YouVersion Logo
Search Icon

Матто 6

6
6–БОБ
Хайр–садақа ҳақида
1Эҳтиёт бўлинглар, савоб ишингизни одамларга кўз–кўз қилманглар. Акс ҳолда, осмондаги Отангиздан мукофот ололмайсизлар. 2Бировга хайр–садақа берганингиз ҳақида ҳаммага жар солиб юрманглар. Иккиюзламачиларгина одамлардан таҳсин олиш учун синагогаларда ва кўча–кўйда шундай қиладилар. Сизларга чинини айтайин: улар ўз мукофотини олиб бўлганлар. 3Сиз эса хайр–садақа бераётганингизда, ўнг қўлингиз нима қилаётганини чап қўлингиз билмасин. 4Хайр–садақангизни ҳеч кимга билдирмай беринг. Яширинча қилган бу ишингизни кўрган Отангиз сизни тақдирлайди#6:4 …сизни тақдирлайди — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида …сизни аниқ тақдирлайди. Шу бобнинг 6, 18–оятларида ҳам бор..
Ибодат ҳақида
5Ибодат қилганингизда, иккиюзламачиларга ўхшаманглар. Улар ўзларини ҳаммага кўрсатиш учун синагогаларда ва кўчаларнинг бурчакларида туриб ибодат қилишни яхши кўрадилар. Сизларга чинини айтай: улар ўзларининг мукофотларини олиб бўлганлар. 6Сиз эса ибодат қилаётганингизда ичкари хонага кириб, эшикни беркитиб олинг ва яширин бўлган Отангизга ибодат қилинг. Яширин қилган ишларингизни кўрган Отангиз сизни тақдирлайди. 7Ибодат қилаётганингизда, бутпарастлар каби, беҳуда сўзларни ҳадеб такрорлайверманг. Улар, кўп сўзласам, ибодатим ижобат бўлади, деб ўйлайдилар. 8Уларга ўхшаманглар, чунки осмондаги Отангиз сўрамасингиздан олдин нимага муҳтожлигингизни билади.
9Сизлар эса шундай ибодат қилинглар:
«Бизнинг осмондаги Отамиз!
Сенинг муқаддас номинг улуғлансин.
10Сенинг Шоҳлигинг келсин.
Осмонда бўлгани каби,
Ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин.
11Бугунги ризқимизни бергин.
12Бизга қарши гуноҳ қилганларни биз кечиргандек,
Сен ҳам бизнинг гуноҳларимизни кечиргин.
13Бизни васвасага дучор қилмагин,
Ёвуз шайтондан халос қилгин#6:13 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар оятга қўшимча қилинган: Салтанат, куч–қудрат ва шон–шуҳрат то абад Сеникидир. Омин.
14Агар сизларга ёмонлик қилганларни кечирсангизлар, осмондаги Отангиз ҳам сизни кечиради. 15Борди–ю, сизлар бошқаларнинг гуноҳларини кечирмасангизлар, Отангиз ҳам сизни кечирмайди.
Рўза ҳақида
16Рўза тутаётганингизда, иккиюзламачилар каби, қовоқ солиб юрманглар. Улар рўза тутаётганларини бошқаларга кўрсатиш учун ювиниб–таранмайдилар. Сизларга чинини айтайин: улар ўз мукофотларини олиб бўлганлар. 17Сизлар рўза тутганларингизда юзларингизни ювиб, сочларингизни тараб юринг, 18токи рўза тутганингизни яширин бўлган Отангиздан бошқа ҳеч ким билмасин. Шунда яширин қилган ишингизни кўрган Отангиз сизни тақдирлайди.
Самовий хазина ҳақида
19Бу дунёда ўзларингиз учун бойлик ғамламанглар. Ахир, бундай бойликни куя ейди#6:19 …бундай бойликни куя ейди… — қадимги пайтларда қимматбаҳо кийимлар ва гиламлар хазина ҳисобланар эди., занг босади, ўғри тушиб ўғирлайди. 20Аксинча, ўзларингиз учун самода хазина йиғинглар. Бундай бойликни куя емайди, занг босмайди, ўғри ҳам ўғирлай олмайди. 21Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади.
22Тананинг чироғи — кўз. Агар кўзингиз яхши бўлса, бутун танангиз ёп–ёруғ бўлади. 23Аммо кўзингиз ёмон бўлса, бутун танангиз зулматга тўлади. Агарда ичингиздаги нур зулмат бўлса, зимзиё зулматда қолган экансиз.
24Ҳеч ким икки хўжайинга хизмат қилолмайди. У ё бирини ёмон кўриб, бошқасини яхши кўради, ёки бирига бағишланиб, бошқасини менсимайди. Сизлар ҳам Худога, ҳам бойликка бирдек хизмат қила олмайсизлар.
Тирикчилик ташвишлари ҳақида
25Шунинг учун сизларга айтаман: тирикчилигингиздан хавотир олиб, нима еймиз, нима ичамиз, устимизга нима киямиз, деманглар. Ахир, ҳаёт овқатдан, тана эса кийимдан муҳимроқ эмасми?! 26Қушларга қаранглар: улар на экади, на ўради, на омборга дон йиғади. Шунга қарамай, осмондаги Отангиз уларнинг ризқини беради. Сизлар эса улардан анча қадрлисизлар–ку! 27Биронтангиз ташвишланиб, умрингизни бир лаҳзага#6:27 лаҳза — юнонча матнда тирсак. Одатда бу узунликни ўлчаш бирлиги, аммо баъзан қисқа вақтни ҳам билдиради. Баъзи олимларнинг фикри бўйича, Исо одамнинг ўз бўйини ўстира олмаслигига ишора қиляпти, аммо бу ўринда Исо Масиҳ одамнинг ўз умрини ҳатто қисқа вақтга ҳам узайтира олмаслигига ишора қилаётганининг эҳтимоли кўпроқ. бўлса ҳам узайтира олармидингиз?! 28Нега кийим учун ташвишланасизлар? Нилуфар гулларнинг қандай ўсишига эътибор қилинг: улар меҳнат қилмайди, ип йигирмайди. 29Аммо сизларга айтаманки, ҳатто шоҳ Сулаймон#6:29 шоҳ Сулаймон — 3 Шоҳлар 10:23-27 га қаранг. ўзининг шуҳрат чўққисида ҳам ўша гулларнинг биронтасидай кийинмаган. 30Бугун бор, эртага эса ўчоққа ташланадиган дала ўтини Худо шундай безаган бўлса, наҳотки сизларни кийинтирмаса, эй имони сустлар?!
31Шундай экан, нима еймиз, нима ичамиз, нима киямиз, деб ташвишланиб юрманглар. 32Бутпарастлар ҳадеб бу нарсаларнинг ташвишида юрадилар. Лекин осмондаги Отангиз буларнинг ҳаммасига муҳтож эканингизни билади–ку! 33Сизлар аввало Худонинг Шоҳлиги#6:33 Худонинг Шоҳлиги — 3:2 изоҳига қаранг. ва Унинг иродасини бажариш пайида бўлинглар#6:33 …Унинг иродасини бажариш пайида бўлинглар — юнонча матндан сўзма–сўз таржимаси …Унинг солиҳлиги пайида бўлинглар., шунда қолган ҳамма нарса сизга берилади. 34Хуллас, эртанги кун учун ташвиш тортманглар. Эртанинг ташвиши эртанинг ўзига тегишлидир. Ҳар бир куннинг ғам–ташвиши ўзига етади.

Currently Selected:

Матто 6: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in