олмайди ва Ўзи даъват қилган халқидан воз кечмайди. 30Сиз — ғайрияҳудийлар ҳам бир вақтлар итоатсиз эдингиз, аммо яҳудийларнинг итоатсизлиги натижасида Худо сизларга меҳр–шафқат кўрсатди. 31Тўғри, ҳозир яҳудийлар итоатсиз, аммо сизларга кўрсатилган меҳр–шафқат туфайли улар ҳам меҳр–шафқат топадилар. 32Ҳаммага меҳр кўрсатай деб, Худо ҳаммани итоатсизликка тутқун қилди.
33Худонинг донолигию билими нақадар бой ва чуқурдир! Унинг ҳукмларини ким тушуниб етади?! Унинг йўлларини ким синчиклаб текшира олади?! 34Ким Эгамизнинг фикр–зикрини била олади?! Ким Унга маслаҳат бера олади?!#11:34 Ким…Унга маслаҳат бера олади?! — муаллиф бу ўринда Ишаё 40:13 нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган. 35Ким Худога шундай ҳадя берганки, Худо ундан қарздор бўлса?!#11:35 Ким…ундан қарздор бўлса?! — бу ўринда Павлус Аюб 41:3 ни назарда тутган. 36Ҳеч ким! Чунки бутун борлиқ Худодан келиб чиққан, Худо орқали ва Худо учун мавжуддир! Унга то абад шон–шарафлар бўлсин! Омин.
Currently Selected:
Римликлар 11: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020